
Малида ёш ва машҳур блогер Мариам Сиссе фожиали тарзда ҳалок бўлди. У TikTok’да 90 мингдан ортиқ обуначига эга бўлиб, ўз видеолари орқали Тонка шаҳри ҳаёти, одатлари ва халқнинг кундалик турмушини ёритиб келган. Шу билан бирга, у ижтимоий мавзулар ва юмор билан тўла контент яратиши орқали ёшлар орасида катта обрў қозонган эди, деб хабар берди South China Morning Post.
Бироқ 7 ноябрь куни уни номаълум жиҳодчилар гуруҳи ҳибсга олган. Улар Мариамни гўёки Мали армияси билан ҳамкорликда бўлган, яъни ҳарбийларга маълумот етказиб турган, деб айблашган. Марҳуманинг акаси маълум қилишича, “Синглимни пайшанба куни жиҳодчилар олиб кетишди. Улар уни армияга ишлаганликда айблаб, эртаси куни очиқча қатл қилишди”.
Шанба куни Сиссе мотоциклда Тонка шаҳри марказига олиб келиниб, кўпчилик олдида отиб ўлдирилган. Ҳодиса шаҳарнинг Мустақиллик майдонида содир бўлган. Хавфсизлик хизмати буни “варварлик ва қонунсизликнинг олий даражаси” деб атади. Маҳаллий расмийлар эса бу жиноятни кескин қоралаб, уни “жамиятга қарши қаратилган қотиллик” деб баҳолади.
Маълумот учун, Малида сўнгги йилларда жиҳодчи гуруҳлар фаолияти янада кучайган. Хусусан, “Ал-Қоида” билан боғлиқ ЖНИМ ташкилоти мамлакат шимолидаги айрим ҳудудларда ёнилғи етказиб бериш йўлларини ёпиб қўйган, натижада мактаблар ёпилган, ҳосил йиғими тўхтаган.
Эслатиб ўтамиз, Малида 2012 йилдан бери қуролли исёнчилар билан тўқнашувлар давом этмоқда. 2021 йилда эса ҳарбий хунта ҳокимиятни эгаллаб, мамлакатда хавфсизликни тиклаш ва экстремизмни бартараф этишни асосий вазифа сифатида белгилаган.
Мариам Сиссенинг фожеавий ўлими нафақат Малида, балки бутун Африкада ижтимоий тармоқ фаоллари хавфсизлиги масаласини яна кун тартибига олиб чиқди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!