date

Путин Запорожие ва шимолий фронт бўйича янги топшириқ бергани маълум бўлди

Путин Запорожие ва шимолий фронт бўйича янги топшириқ бергани маълум бўлди

Россия президенти Владимир Путин ҳарбийлар билан ўтказилган навбатдаги учрашувда Украинадаги жанговар ҳаракатлар билан боғлиқ қатор стратегик топшириқларни белгилаб берди. Унинг таъкидлашича, яқин истиқболда Запорожие шаҳрини эгаллаш мақсадида ҳужумкор амалиётлар тўхтамаслиги лозим.

Путин «Днепр» гуруҳи қўмондони Михаил Теплинскийнинг ҳисоботини тинглар экан, «Восток» гуруҳи билан ҳамкорликда Запорожие йўналишида босимни ошириш кераклигини очиқ айтди. Унинг сўзларига кўра, мазкур йўналиш Россия учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, «озод қилиш» амалиёти режага мувофиқ давом эттирилиши шарт.

Шу билан бирга, Россия раҳбари Украина билан чегарадош ҳудудларда ҳам узоқ муддатли вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, Суми вилояти ва Харков вилояти ҳудудларида «хавфсизлик зонаси» ёки «буфер ҳудуд» яратиш бўйича ишлар 2026 йилга қадар давом эттирилиши керак. Путин бундай топшириқларни аввал ҳам — ноябр ва май ойларида — бир неча бор такрорлагани қайд этилди.

Бу баёнотлар халқаро сиёсий майдонда ҳам резонанс уйғотди. 28 декабр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Украина раҳбари Владимир Зеленский билан учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Путиннинг позицияси ҳақида фикр билдирди. Трампнинг айтишича, Россия президенти урушни тўхтатиш нияти борлигини «ишонч билан» айтган.

«У жуда ишончли гапирди, мен унга ишонаман», — деди АҚШ раҳбари. Шу билан бирга, Трамп Россия томони келажакда жанговар ҳаракатлар қайта авж олишидан хавотир олаётгани учун дарҳол ўт очишни тўхтатишга рози эмаслигини «тушуниш мумкин» деб баҳолади. У, шунингдек, Москва Украинани қайта тиклашда ёрдам беришга ва арзон электр энергияси етказиб беришга тайёр эканини ҳам тилга олди.

Reuters агентлиги маълумотларига кўра, Путин Россия қўшинлари Запорожие вилоятини тўлиқ назоратга олиш кампаниясини тўхтатмасликни қатъий талаб қилган. Айни пайтда Россия ҳарбийлари Запорожие шаҳридан тахминан 15 километр масофада жойлашгани айтилмоқда. Урушгача мазкур шаҳарда қарийб 700 минг нафар аҳоли яшаган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Москва 2022 йилда Запорожие вилоятини Россия таркибига қўшилган деб эълон қилган. Бироқ бу қарорни Украина ҳамда дунёнинг аксарият давлатлари тан олмаган. Шу сабаб мазкур ҳудуд атрофидаги ҳарбий ва сиёсий кескинлик ҳали узоқ вақт кун тартибидан тушмаслиги мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Путин Запорожие ва шимолий фронт бўйича янги топшириқ бергани маълум бўлди