
Сўнгги икки йил ичида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) молиявий майдонда кескин бурилиш ясади. 2025 йил охирида эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, аъзо давлатлар ўзаро савдо ҳисоб-китобларида учинчи давлатлар валюталарини амалда четга сурди: 2024–2025 йилларда тўловларнинг 96 фоизи бевосита миллий пул бирликларида амалга оширилган. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.
Жараён якунига етганини МДҲ бош котиби Сергей Лебедев маълум қилди. Унинг таъкидлашича, глобал захира валюталаридан воз кечиб, суверен тўлов воситаларига ўтиш барқарор трендга айланган. Шунга яқин кўрсаткич Евроосиё иқтисодий иттифоқида ҳам кузатилмоқда — у ерда миллий валютадаги ҳисоб-китоблар улуши 93 фоизга етган. Лебедев буни минтақада иқтисодиётда дедолларлаштириш ортга қайтмас жараён эканига далил сифатида баҳолади.
Тўғридан-тўғри ҳисоб-китобларга ўтишдаги асосий туртки иқтисодий хавфсизлик масалалари бўлди. Ҳамдўстлик ижроия қўмитаси қайд этишича, ҳозирги геосиёсий шароитда анъанавий жаҳон валюталаридан фойдаланиш ҳаддан ташқари хатарли: транзакциялар блокланиши ёки активлар музлатилиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда. Миллий валюталарга ўтиш эса капитал ҳаракатини узлуксиз таъминлайдиган нисбатан мустақил тизимни шакллантирди.
Молиявий суверенлашув реал сектор фаоллашуви фонида кечмоқда. Статистик идораларнинг ҳисоб-китобига кўра, сўнгги тўрт йилда МДҲ ичидаги товар айирбошлаш ҳажми 18 фоизга ўсган. 2024 йил якунларига келиб, Ҳамдўстлик мамлакатларининг жами ялпи ички маҳсулоти ҳам 4,5 фоизга кўтарилган.
Ҳозирги натижаларнинг пойдевори эса анча олдин қўйилган. Бош котиб Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартнома муҳим роль ўйнаганини эслатди: тахминан 15 йил аввал имзоланган ҳужжат аксарият товар гуруҳлари бўйича божхона божлари бекор қилинишига йўл очган. Тариф ва нотариф тўсиқлар камайгани сабаб бизнес учун миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш конвертация ва трансчегаравий ўтказмалар харажатини қисқартирadigan мантиқий қадамга айланган.
Эслатиб ўтамиз, МДҲ давлатлари ўртасида Тўлов иттифоқини яратиш бўйича илк келишув 1994 йил октябрида имзоланган. Бироқ доллардаги кросс-курсни четлаб ўтиб, миллий валюталарда оммавий ҳисоб-китоб қиладиган инфратузилма тўлиқ ишлай бошлаши ва устунликка эришиши 30 йил ўтиб — 2024 йилга келиб рўй берди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.