date

АҚШда ўзбекистонлик талабани ўлдирган шахс ҳали ҳам қидирилмоқда

АҚШда ўзбекистонлик талабани ўлдирган шахс ҳали ҳам қидирилмоқда

АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Браун университетида содир бўлган қонли отишма юзасидан тергов ишларини давом эттирмоқда. Reuters ахборотига кўра, мазкур ҳодисада ҳалок бўлган икки талаба — Ўзбекистон фуқароси Муҳаммадазиз Умурзаков ва америкалик Элла Кукнинг ўлимида гумон қилинган шахс ҳали ҳам аниқланмаган.

Матбуот анжуманида расмийлар ҳужумчининг шахсини белгилаш ҳозирча имкони бўлмаётганини маълум қилди. Терговни жадаллаштириш мақсадида полиция кузатув камералари орқали олинган видеоёзувларни жамоатчиликка тақдим этган. Род-Айленд штати бош прокурори Питер Неронхининг таъкидлашича, видеода акс этган шахс айнан отишмани амалга оширган деб ҳисобланмоқда, бироқ унинг ҳаракат сабаблари ҳозиргача номаълумлигича қолмоқда.

Reuters маълумотларига кўра, ҳужумчининг ҳали қўлга олинмагани аҳоли орасида жиддий хавотир уйғотмоқда. Фожеа оқибатида икки талаба ҳаётдан кўз юмган, яна саккиз киши турли даражада жароҳат олган. Жабрланганларнинг етти нафари шифохонада даволанмоқда, улардан бирининг аҳволи оғир экани қайд этилган.

Браун университети раҳбарияти ҳодисадан сўнг хавфсизлик чораларини кучайтирганини маълум қилди. Кампус биноларига кириш вақтинча чекланган, қўшимча қўриқлаш постлари ўрнатилган ва талабалар ҳамда ходимлар хавфсизлиги устувор вазифа сифатида белгиланган.

Маълумотларга кўра, отишма 14 декабрь куни университетнинг муҳандислик кампусида содир бўлган. Полиция хабарида айтилишича, ҳужумчи имтиҳонлар бўлаётган пайтда эшиклари очиқ қолган бинога тўсиқсиз кирган ва 9 мм калибрли тўппончадан аудитория ичида ўт очган. Шундан сўнг у воқеа жойидан яширинган.

Ҳозирда тергов органлари жиноятчини аниқлаш ва ушлаш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Университет жамоаси эса ҳалок бўлган талабалар хотирасига ҳамдардлик билдириб, адолат тез орада қарор топишига умид билдирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » АҚШда ўзбекистонлик талабани ўлдирган шахс ҳали ҳам қидирилмоқда