22:33 / 19.07.2020
2 651

Озарбойжон ва Арманистон можароси: «Музлатилган муаммо» нега эрий бошлади?

Озарбойжон ва Арманистон можароси: «Музлатилган муаммо» нега эрий бошлади?
Фото: Reuters
Озарбойжон-Арманистон чегарасида кескинлик кучайиб бормоқда. 12 июль куни пешин вақти Арманистон Озарбойжоннинг Товуз туманига оғир қуроллар билан ҳужум қилди ва Озарбойжон қуролли кучларининг жавоб қайтариши билан ортга чекинишга мажбур бўлди. Тўқнашувлар оқибатида икки томон ҳам жиддий йўқотишларга учрагани, хусусан, Озарбойжоннинг 7 аскари, Арманистоннинг эса ўнлаб аскарлари ҳалок бўлгани айтилмоқда. Аммо шунга қарамай, икки томон ҳам ўз тажовузкор позициясини давом эттирмоқда. Айтиш мумкинки, мазкур вазият минтақавий уруш сценарийларининг яна бир бор «кадрга кўчиши»га олиб келди.

Воқеага ким қандай муносабат билдирмоқда?
Арманистоннинг тажовузига нисбатан Туркия жиддий реакция берди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Арманистоннинг ҳужумларини қоралади ва уни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга, босиб олинган ҳудудларни тарк этишга чақирди.

ОАВда Туркия Озарбойжон армиясига ёрдам учун туркиялик ҳарбийлар ва Сурия шимолидаги Сурия озодлик армияси гуруҳи жангариларидан таркиб топган бўлинмаларни юборишга тайёрлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Россия эса томонларни сулҳ шартларига риоя қилишга ундади ва агар керак бўлса, томонлар ўртасида воситачилик қилиши мумкинлигини маълум қилди. АҚШ, Англия ва Ғарбнинг бошқа давлатлари томонларни мўътадил бўлишга чақирди.

Покистон Арманистоннинг ҳужумларини кескин қоралади ва Озарбойжонни қўллаб-қувватлашини билдирди. Украина ва Молдова икки томонни муросага чақириш баробарида Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишни ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Арманистон томонидан ҳужум ҳаракатлари тўхтатилишини назарда тутувчи 822, 853, 874 ва 884-сонли резолюцияларга амал қилишни сўради. Масалани халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларига ва айниқса, ҳудудий яхлитлик тамойилига мувофиқ ҳолда ҳал этиш лозимлиги билдирилди. Ҳатто Украинанинг Еревандаги элчиси Арманистон Ташқи ишлар вазирлигига ташриф буюриб, юзага келган ҳолат жиддий ташвиш уйғотаётганини ифода этди.

Эрон ҳам йўқотишлардан афсусда эканлигини билдирди ва томонларни сулҳга чақирди. Озарбойжон ва Эрон ташқи ишлар вазирларининг телефон орқали бўлиб ўтган суҳбатида Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш билдирилди.

БМТ, Европа Иттифоқи (ЕИ), Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), НАТО, шунингдек, Арманистон аъзо бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) сулҳ бузилиши ва қизғин можароларнинг бошланишидан безовта бўлганликларини маълум қилдилар. Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ҳужумларида Арманистонни айблаб, Озарбойжонни қўллаб-қувватлади.

Зиддиятнинг тарихий илдизлари

Озарбойжон-Арманистон уруши

1905 йилда Бокуда кўча урушлари бўлиб ўтди, шаҳар озарлар ва арманлардан иборат икки гуруҳга бўлинди. Аммо вақт ўтиши билан арманлар Бокуни ташлаб чиқишди ва ҳозирги Арманистон чегараларига чекинишди.

Озарбойжон-Арманистон уруши 1917 йилда Октябрь инқилобидан кейин бошланган. Аксарият ҳужумлар тизимли армия билан амалга оширилмаган. Кейинчалик Озарбойжон демократик Республикаси тузилган.

Қорабоғ уруши
Мазкур уруш 1988 йил февралдан - 1994 йил майга қадар давом этган. Уруш Озарбойжон Совет Тоғли Қорабоғ Автоном Республикасини Арман Совет Социалистик Республикасига боғламоқчи бўлган арманлар ва буни қабул қилмаган Озарбойжон турклари ўртасида бўлиб ўтган.

1994 йил 12 майида якунланган Қорабоғ уруши арафасида Тоғли Қорабоғ минтақасидаги ва унинг атрофидаги баъзи аҳоли пунктлари арман кучлари томонидан босиб олинган. Тоғли Қорабоғ Республикаси (ҳозирги Арцах Республикаси) гарчи ўз мустақиллигини эълон қилган бўлса-да, БМТга аъзо бирор-бир давлат уни тан олмайди. Фақат Жанубий Осетия уруши натижасида бир томонлама мустақиллигини эълон қилган Абхазия ҳамда Жанубий Осетиягина Тоғли Қорабоғ республикасини тан олишган, кейинчалик уларнинг сафига Молдовадаги Днестрян ҳам қўшилди.

Таъкидлаш жоизки, Тоғли Қорабоғдаги етти туман ва унинг атрофидаги жойлар икки давлат ўтрасидаги келишмовчиликларнинг бош сабабидир. Йиллар давомида ОSСЕ (Organization for Security and Co-operation) орқали олиб борилган музокаралардан ҳеч қандай натижа бўлмади. Шу боис, иккала мамлакат ҳукуматлари ечим учун етарлига куч сарфламасликда ва бу масаладан ҳокимиятда қолиш воситаси сифатида фойдаланишда айблаб келинади.

2008 йилда БМТ Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини тасдиқловчи қарор қабул қилди ва арман кучларидан босиб олинган ерларни зудлик билан тарк этишларини талаб қилди. 100та давлат қатнашмаган овоз бериш жараёнида 39 овозга қарши 7 овоз (АҚШ, Ангола, Арманистон, Франция, Ҳиндистон, Россия ва Вануату) билан қарор қабул қилинган. Аммо Арманистон ушбу қарорга бўйсунмаяпти ва Тоғли Қорабоғда ва унинг атрофидаги ерларда ҳарбий кучларни ушлаб туришда давом этмоқда.

2012 йилдаги Озарбойжон-Арманистон чегарасидаги тўқнашувлар
Ўшанда арман аскарлари Юқори Қорабоғда навбатчилик қилаётган озарбайжонлик аскарларга тазйиқ ўтказгандилар. Иккинчи томон эса ушбу ҳолатни чегарани бузиш, деб баҳолади ва бунга жавобан ўт очди. Вақт ўтиши билан зиддиятлар кучайиб борди. Қўшимча кучлар етиб келгач, тўқнашув олови янада алангаланиб кетди. Озарбойжон Мудофаа вазирлиги томонидан берилган баёнотда арман аскарлари Гўйгўл, Гедебей, Горанбой, Агдам, Фузули, Казак, Товуз ва Жебраил ҳудудларида сулҳни бузганликлари айтилди.

2014 йилдаги Озарбайжон-Арманистон чегарасидаги тўқнашувлар
2014 йил 31 июлдан 2014 йил 2 августгача арман аскарлари Озарбойжон чегарасига дахл қилиб, ўртадаги сулҳни бузишган. Озарбойжон аскарлари эса жавоб қайтарган.

2016 йилдаги Озарбойжон-Арманистон тўқнашуви
Озарбойжон ва Арманистон қуролли кучлари билан Тоғли Қорабоғ мудофаа армияси ўртасида 2 апрель куни тўқнашувлар содир бўлиб, тўрт кун давом этган. Бу Қорабоғ уруши тугаган 1994 йилдан кейин қайд этилган энг шиддатли тўқнашувдир. 5 апрель куни сулҳ бўйича қарор қабул қилингач, тўқнашувлар якунланган.

Ўшанда 1 апрелдан 2 апрелга ўтар кечаси Озарбойжон-Арманистон чегарасида кучли тўқнашувлар содир бўлган. Хабарларга кўра, Озарбойжон армияси Горанбой ва Нафталан шаҳарларига хавф туғдириши иддао қилинган Талис қишлоғи атрофидаги тепалик ва Сейсулани арман кучларидан тозалаган. Фузулий туманидаги Ҳорадиз шаҳри яқинидаги Леле тепалиги ҳам Озарбойжон армияси назорати остига ўтган. Олинган ҳудудларда мудофаа чизиғи қурилгани ва позициялар мустаҳкамлангани эълон қилинди. Арманистон эса Озарбойжоннинг айрим ҳудудларни босиб олгани ҳақидаги айбловларни рад этди.

Озарбойжоннинг даъвосига кўра, Арманистон кучлари тинч аҳоли пунктларига ҳужум қилган ва натижада бир озарбойжонлик вафот этган. Озарбойжон армиясининг жавоби билан 3 арман аскари ҳалок бўлган. Танглик ва можаролар кучайган. Озарбойжон армияси «тинч аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш учун» Агдере, Тертер, Агдам, Хожавенд ва Фузулий туманларида операциялар бошлаган.

Озарбойжон Мудофаа вазирлиги тўқнашувларда Арман армиясига тегишли 6 танк ва 15 қурол йўқ қилинганини, ҳалок бўлган ёки яраланган арман аскарлари сони 100дан ошганини билдирди. Бундан ташқари, Арман кучлари томонидан битта Ми-24 вертолёти уриб туширилган ва битта танк портловчи мина туфайли яроқсиз ҳолга келган.

3 апрель куни Озарбойжон Мудофаа вазирлиги бир томонлама сулҳ эълон қилди. Арман томони Озарбойжон кучлари ҳужумларини давом эттирганини билдирди. Озарбойжон Мудофаа вазирлиги агар арманлар ўт очишни давом эттирсалар, улар ҳам жавоб қайтаришини маълум қилди. Арманистон ҳарбий амалдорлари Талис қишлоғи ва унинг атрофлари қайтариб олинганини таъкидлашди, Озарбойжон эса бу даъвони рад этди.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Арманистон тинчликни хоҳламаслигини таъкидлаб, ушбу давлатни провокацияда айблади ва у «биз катта ғалабага эришдик», деб эълон қилди.

4 апрель куни тўқнашувлар эрталабдан кучайди. Озарбойжон кучлари Град типидаги ракеталар билан ҳужум қилди. Бундан ташқари, арман кучларига тегишли қўмондонлик маркази портлатилди ва кўплаб ҳарбийлар, хусусан, икки юқори мартабали офицер ҳалок бўлгани маълум қилинди. Шу куни озарбойжонликларнинг учувчисиз самолёти арман кўнгиллиларини олиб кетаётган автобусни ўққа тутиши натижасида беш арман ҳалок бўлди.

Арманистон президенти Серж Саркисян агар зиддиятлар кучайиб борса, Арманистон Тоғли Қорабоғ Республикасини тан олишини таъкидлади. Бундан ташқари, Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Арцрун Ованисян тун бўйи давом этган можаро пайтида баъзи ҳудудларни эгаллаб олганликларини айтди. Озарбойжон Мудофаа вазирлиги арман кучлари тинч аҳолига қарши ҳужумларни давом эттирса, Қорабоғ арманлари томонидан пойтахт деб эълон қилган Ханкенди шаҳрига (Степанакерт) ҳужум қилиниши мумкинлиги ҳақида баёнот берди.

5 апрелга ўтар кечаси Матагис атрофида шиддатли тўқнашувлар юз берди. Озарбойжон Мудофаа вазирлиги тўқнашувларда Арманистон кучларига тегишли беш танк ва ўқ-дорилар билан тўлдирилган бешта транспорт воситаси тўлиқ таркиби билан йўқ қилинганини ва 70га яқин арман аскари ҳалок бўлганини маълум қилди. Тўқнашувлар, асосан, Агдере минтақасидаги Матагис минтақасида рўй бергани айтилади.

5 апрель куни Вена шаҳрида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди, томонлар ўзаро келишиб олдилар. Озарбойжон Мудофаа вазирлиги иккала томон ҳам ҳарбий ҳаракатларини тўхтатганини маълум қилди. Тоғли Қорабоғ ҳарбий амалдорлари ҳам ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиш ҳақида буйруқ олганликларини айтишди.

«Музлатилган муаммо» яна эрий бошладими?

Озарбойжон-Армонистон чегарасидаги можароларнинг сабаблари ҳақида турли қарашлар мавжуд. Аслида, ушбу можаро тарихини, унинг пайдо бўлиши, сулҳ жараёни ва кейинги «тинчлик жараёни» билан яқиндан таниш бўлганлар учун икки мамлакат ўртасидаги зиддият кутилмаган ҳодиса эмас.

Маълумки, урушнинг биринчи босқичида кўпроқ тайёргарликка эга бўлган (АSALA террор ташкилотининг тажрибали ходимлари, шунингдек, ҳарбий, иқтисодий ва дипломатик жиҳатдан кучли ташқи дастакка эга) Арманистон Озарбойжон ҳудудининг қарийб 20 фоизини эгаллаб олган. Шундан кейин БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва бошқа халқаро ташкилотлар босқинчиликни қоралаган ва ишғолни иложи борича тезроқ, сўзсиз бекор қилишни талаб этувчи қарорлар қабул қилганди. Аммо Арманистон ушбу қарорларни ва 1994 йил май ойида имзоланган сулҳ битимини бажармади. У Озарбойжонни кенг босқин ва янги ҳужумлар эҳтимоли билан босим остида ушлаб туришга ва Озарбойжоннинг ўз ҳудудини сақлаб қолишга бўлган уринишларини Россиянинг ҳарбий кўмаги билан йўққа чиқаришга ишониб келади.

Айтиш жоизки, ўтган йиллар мобайнида минтақадаги барча манфаатлар ва масала юзасидан таъсир кучига эга бўлган кучларнинг деярли бари мавжуд оғир вазиятдан фойдаланиб қолишга ва ишғол муаммоси бўйича томонлар билан музокаралар олиб боришга ҳаракат қилишди. Шу сабабли, Озарбайжон ерларини Арманистон томонидан эгаллаб олиниши муаммоси (қисқача айтганда, Қорабоғ муаммоси) собиқ совет географиясидаги кўплаб масалалар сингари «музлатилган муаммо» сифатида тавсифланиб келди.

Аммо айниқса, Россиянинг 2008 йил август ойида Грузияга қилган аралашувидан сўнг «музлатилган муаммолар», аслида, музлатилмагани ва аксинча, бу ҳолат катта хавф туғдириши мумкинлиги ойдин бўлиб қолди. Шу боис, муаммони ҳал қилишга бўлган уринишлар кучайди. Шу маънода, 2008 йил 2 ноябрда Москва яқинидаги Меин-Дорф қалъасида Россия воситачилиги билан имзоланган битим сулҳнинг кафолати бўлиши кутилаётганди. Чунки томонлар илк марта Россия томонидан имзоланган ҳужжат билан муаммони ҳал қилишда тинч усулларга риоя қилишларини билдиришганди. Аммо қизиғи шундаки, сўнгги йилларда катта йўқотишларга олиб битимни бузиш ҳолатлари томонлар ўртасида музокаралар пайтида ёки бу музокаралардан сўнг такрорланишда давом этди.

Масалан, 2010 йилнинг июнида, 2014 йилнинг августида, 2014 йилнинг ноябри ва 2015 йилнинг декабрида ва бошқа баъзи саналарда юқори даражадаги музокаралар ўтказилган бўлса-да, сулҳ шартлари бузилиш ҳолатлари кузатилди, натижада уруш сценарийлари кун тартибига чиқди. Аммо бу кескинликлардан бир неча кун ўтгач, томонлар яна аввалги тартибга қайтишди.

1994 йилдаги сулҳ битимидан сўнг рўй берган можаролар пайтида Арманистоннинг провокацияларига қарши жавоб берган Озарбойжон ўз ҳудудининг бир қисмини Арманистон истилосидан қутқарди ва шу орқали 30 йиллик урушда бу илк бор психологик устунликка эришди. Бу эса ўз навбатида Арманистонни ва унинг тарафдорларини жиддий ташвишга солди. Шунинг учун ҳам адоват олови ҳеч сўнмади.

Арманистон Озарбойжонни провокация қилишга интиляптими?

Товуздаги бир неча қишлоқларда аҳоли турар жойлари зарбага учрагани айтилди / AZƏRBAYCAN XİN
Озарбойжон нуқтайи назаридан олиб қараганда, унинг ҳудуди (олдинги Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти ва унинг атрофидаги 7 туман) Арманистоннинг босқини остида қолиши халқаро ҳуқуққа зид, қолаверса, икки мамлакатнинг ҳозирги ҳарбий, дипломатик, иқтисодий ва бошқа имкониятларига мос эмас. Бошқача қилиб айтганда, Озарбойжон ўзи лозим топган пайтда БМТ Конвенциясининг 51-моддасига асосланиб, мудофаавий ваколати доирасида ўз ҳудудини арман босқинидан озод қилиш ҳуқуқи ва имкониятига эга.

Арманистон бу тенденцияни ўзи учун жуда хавфли деб билади ва Озарбойжоннинг кучайиб бораётган имкониятларини Россия ёрдамида чеклаш учун (Грузия ва Украина мисолида кўрилгани каби) Озарбойжонни провокация қилишга интилмоқда. Бу гал уннинг икки мамлакат чегарасида эмас, бошқа минтақадан ҳужум уюштиргани ҳам бу доирадаги асосий мақсадларидан бири бўлиши мумкин.

Можаролар пилигини қандай омил пасайтириб турибди?
Айтиш жоизки, гарчи Қорабоғ муаммоси мураккаб характерга эга экани ва мазкур муаммонинг юзага келишида ягона айбдор Россия эмаслиги таъкидланса-да, мавжуд ҳолатнинг етилиши ва масалани ҳал қилиш жараёнидаги беқарорликда ушбу давлатнинг Арманистонга бераётган махсус ёрдами ҳам катта рол ўйнаяпти.

Россия учун Қорабоғ муаммоси Кавказда ўз таъсир самарадорлигини таъминлаш учун зарур. Шунинг учун ҳам Россия масаланинг тўлиқ ечим топишини истамайди. Яқин вақтларгача жиддий бир можаронинг бошланиши ва томонлардан бирининг сезиларли устунликка эга бўлиши мумкинлиги заиф эҳтимол сифатида кўриларди. Қолаверса, Озарбойжоннинг ушбу босқичда Россия ҳам иштирок этадиган урушга киришни хоҳламаслиги, айни пайтда Россиянинг Озарбойжон ортидан ўз бошига янги муаммолар орттириб олишни истамаслиги можаролар пилигини пасайтириб турибди.

Муаммо тезда ҳал қилиниши лозим
Озарбойжон ерларини Арманистон томонидан босиб олиниши билан боғлиқ муаммо эскидан минтақада манфаати мавжуд бўлган кучлар учун бир имконият саналган бўлса-да, эндиликда у хавф манбасига айланмоқда. Шу боис Жанубий Кавказдаги муаммоларнинг ечим топмаслигидан фойдаланишга ҳаракат қилаётган кучлар учун «на уруш, на тинчлик» ҳолати энди аввалгидай соғлом эмас.

Арманистон ва Озарбойжон ўртасида бошланиши мумкин бўлган кенг миқёсли уруш Сурия ва Ливиядаги вазиятдан фарқли ўлароқ, минтақадаги йирик кучлар (Россия, Туркия ва Эрон)нинг имкониятларини емириши ва натижада бу давлатлар бошқа минтақалардаги асосий манфаатларини қўлдан чиқариб юборишлари мумкин. Ушбу сценарий эса минтақадан ташқаридаги бошқа муҳим кучлар учун айни муддао бўлади. Шунинг учун ҳам минтақадаги кучлар буни ҳисобга олиши ва Қорабоғ муаммосини тезда ҳал қилишлари керак.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Озарбойжон ва Арманистон можароси: «Музлатилган муаммо» нега эрий бошлади?