
Яқин Шарқда яна бир жиддий дипломатик синов — Ғазо секторидаги отишмаларни тўхтатиш борасидаги музокаралар халқаро эътибор марказида. Германиянинг Deutsche Welle нашри маълумотларига кўра, ҲАМАС сўнгги келишув лойиҳасини ўзгартиришни талаб қилгани билан, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху буни “қабул қилиб бўлмайдиган шарт” сифатида рад этди. Музокаралар жараёнида қатор катта талаб ва кафолатлар муҳокама марказига айланди.
Исроил бош вазири Нетаньяху Қатарда 6 июль куни навбатдаги музокаралар ўтади деб маълум қилди. Учрашувда сулҳ шартлари ва ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроиллик фуқароларни озод қилиш масалалари муҳокама қилинади. Нетаньяху шунингдек, 7 июль куни Вашингтонга расмий ташриф буюришини ва у ерда АҚШ президенти Дональд Трамп билан сулҳ бўйича музокаралар олиб боришини билдирган.
ҲАМАС расмийлари 4 июль куни Ғазо секторида тинчлик музокараларига тайёр эканини эълон қилди. Бироқ, гуруҳ Исроилдан қатор кафолатлар, жумладан, гаровда қолган исроилликлар озод қилингач, ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланмаслигига қатъий ва расмий кафолат беришини талаб қилмоқда. Бу ҳолат музокаралардаги асосий муаммолардан бирига айланган.
Трамп эса бу жараённи ижобий баҳолаб, келишувга тез орада эришилиши мумкинлигини билдирган. Унга кўра, Оқ уй оптимизм билан музокараларни кузатмоқда, гарчи вазият жуда ноаниқ ва ҳар куни ўзгариб турса ҳам. AFP агентлиги эса, Фаластин делегациясидаги манбаларга таяниб, музокаралар столида 60 кунлик янги тинчлик режаси муҳокама қилинаётганини хабар қилди.
Ушбу режага кўра, ҲАМАС томонидан гаровда ушлаб турилган исроилликлардан ярмини — 22 кишини озод қилиш, Исроил эса бир неча фаластинлик маҳбусларни озод этиши кутилмоқда. Бу таклиф халқаро воситачилар иштирокида шаклланган ва келишув жараёнига янги суръат бериши мумкин.
Яқин Шарқдаги бу музокаралар минтақавий барқарорлик, инсонпарварлик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан тарихий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Аммо ҳозирча келишув тўлиқ расмийлашмаган ва тарафлар орасидаги ишонч ҳали ҳам заиф. Келаси кунлардаги жараёнлар эса бутун дунё жамоатчилиги томонидан диққат билан кузатилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар