23:50 / 18.08.2021
3 083

Афғонистон иқтисодиётининг истиқболлари қандай?

Афғонистон иқтисодиётининг истиқболлари қандай?
Фото: EPA
Афғонистон иқтисодиёти «заифлик ва ёрдамга қарамлик билан шаклланган». Жаҳон банки «Толибон» Афғонистонни эгаллашидан бир неча ой олдин эълон қилинган ҳисоботида мамлакатнинг иқтисодий аҳволини шундай баҳолаганди.

Бугун эса Афғонистонга қилинадиган ёрдамларнинг келажаги мавҳум бўлиб қолмоқда ва шунинг учун ҳам мамлакатнинг иқтисодий аҳволи янада заифлашмоқда.

Гарчи Афғонистонда муҳим минерал ресурслар мавжуд бўлса-да, сиёсий вазият бу ресурслардан фойдаланишга тўсқинлик қилди.
Мамлакатнинг ташқи ёрдамга қарамлиги энг юқори чўққисига кўтарилган.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, ривожланиши учун бериладиган ёрдам маблағлари мамлакат ялпи миллий даромадининг 22 фоизига тенг.

Бу юқори кўрсаткич бўлса-да, Жаҳон банки 10 йил олдин тарқатган маълумотдан – 49 фоиздан анча паст.
Афғонистонга иқтисодий ёрдам кўрсатиш борасида ноаниқлик мавжуд.

Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас ҳам ўтган ҳафта ZDF телеканалига берган интервьюсида агар толиблар мамлакатни ўз назоратига олсалар ва шариат қонунларини жорий қилсалар, «бир цент ҳам» ёрдам бермасликларини айтди. Бошқа давлатлар ҳам воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бормоқда.

Коррупция
Жаҳон банкининг «заифлик»ка урғу бериши толиблар ҳокимиятни қўлга олишидан олдин мамлакат хавфсизлиги учун ажратилган ресурсларнинг кўплиги билан боғлиқ. Бошқа кам даромадли мамлакатларда бу кўрсаткич ўртача 3 фоиз бўлгани ҳолда Афғонистоннинг хавфсизлик учун ажратадиган бюджети иқтисодиётининг 29 фоизини ташкил қилади.

Хавфсизлик ва коррупция хавотирлари ҳам бошқа чуқур илдизли муаммога олиб келмоқда: заиф хорижий инвестициялар.

БМТ маълумотларига кўра, сўнгги икки йил мобайнида чет элликлар томонидан нолдан ҳеч қандай инвестиция киритилмаган. 2014 йилдан буён эълон қилинган янги хорижий инвестициялар сони 4тагина холос.

Агар Жанубий Осиёнинг бошқа аҳолиси кам мамлакатларига қаралса, айни давр мобайнида Непалда 10 баробар, Шри-Ланкада эса 50 баробар кўп нолдан инвестиция киритилган.

Жаҳон банки Афғонистондаги хусусий секторни тор, деб таърифлайди. Ишчи кучи паст қишлоқ хўжалиги фаолиятига асосланган мамлакатда уй хўжаликларининг 60 фоизи чорвачиликдан маълум бир миқдорда даромад олади.

Мамлакатда ноқонуний маъданчилик ва албатта, афюн ишлаб чиқариш, контрабанда ва шунга ўхшаш ҳодисалар кўп. Гиёҳванд моддалар савдоси эса «Толибон» учун муҳим даромад манбайи ҳисобланади.

Минерал ресурслар
2001 йилда АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари мамлакатга бостириб кирганидан кейин Афғонистон иқтисодиёти ўсди.

Гарчи Афғонистон бўйича расмий маълумотлар унчалик ишончли бўлмаса-да, Жаҳон банки берган маълумотларга кўра, 2003 йилдан кейинги 10 йиллик давр мобайнида иқтисодиёт ўртача 9 фоиздан юқори ўсди. Бундан кейинги йилларда эса (ёрдамларнинг камайиши таъсирида) ўсиш суръати секинлашди ва 2015-2020 йиллар орасида йиллик ўртача кўрсаткич 2,5 фоизга тушди.

Мамлакатда мавжуд ресурслар, агар хавфсизлик таъминланса ва коррупциянинг олди олинса, хорижий инвесторлар учун жозибадор бўлиши мумкин.

Мамлакат мис, кобальт, кўмир ва темир рудаси каби муҳим минерал ресурсларга эга бўлиш билан бир қаторда нефть, табиий газ ва қимматбаҳо тошлар каби бошқа бойликларга ҳам эга.

Бу манбалар орасида уяли телефон ва электромобил аккумуляторларида ишлатилувчи литюм метали алоҳида ўрин тутади.

2010 йилда АҚШда чоп этиладиган New York Times газетасига берган интервьюсида АҚШнинг юқори мартабали ҳарбий хизматчиси Афғонистоннинг минерал салоҳияти «жозибали» экани, лекин унда кўплаб «сўроқ ишоралари» мавжудлигини айтганди. Газета АҚШ Мудофаа вазирлигининг Афғонистон «литюмнинг Саудия Арабистони»га айланиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларини қўлга киритганди.

Шунга қарамай, мамлакатда минерал ресурсларни қайта ишлаш имкони бўлмагани каби бу ресурслардан афғон халқи ҳам деярли ҳеч наф кўрмади.

Хорижий кучлар
Хитойнинг минтақада ўйинчи бўлишни хоҳлаётгани ҳақида кўплаб маълумотлар бор. Ғарб давлатларига қараганда «Толибон» билан яхши алоқада бўлган Хитой, агар ташкилот ҳокимиятни ўз қўлида туриб тура олса, бундан фойда кўриши мумкин.

Бошқа томондан, Хитой компаниялари илгари мис ва табиий газ операцияларини ўтказиш бўйича баъзи шартномалар имзолаган бўлишса-да, бу борада унчалик катта ютуқларга эришилмади.

Икки давлат ўртасидаги чегара қисқа экани ҳисобга олинса, мавжуд имкониятлар Хитойнинг эътиборини жалб қилади.

Хитойнинг барча хусусий ёки давлатга оид ташкилотлари Афғонистондаги фаолият муваффақиятли бўлишига ишонч ҳосил қилишни истайди. Агар хавфсизлик муаммолари ва коррупция каби омиллар бу ресурслардан етарли даражада фойдаланишга тўсқинлик қилади, деб ҳисоблашса, улар ҳар қандай ваъдани беришдан ўзларини тийишади.

«Толибон» аввалги Афғонистон маъмуриятига қараганда керакли шароитларни яратишда мослашувчан бўладими? Хитой ёки бошқа мамлакатлардан келган потенциал сармоядорларнинг хаёлидаги асосий савол шу.

Афғонистон иқтисодиётининг келажагига таъсир кўрсатадиган яна бир омил – аёлларнинг меҳнат ҳаётидаги иштирокидир.

Сўнгги ўн йил ичида 15 ёшдан ошган аёлларнинг ишчи кучидаги иштирок кўрсаткичи сезиларли даражада ошган бўлса-да, 2019 йилда эълон қилинган маълумотларга кўра, 22 фоиз бўлган бу кўрсаткич ҳали ҳам халқаро стандартлардан паст.

«Толибон» даврида бу ютуқларнинг йўқолиш эҳтимоли юқори. Бу ҳам иқтисодий манзарани бузади.

Келгусидаги қисқа муддатда иқтисодий барқарорлик масаласида қуюқ мавҳумлик бор. Хабарларга кўра, кўплаб одамлар банклардан пулларини олишга уринмоқда.

«Толибон» банк менежерлари, валюта савдогарлари ва дўкондорларнинг ҳаёти ва мол-мулки хавфсизлигини ҳимоя қилишини айтмоқда. Аммо хавфсизлик масаласида савол мавжудлигининг ўзиёқ жиддий муаммодир. Инвесторлар Афғонистон иқтисодиёти юришда давом этишига, мижозлар эса ўз пуллари хавфсизликда эканига ишонишлари керак. Бу эса дарҳол содир бўладиган жараён эмас.

Гуманитар ҳалокат
15 август ҳолатига кўра, «Толибон»дан қочиб, бутун мамлакат ҳудудидан Кобулга етиб келганлар сони 17 минг 600 дан ошди.
БМТ гуманитар координация идораси яна минглаб одамлар Кобул томон ҳаракатланаётганини маълум қилди.

Афғонистон расмийларидан етарли ёрдам ололмаган бу инсонлар паркларда ва кўчаларда тунашга мажбур бўлди.
Баъзиларнинг айтишича, улар хавфсизлик кучлари учун ишлайдиган эркаклар «Толибон» томонидан ўлдирилган ва аёлларга чекловлар қўйилган шаҳарлардан қочишган.

Жаҳон озиқ-овқат дастури Афғонистондаги мавжуд вазият «гуманитар ҳалокатининг барча хусусиятларига эга» эканлигини таъкидлади.

Мавҳум келажак
«Толибон» мамлакатни қандай бошқариши номаълум. Бошқарув услуби ҳам минтақага кўра фарқланиши мумкин.
«Толибон» назорати остидаги ҳудудлардан келаётган хабарлар эса мавҳумликни акс эттирмоқда.

BBC’нинг аниқлашича, Мозори Шарифдан 20 километр узоқликдаги Балх шаҳрида аёллар ва қизлар эркаклар ҳамроҳлигисиз ташқарига чиқиши мумкин. Аммо либоси туфайли бир аёл ўлдирилгани ҳақида хабарлар бор.

Бошқа минтақаларда, масалан, шимолда – Тожикистон билан чегарадош қишлоқларда эса аёллар бурқа кийишга мажбур бўлгани ва уйларидан ёлғиз ҳолда чиқа олмаслиги айтилмоқда.

Ёш аёллар «Толибон» жангчилари билан мажбуран турмуш қурдирилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
«Толибон»нинг Қатардаги вакиллари эса бу ёлғон хабар эканлигини таъкидлашмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистон иқтисодиётининг истиқболлари қандай?