date

Йўқолган “император олмоси” 100 йилдан кейин топилди

Йўқолган “император олмоси” 100 йилдан кейин топилди

1918 йилдан бери бедарак деб ҳисобланган Флоренция олмоси 100 йил ўтиб Канаданинг Квебек шаҳридаги банк омборидан топилди, деб хабар берди The New York Times.

Оғирлиги 137 каратдан зиёд бўлган ушбу нодир тош бир аср давомида омборда сақлангани маълум бўлди. Бу ҳақда Габсбурглар сулоласи вакили Чарльз Габсбург-Лотарингия маълумот берган.

Ёнғоқдай катта бўлган бу марварид дунёдаги энг йирик тўртта олмосдан бири ҳисобланади. У Австрия-Венгрия империяси қулаши арафасида — 1918 йил ноябрида император Карл I номидан Австриядан чиқарилиб, аввал Швейцарияга, кейин Канадага жўнатилган.

Император Карлнинг рафиқаси Зитага ҳурмат сифатида олмоснинг аниқ жойи сир сақланган. Фақат унинг икки ўғлигина жойлашувни билган ва отасининг васиятига кўра маълумот 100 йил давомида ошкор қилинмаган.

1940 йилда фашизм хавфидан қўрққан оила Европани тарк этиб, аввал АҚШ, сўнгра Канадага кўчиб ўтган. Зита қимматбаҳо тошларни кичик чамадонда олиб юрган ва 1953 йил Европага қайтганида уларни Квебек банки омборида қолдирган.

Ҳозирда Габсбурглар авлодлари Флоренция олмосини Канададаги махсус трест таркибига киритишга қарор қилган. Яқин йилларда ушбу тарихий марваридни мамлакат музейларидан бирида жамоатчиликка намойиш этиш режалаштирилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Йўқолган “император олмоси” 100 йилдан кейин топилди