date

Саудияда эркак ўзини Масжидул Ҳарамдан ташлади

Саудияда эркак ўзини Масжидул Ҳарамдан ташлади

Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги Макка шаҳрида жойлашган Масжидул Ҳарамнинг юқори қаватидан бир эркак ўзини пастга ташлагани ҳақида расмий маълумот берди. Бу ҳақда Khaleej Times хабар берди.

Масжидул Ҳарам хавфсизлигини таъминловчи махсус кучлар билдиришича, ушбу шахс ўз жонига қасд қилиш ниятида бинонинг юқори қисмида турган ҳолда сакраган. Воқеа вақтида яқинда бўлган хавфсизлик ходими унинг қаттиқ зарба билан ерга тушишининг олдини олишга ҳаракат қилган, натижада ўзи ҳам жароҳат олган. Ҳозирда ҳар иккиси ҳам шифохонага жойлаштирилган бўлиб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳолат юзасидан барча тегишли ҳуқуқий ва расмий текширув ишлари якунлангани маълум қилинди.

Мазкур воқеага муносабат билдирган Масжидул Ҳарам бош имоми Абдур Раҳмон ас Судайс зиёратчиларни муқаддас даргоҳ қоидаларига қатъий амал қилишга, белгиланган тартиб-интизомни сақлашга чақирди. Унинг таъкидлашича, муқаддас масканда бўлган ҳар бир киши исломий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиб, ўзини фақат ибодат ва тоатга бағишлаши лозим.

Бош имом, шунингдек, Ислом шариатининг асосий мақсадларидан бири инсон ҳаётини муҳофаза қилиш эканини эслатди. У ўз баёнотида Аллоҳ таолонинг “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг” мазмунидаги оятини келтириб, ҳаёт энг улуғ неъмат эканини яна бир бор таъкидлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Саудияда эркак ўзини Масжидул Ҳарамдан ташлади