
Эронда аёл спорт мураббийи Хания Шариати Рудпошти омма олдида рўмолсиз акробатик ҳаракатлар намойиш этгани учун қўлга олинди, деб ёзди Iran International.
Маълумотларга кўра, у мажбурий ҳижоб қонунларини бузгани учун ҳибсга олинган. Норвегияда жойлашган “Ҳенгау” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилишича, спортчи 9 ноябрь куни кечқурун ушланган ва оиласи билан фақат бир марта телефон орқали гаплашишга имкон берилган.
Шариатининг ҳозир қаерда сақланаётгани номаълум. Шу билан бирга, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари — жумладан, 160 мингдан зиёд обуначига эга Instagram аккаунти — Эрон хавфсизлик хизмати томонидан назоратга олингани хабар қилинди.
Сўнгги ҳафталарда Эрон расмийлари жамоат жойларида кийиниш қоидаларига қаттиқроқ амал қилишни талаб қилмоқда. Бош прокурор Муҳаммад Муваҳҳиди Озод исломий меъёрларга риоя қилиш ҳар бир аёлнинг диний бурчи эканини таъкидлаб, қонунга зид ҳаракатларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилишини билдирган.
Эронда ҳижоб масаласи йиллар давомида баҳсларга сабаб бўлиб келаётган бўлса-да, Хания Шариатининг ҳолати яна бир бор мамлакатдаги аёллар эркинлиги атрофидаги тортишувларни қайта жонлантирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.