
29 декабрга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари Россия президенти Владимир Путиннинг Новгород вилоятида жойлашган қароргоҳига оммавий дрон ҳужуми уюштиришга уринган. Россия томонининг даъво қилишича, жами 91 та учувчисиз аппарат ҳаво ҳужумига жалб этилган ва уларнинг барчаси ҳаво мудофааси тизимлари томонидан йўқ қилинган.
Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Киев томонининг бундай ҳаракатлари «ақлсизлик» бўлиб, улар жавобсиз қолдирилмайди. Лавровнинг сўзларига кўра, жавоб зарбалари учун нишонлар ва амалга ошириш вақти олдиндан белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, Россия ташқи ишлар вазири Москва Украина масаласида АҚШ билан олиб борилаётган музокаралардан чиқиш ниятида эмаслигини, аммо ушбу воқеалар фонида Россиянинг музокаралардаги позицияси қайта кўриб чиқилишини билдирди. У Киевни «давлат терроризми сиёсатига ўтган режим» сифатида таърифлаб, мазкур ҳужум айнан Россия–АҚШ ўртасидаги фаол мулоқот пайтида содир этилганига эътибор қаратди.
Украина президенти Володимир Зеленский эса Россия томони билдирган «Путин қароргоҳига ҳужум» ҳақидаги маълумотларни кескин рад этди. У Лавров баёнотини навбатдаги ёлғон деб атаб, Москва бундай иддаолар орқали янги зарбалар учун баҳона яратишга уринаётганини таъкидлади.
Зеленскийнинг фикрича, Россия ушбу даъволар орқали Киевдаги давлат идоралари биноларига эҳтимолий ҳужумларни оқлашга ҳаракат қилмоқда. У сентябр ойида Украина Вазирлар Маҳкамаси биноси ракета зарбасига учраган ҳолатни эслаб, сценарий яна такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Шу тариқа, дрон ҳужуми атрофидаги қарама-қарши баёнотлар Россия ва Украина ўртасидаги ахборот ҳамда сиёсий қарама-қаршилик янада кескинлашаётганини кўрсатмоқда. Воқеалар ривожи эса яқин кунларда ҳарбий ва дипломатик майдонда янги кескин қадамларга сабаб бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.