
Россия Фанлар академияси олимлари Об дарёсини Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига буриш имкониятини ўрганишни режалаштирмоқда. Совет Иттифоқида ҳам 1980-йилларда шунга ўхшаш лойиҳа ишлаб чиқилган эди.
Россия Фанлар академияси Сув муаммолари институти илмий директори Виктор Данилов-Даниляннинг сўзларига кўра, бу масала октябрь ойидаги илмий кенгаш йиғилишида кўриб чиқилган. Қабул қилинган резолюцияда Россиянинг сув ресурсларини стратегик режалаштириш масалалари ўрганилиши белгиланган.
Олимнинг таъкидлашича, мазкур ташаббусни зудлик билан амалга ошириш зарурати йўқ. Аввало, Россиянинг ўз ҳудудларини сув билан таъминлаш устувор вазифа.
Фанлар академияси академиги Роберт Нигматулин Марказий Осиёда сув танқислиги ортиб бораётганини, бу эса қурғоқчилик ва ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келаётганини айтди. У Сибир дарёларидаги йиллик оқимнинг тахминан 20-70 куб километр ҳажмидан фойдаланишни таклиф қилди, бу эса умумий ҳажмнинг атиги кичик қисмидир (йиллик оқим 3000 куб километрга тенг).
Нигматулиннинг фикрича, бу ташаббус Марказий Осиёдаги сув танқислиги муаммосини ҳал қилиш ва Арктикадаги иссиқлик босимини камайтиришга ёрдам беради. Олимлар Об дарёсидан сувни Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги Оролбўйи ҳудудига йўналтириш, шунингдек, Печора ва Шимолий Двина дарёларидан Волга ва Приазовье ҳудудларига сув етказиш ғоясини истиқболли деб баҳолашди.
Сувни очиқ каналлар орқали эмас, балки полимер қувурлар ёрдамида ташиш таклиф этилмоқда. Ушбу қувурлар орқали минтақага йилига тахминан 5,5 миллиард куб метр сув етказиш режалаштирилган.
Зарурат туғилганда қувурлар ўтказувчанлигини ошириш имконияти ҳам мавжуд. Эслатиб ўтамиз, Совет Иттифоқида Сибир дарёларини Орол томон буриш режалари мавжуд эди.
Аммо бу лойиҳа атроф-муҳитга ва дарёлар бўйида яшовчи маҳаллий халқларнинг ҳаётига салбий таъсири туфайли тўхтатилган эди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.