
Чилида ўтказилган президентлик сайловларининг иккинчи тури мамлакат сиёсий ҳаётида янги босқични бошлаб берди. Унда Ўнг Республикачилар партияси вакили, консерватив қарашлари билан танилган Хосе Антонио Каст ишончли ғалабани қўлга киритди. Deutsche Welle тарқатган маълумотларга кўра, Каст сайловчиларнинг 58,61 фоиз овозини тўплашга муваффақ бўлди.
59 ёшли сиёсатчининг асосий рақиби Коммунистик партия аъзоси, марказ-чап альянс номзоди Жанетт Хара эди. У сайлов натижаларига кўра 41,39 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллади. Шу тариқа, Чили жамиятидаги сиёсий қарашлар қарама-қаршилиги сайлов натижаларида яққол намоён бўлди.
Хосе Антонио Каст жамоатчиликка ўта ўнг позициядаги сиёсатчи сифатида яхши таниш. Сайловолди кампанияси давомида у жиноятчиликка қарши қаттиққўл сиёсат юритиш, хавфсизлик чораларини кучайтириш ва ноқонуний миграцияга қарши қатъий курашишни асосий устувор вазифалар сифатида илгари сурди. Бу чақириқлар мамлакатда хавфсизлик масаласига алоҳида эътибор қаратган сайловчилар орасида кенг қўллаб-қувватланди.
Теледебатлар чоғида Кастнинг айрим баёнотлари катта баҳсларга сабаб бўлди. Хусусан, у 1973–1990 йилларда Чилини бошқарган диктатор Аугусто Пиночет даврини муайян жиҳатларда қўллаб-қувватлагани билан эътибор марказида бўлди. Бу позиция унинг тарафдорлари томонидан қатъият рамзи сифатида қабул қилинган бўлса, танқидчилар томонидан кескин рад этилди.
Маълумот учун, Хосе Антонио Каст ҳуқуқшунос ва тажрибали сиёсатчи ҳисобланади. У 2019 йилда Республикачилар партиясини ҳамда “Республикачилар ғоялари” номли таҳлилий марказни ташкил этган. 2002–2018 йиллар давомида парламент депутати сифатида фаолият юритиб, мамлакат қонунчилик жараёнларида иштирок этган.
Сиёсатчининг оила тарихи ҳам жамоатчилик эътиборини тортмоқда. Унинг отаси Михаэл Каст 1924–2014 йилларда яшаган бўлиб, Германия армиясида лейтенант бўлиб хизмат қилган ва Нацистлар партияси аъзоси бўлган. Денатсификация жараёнларидан сўнг, 1950 йил декабр ойида Чилига кўчиб ўтиб, Сантьяго минтақасида умр кечирган.
Янги президент сайловда қўлга киритилган натижалар Чилида консерватив сиёсатга бўлган талаб ортганини кўрсатмоқда. Энди мамлакат аҳли Каст ва унинг жамоасидан сайловолди ваъдаларини амалда қандай бажаришини кутади. Бу эса Чили учун сиёсий, ижтимоий ва хавфсизлик соҳаларида ҳал қилувчи давр бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.