«Одамнинг оласи ичида бўлади», — деб бекорга айтишмаган экан. Узоқдан туриб бўлса-да, Ботир дўкондорга хизмат қилган, шунинг орқасидан қўли пул кўрган Мардонга ўзини опичлаб катта қилган акасининг қарзга ботгани бир баҳона бўлди-ю, кела солиб дўкондорникига чопди. Яқинда унга «дўконингизни қайтариб олиб бераман», деб қаттиқ ваъда қилганди.
— Амаки, сизга зўр янгилик топиб келдим, — дарвозадан кирибоқ сўрида мастликдан чайқалиб ўтирган Ботир дўкондорнинг елкасига қоқди у. — Кўрдингизми, мени кўчада қўйиб сарсон қилган, Ҳамида кеннойимга хиёнат қилган ўша акам бугун бўйнига катта қарзни илиб келиб ўтирибди.
— Хўш, хўш?. — Ботир дўкондор ҳушёр тортиб ўрнидан қўзғалди. — Қарзга ботди, дейсанми? Кимдан?
— Э, сиз танимайсиз. Қиморбозларнинг каттасидан. Эртага пулни опкетишга келади у одам.
— Хўш, мен нима қилай келса? Пул топиб бериб турайми акангга?
— Э, тушунмайсиз-а!? Дўконингизни қайтариб олиш фурсати етди.
— Қандай қилиб?.
— Ичидаги бор молларни ўмариб, ишончли жойга беркитиш керак. Чунки акам шу бугуноқ уларни сотиб, қарзига пул йиғишни режалаштирган.
— Сен қаердан била қолдинг бу гапларни?
— Ахир, сизга айтгандим-ку, бир «разведка» қилиб кўраман, деб! Кеча шаҳарга бориб, ҳамма сир-асрорини билиб келдим. Агар, молларни яшириб қўйсак, у пул тополмайди. Қарабсизки, ўша қиморбозлар акамни боплаб калтаклашади. Кунини кўрсатишади. Биз эса дўконни қайтадан сизнинг номингизга ўтказиш ҳаракатини қиламиз.
— Каллангга қойилман, бола! — Мардоннинг елкасига шапатилади Ботир дўкондор. — Хайрият, акангга ўхшаган танбал бўлмадинг. Сен одам бўласан, ҳа, одам бўласан! Қани, ўтир, бу хабарни ювмасак бўлмайди.
— Амаки, яна ичишни бошламоқчимисиз? Ташланг, шу зормандани! Йўқса, мақсадга етолмаймиз.
— Бўпти, сазанг ўлмасин! Ичмасам ичмабман.
— Фақат, мениям бир шартим бор, — кулимсираб дўкондорга тик боқди Мардон.
— Хўп, айтавер!
— Иш битгандан кейин анови машинани янгилаб берасиз.
— Бе, шуям муаммо бўптими?! Сен аввал қойиллатгин, у ёғини менга қўйиб бер!.
— Бўпти, мен бир-иккита йигитлардан топиб молларни ўмариш пайида бўламан.
* * *
— Сен ҳаромиям ўша хунаса акангнинг жигарисан-да! — Мардон чиқиб кетгач, дарвоза томон ўгирилиб сўкинди дўкондор. — Дўконни ўмариб молларни беркитармиш! Шу йўл билан акасини чув туширармиш! Мени баттар адойи тамом қилмоқчи, шекилли, итдан тарқаган. Ёш бола деб ўйлаяптими мени? Шошмай тур, бир додингни бериб, хуморимдан чиқай! Зора, қизим шўрликнинг аламини сенлардан олсам! Ҳа-а, ҳали баччағар акангнинг кўрсатган кунлари, гапирган гаплари эсимдан чиққани йўқ. Иккалангни шундай ёвлаштирайки, бир-бирингни кўзимнинг олдида сўйгин, бир-бирингнинг гўштингни егин! Ана ўшанда ростакамига хумордан чиқаман…
Дўкондор шошилинч ўрнидан турди-да, бирпас ўйланиб қолди.
Хўш, қаерга бориб Мардонни ўғри дея дод солсин? Мелисагами? Йўқ! Ҳа-а, топди! Маҳаллага боради-да, чолларни йиғиб ҳаммасини айтади. Мардон акасининг пайига тушибди, деб гап тарқатади. Дўконини ўмаришга кетибди, дейди. Ана ундан кейин кўради томошанинг каттасини. Хап, сенларними! Бу кунингдан баттар бўласанлар!
Ботир дўкондор сўридан тушди-да, йўл-йўлакай калишини оёғига илиб масжидга жўнади.
* * *
— Ака, уйғонинг, дўконни ўмариб кетишибди!
Вақт тунги бирлардан ошганди. Матназар Сарибойнинг эшик тақиллатиб қичқиришидан уйғониб кетди.
— Нима дединг? Қанақа дўкон? Ким ўмарибди?
— Сизнинг дўконингизни! Ботир қариядан сотиб олинган дўконни!
— Нима? Қ-қанақасига? Ахир, эртага уни сотиб…
— Ҳа, — ерга боқди Сарибой. — Сотиб қарздан қутулишга улгурмадингиз.
— Менга қара, сен қаердан эшитдинг бу гапни?
— Қишлоғингизга боргандим иш билан. Ўша ерда эшитдим.
— Қишлоқда? Унда… Ким ўмарганиниям айтишгандир? Нега индамайсан? Гапирсанг-чи!
— Айтсам… Хафа бўлмайсизми?
— Нега хафа бўларканман? Гапир тезроқ!
— Дўконни туғишган укангиз ўмарибди.
— Укам? Мардон-а?
— Ҳа, ўша. Мен ҳаммасини эшитдим. Шаҳардан келишларинг билан у Ботир қарияникига борган. Нималарни гаплашишган билмадим-у, аммо қариянинг ўзи масжидга келиб, одамларга айтганмиш.
— Нима деб?
— Мардон акасининг пайига тушган, яқин орада расвосини чиқаради, дебди.
— Шунақами? — Беихтиёр Матназарнинг муштлари тугилди. — Ҳали келиб-келиб туғишган укам, биттаю битта жигарим мени чув туширмоқчи бўлдими? Менга қара, Писмиқни топиш керак.
— Ҳозироқ ижарада турган уйидан уйғотиб келаман.
— Тез кел, Мардонни қидириб топамиз.
— Уйда бўлмаса-чи?
— У ёғи билан ишинг бўлмасин! Мен айтган ишни қил!
* * *
Бу гал ҳам омад юришмади. Матназар уч кишилашиб қишлоқни титиб чиққан бўлса-да, Мардонни тополмади. На уйда, на дўкондорникида, на бошқа ерда! Ҳеч қаерда йўқ. Дўконда эса, майда-чуйда қанд-қурсдан бўлак ҳеч вақо қолмабди. Ҳаммасини олиб чиқиб кетишган.
«Йўқ, ўйларди Матназар, — Бу ишни бир ўзи қилмаган. Демак, қанақадир шериклари бор. Лекин қаерда? Кимлар ўзи? Энди нима бўлади? Бек акага нима деб жавоб қилади? Қиморхонадаги пуллар бир миллионгаям бормайди. Қолганини қаердан олади?» Шу ўй билан эртаси куни шомгача изғиди. На пул топди, на Мардонни учратди.
Қиморбоз аҳли тартибни яхши кўради. Айниқса, кимдандир қарз ундириш лозим бўлса, айтилган соатда, керак бўлса, дақиқасини дақиқага улаб етиб келади. Бек ака ҳам ўзи айтган муддатда Матназарнинг қиморхонаси рўпарасида ҳозир бўлди. Ёнида уч нафар йигит ҳам бор. Матназар уларни танимади. Тансоқчилари бўлишса керак, ҳар бири девдай-девдай келади.
— Жа хароба жойда яшаркансан, — деди Бек ака ҳовлини беписандлик билан кўздан кечираркан. — Сенга ўхшаган одамлар кошонада яшаши керак. Ҳа, майли, мақсадга ўтайлик. Пулларни тайёрлаб қўйдингми?
Матназар ерга боқди.
— Бугун кечаси… Дўконни ўмариб кетишибди.
— Хўш, нима бўпти? Бунинг пулга нима алоқаси бор?
— Мен, ахир, ўша дўкондаги молларни сотиб, сизнинг қарзингиздан қутулмоқчийдим!
— Ҳа, гап буёқда дегин? Қиморда қарзни узмаслик қандай оқибатларга олиб келишини билмасмидинг?
— Биламан, ака! Ҳозир… Нима қилишни билмай қон бўлиб ўтирибман.
— Қон бўлиб ўтириш керакмас, ҳаракат қилиш керак. Мен сени бошқача тасаввур қилгандим. Афсус, бошланиши яхши бўлмади.
— Ака, яна икки кун муҳлат беринг! — Бек акага умидвор термилди Матназар. — Мен ўғриларни, албатта, топаман. Қарзимни узаман.
— Йўқ, — гапни калта қилди Бек ака. — Бизнинг ишда бунақа йўл тутилмайди. Қарзни вақтида узолмадингми, айбингни қон билан ювишинг керак.
— Қандай қилиб?
— Бу ерда саволни сен эмас, мен бераман! Бугун тунда биттасини тинчитасан. Қани, кўрайлик-чи, қассоблик қўлингдан келармикан?
Матназар қўрққанди. Бек ака ўлдиртириб юборса керак, деб хаёл қилганди. Бу гапни эшитиб рангига қон югурди.
— Бунақа ишлар бизга чикора, — деди кулимсираб. — Бемалол ишониб топширишингиз мумкин.
— Яхши. Унда эшит. Ёнингда менинг йигитларимдан иккитаси бўлади. Шаҳарга бориб Холиқ деган одамни топасан. У қассоб. Сенга ўхшаб қарзини узолмаганди. Узолмагандимас, узишни истамаётганди. Бир ойдан бери пайсалга солиб юрибди қизиғар. Хуллас, ўшани ўзининг мол сўядиган пичоғи билан… Тушундингми? Агар яна қовун туширсанг, мендан шафқат кутма!
— Хўп!
— Яна шуни ёдингда тут! Йигитларим қассобнинг ҳақиқатан ўлганига амин бўлишлари лозим. Айтганча, бу ишни дўндиришинг, қарзнинг ярмидан қутулдинг, дегани.
— Тушундим.
— Бўпти, яхши қол! Дўкондан кўнглингни тўқ қил. Биз ўғриларни топамиз.
* * *
Бек ака қўшиб берган икки норғул йигит ўта жиддий ва камгап эди. Кўз қарашлари ҳам қандайдир совуқ. Ҳар қадамда ён атрофга безовта кўз ташлаб олишни канда қилишмасди. Матназар шом маҳали улар ҳамроҳлигида шаҳардаги қассобнинг ҳовлисига етиб келди. Мана бу ерда турмада ҳақиқий каллакесарлардан эшитган гапларни яхшилаб эслаган ҳолда иш тутиши керак. Йўқса, ўша пичоқ ўзининг кўксига келиб санчилиши ҳеч гапмас.
Йигитлар машинани маҳалладан анча нарида тўхтатиб, Матназарнинг бир ўзини қассобникига юборишди. Ўзлари ўша ерда кутиб турадиган, иш битиши билан мурдани машинага юклаб тўппа-тўғри Бек аканинг ҳузурига олиб кетадиган бўлишди. Матназар атрофни обдон кузатди. Ҳарқалай, тинч жой экан. Маҳалладан юз метрча нарида, йўлнинг икки чети тутзор. Тутзор ортида бепоён кенглик. Қоронғида бўлса-да, аниқ кўрди, кенгликда ахлатхона бор экан.
«Мана буниси зўр бўлди, — кўнглидан ўтказди у. — Қассобни ўша ёққа олиб ўтса бўлади. Бунинг учун аввал анови «дев»ларга қўнғироқ қилиб, огоҳлантириш лозим».
Матназар атайин Бек ака вақтинчаликка берган қўл телефонни чўнтагидан чиқарди-да, керакли рақамларни терди.
— Алло, нима гап? — гўшакдан машинадаги йигитлардан бирининг овози эшитилди.
— Мен тутзорлар орқасида кенгликни кўрдим. Ахлатхонага ўхшаяпти. Қассобни ўша ерга таклиф қилмоқчиман.
— Яхши. Биз ишни битирганингдан кейин қўнғироқ қилишинг билан етиб борамиз. Фақат тезроқ бўл, вақт зиқ!
Матназар индамай телефонни қайтадан чўнтагига солди-да, қассобнинг дарвозасига яқин борди. Шаҳар жойларда бу қадар катта ҳовлини биринчи кўриб туриши эди. Гарчи, деворлари баланд бўлса-да, уларнинг узунлигидан қассоб саройлардек ҳовлида яшашини билиб олиш қийин эмасди. Секин бориб дарвоза тепасига ўрнатилган қўнғироқ тугмачасини босди.
— Ким у? — ичкаридан эркак кишининг дағал товуши эшитилди. — Ким деяпман?
Матназар атайин индамай тураверди. Ниҳоят қассоб ўзича нималардир деб ғудранганча келиб дарвозани очди.
— Ассалому алайкум, қассоб! — Матназар қаршисидаги бўйи икки метр, боши хумдай эркакка секин қўл чўзди.
— Ваалайкум. Хизмат?
— Биласизми. Мен бозордан бугун буқа сотиб олгандим.
— Хўш?
— Сал касалмандроқ экан жонивор. Шуни сўйиб берсангиз, девдим. Увол кетмасин.
— Қаерда буқа?
— Ҳов анави ерга, тутга бойлаб қўйдим. Зўрға нафас оляпти.
— Ким айтди мени дуч келган ерда мол сўйиб кетаверади, деб? Кушхонага оборинг, ўша ерда сўйиб беришади.
— Ака, илтимос, мусофирман, айтган пулингизни бераман. Жонивор ҳаром ўлиб қолмасин! Сизни шаҳарда энг олди қассоб деб таърифлашганди. Шунинг учун югуриб келавердим.
Бу гаплар қассобга ёққандай туюлдими, сал юмшади.
— Ахир, қоронғи бўлса, у ерда чироқ йўқ.
— Ака, менда фонар бор. Ёритиб тураман. Қандай ёрдам керак бўлса, мана, ўзим туриб бераман.
— Бўпти, ҳозир пичоқ-арқонларни опчиқай!
Қассоб ичкарига кириб кетди ва ҳеч қанча ўтмай асбоб-ускунасини қўлтиғига қистириб орқага қайтди.
— Қани, кўрсатинг-чи!
Матназар қассобни тутзор томон бошлаб борди-да, ахлатхона томонга ўтди.
— Қани буқа? — қассоб унинг ортидан ўтиб атрофга аланглади. Матназар эса, бу орада чўнтагидаги пичоқни олиб гўё буқа қидираётгандай қассобнинг орқа тарафига ўтди ва…
Орадан ярим соатча ўтиб, йигитлар ёрдамида қассобнинг мурдасини машинага ортишди. Матназар умид қилганидек, ҳеч қандай ортиқча шовқин кўтарилмади.
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади