19:17 / 04.10.2018
10 706

Эрини уйлантирган аёл қисмати...

Эрини уйлантирган аёл қисмати...
Шу вақтга қадар арвоҳларнинг мавжудлигига ишонмасдим. Энди эса бошқача фикрдаман. Арвоҳлар, нафақат бор, балки атрофимизда юриб, бизни ўтмиш, бугун ва келажакда юз бериши мумкин бўлган ҳодисалардан огоҳ этишига ишонаман.

Бу воқеа содир бўлганда мен ҳали университетда ўқирдим. Хуллас, қиш чилласида биз, уч қиз ижарада турган уйимизни бўшатиб қўйишимиз керак бўлиб қолди. Қаҳратонда кўчама-кўча юриб, ижарага уй излашдан ёмони йўқ. Уч кун қидириб, бир кампирнинг уйидан жой топдик. Камгап, қўрс, қовоғидан қор ёғадиган қари аёлни кўриб, ҳафсалам пир бўлди. Ижарага уй топган дугонамга қараб:

— Бундан тузукроғи йўқ эдими? Намунча бунингнинг турқи совуқ бўлмаса, — дедим норозилигимни яширмай.

— Ёқмадими, у ҳолда ўзинг топа қол истараси иссиғидан! — жавоб қилди у ҳам хафа бўлган оҳангда.

— Майли, вақтинча тура турайлик, яхшироқ жой топсак, чиқиб кетармиз-а, қизлар, нима дедингиз?

— Ҳаво бироз исисин, ўшанда жой топиш ҳам осонроқ бўлади. Унгача бу кампир бизни еб қўймас, — ҳазиломуз оҳангда сўзлади ижара уйни топишда жонбозлик кўрсатган, ўртамизда энг дадилроғи бўлган Умида.

Ўша уйдаги илк ҳафта тинч ўтди. Мен ҳатто “Биринчи тасаввур алдамчи бўлади, деганлари рост экан, мен кампирнинг ташқи кўринишига қараб ўзимча тўн бичибман-да”, деб ўйладим. Бу уйда бизу кампирдан бўлак ҳеч қаерда ишламайдиган такасалтанг ўғли, овози ҳам чиқмайдиган келини ва жонсарак икки набираси бор эди. Бизга ҳовлининг бир бурчагидаги хона насиб этганди. Хонамиз тор, пастқам ва деярли таъмирталаб бўлиб қолганди. Қорайган деворларга қараб, бу хонага бўёқ тегмаганига ўттиз йилдан ортиқ вақт бўлгани сезиларди. Қорайган деворлар сабаб чироқ ёниқ бўлса ҳам хона ичкарисини ёруғ деб бўлмасди. Биз уч қиз аранг сиғадиган бу тор хонада ёлғиз қолишга қўрқардим. Диққинафас хонада гўё қандайдир шарпа кезиб юргандай, кўча совуқ бўлишига қарамай, ичкари дим, ҳаво йўқдай туйиларди. Хаёлимда ичкарида қолсам мени нимадир бўғаётганга ўхшарди.

Нафасим тиқилиб, ташқарига югуриб чиқиб кетардим. Ўша кеча кеч уйқуга ётдик. Мен ётган сим каравот оғирлашгандай туйилди ва мен беихтиёр кўзларимни очдим. Тепамда менга ғамгин тикилиб турган бир аёлга кўзим тушди. Қош-кўзлари қоп-қора, жингалак сочлари ёйилган аёлнинг кўзидаги чуқур қайғу ва юзидаги изтиробнинг изларини аниқ кўрдим. Эгнида оқ ҳарир кўйлак, гўё эртакдаги маликаларга ўхшарди. У бир зум менга тикилиб турди-да, сўнг икки қўли билан томоғимдан бўға бошлади. Мен уни итаришга, чангалидан қутулиб кетишга қанчалар уринмай, бефойда эди. Дугоналаримни ёрдамга чақирмоқчи бўлар ва жон талвасасида типирчилардим. Энди тақдирга тан бериб, қимирламай қолганимда чироқ ёнди. Умида ёнимга келиб:

— Тинчликми, тур, кўзларингни оч, сенга нима бўлди? — деб сўради.

Мен кўзларимни очдим. Терлаганимдан устимдаги кийимларим жиққа ҳўл эди. Хаёлимда мен уйғоқдай эдим, дугоналарим эса ухлаган чоғимда тинимсиз алаҳлаганимни айтишди. Хуллас, ўша тун чироқни ўчирмай ухладик. Эртасига тунда ҳам шу воқеа такрорланди. Энди мен чироқ ўчса ҳам ваҳимага тушадиган бўлиб қолгандим. Тун яқинлашаверса, юрагим безилларди. Дугоналарим билан каравотларни бирлаштирсак ҳам гўё ўша аёл келиб, ҳар кеча мени бўғарди. Ўз-ўзидан иштаҳам йўқолди, бўлаётган воқеалар руҳиятимга таъсир этиб, шўх қиздан қўрқоқ қизга айландим. Қизларга ҳар тун содир бўладиган воқеа ҳақида сўзлаб бердим. Умиданинг қўлларидан тутиб:

— Илтимос, бу ердан кўчиб кетайлик, — деб ялиниб-ёлвордим.

— Майли, эртадан бошлаб ижарага янги уй излайман, тополмасам, ётоқхонага кўчишимизга тўғри келади, — деди у.

Шу пайт хонамизга кампирнинг келини кириб келди. У: “Қизлар чироқни ўчиришни унутишган бўлса керак. Қайнонам уйғониб қолса, уларга бақирмасин, ўчириб кела қолай”, деб келган экан. У учовимиз ҳам ухламаганимизни ва боз устига менинг йиғлаб турганимни кўриб, хавотирланди. Кўз ёшларим сабабини билгач, бир муддат ўйланиб турди-да: “Демак, ҳали ҳам руҳи безовта экан-да бечоранинг”, деди ғамга чўмиб. Учовимиз ҳам ҳайрат билан унга тикилдик.

— Уч инсоннинг ҳаётини издан чиқарган бу аянчли воқеа содир бўлганига жуда кўп йиллар бўлган, — дея ҳикоясини бошлади у. — Мана шу хона асли сиз тушингизда кўраётган ўша аёлга тегишли. У шу хонада яшаган қайнонамнинг кундоши.

Биз оғзимиз очилиб, анграйиб қолдик. Бироқ учовимиз ҳам савол бермай, ҳикояни охиригача тингладик.

— Ҳа, ҳа, ҳайратланманг, кундоши. Айтишларича, у беозор, ўз эрини жонидан ортиқ кўрадиган, унинг ҳаловати учун жонини қурбон қилишга тайёр аёл бўлган экан. Мен бу ҳикояни раҳматли қайнотамнинг синглисидан эшитганман. Хуллас, ўша аёл билан қайнотамнинг бахтли турмушида бир ягона кемтиклик — Худо фарзанддан қисгани эди. Ўн йил чақалоқ йиғиси чиқмагач, қайнотамнинг яқинлари рафиқасига кун бермай қўйишган. Аҳвол шу даражага бориб етганки, атрофдагиларнинг совуқ муносабатидан юраги зардобга тўлган аёлнинг ўзи ахийри умр йўлдошидан бошқага уйланишини ялиниб-ёлвориб сўраган, боз устига унга муносиб рафиқа ҳам топган. Ҳа, бундай аёллар юз йилда бир марта келса керак дунёга.

Эрини шунчалар суйганки, унинг эртасини бегонага эмас, балки энг яқин дугонасига ишониб топширишни кўзлаган, яъни сиз кўриб турган шу кампир, менинг қайнонамга. У ўз вақтида турмушга чиқолмаган. Эри рафиқасининг кўз ёшларини артаркан, ўзи ҳам шу уйда қолиб, ҳеч қаерга кетмай бирга яшаш шарти билан дугонасига уйланишга рози бўлган. Тақдирнинг ўйинлари, чигал жумбоқлари кўп. Бу қандай юз берган билмадим-у, лекин бу хонадонда эр икки хотини билан яшашни бошлаган. Иккинчи хотини унга бир ўғил, яъни менинг турмуш ўртоғимни туҳфа этган. Бу ҳовлида чақалоқнинг дунёга келгани ҳақиқий бахт эди. Бундан, айниқса, тўнғич хотиннинг қувончи ичига сиғмас экан. У елиб-югуриб кундошининг хизматини қиларкан. Инсон бардош қилса-ку, чинакам бахтга эришади-я, бироқ у ҳар доим ҳам сабр қилавермайди.

Айниқса, аёл зоти на иссиққа кўнади, на совуққа. Иккинчи хотин Худо ато этган неъматга шукрона айтиб яшашни истамай қолади. У эрини ва боласини кундошидан рашк қиладиган одат чиқаради. Эрининг биринчи хотинига бўлган муҳаббати чексиз эди. Бу эса иккинчи хотинга тинчлик бермасди, гўё юрагига қора илон кириб, жойлашиб олгандай, тунлари оромини ўғирлаганидан у кундошига кун бермай қўяди. Аёл зоти баъзан ниҳоятда калта фикрлайди-да. Рашк унинг кўзларини кўр қилиб қўйганидан қилишга ҳозирланаётган ишининг оқибатини ўйламасди ҳам.

Бечора кундоши болага яқинлашмай қўйди. Эри хонасига кирганида ҳам кундошининг олдига чиқариб юбораверди. Ота-онасиникига кетиб ҳам кўрди, бўлмади. Эри, барибир, уни қайтариб олиб келарди. Бундай яшаш учаласига ҳам қанчалар азоб бўлганини тасаввур қиляпсизми? Хуллас, кундошидан қутулишга қарор қилган иккинчи хотин ўша машъум тунда эри ишдан кетганидан фойдаланиб, тўнғич хотиннинг хонасига кириб, уни ухлаб ётганида бўғиб ўлдиради. Ўша онда юрагини эгаллаган ўша қора илон секин ўрмалаб, чиқиб кетгандай бўлади. Унинг жодуси қаёққадир йўқолгач, қандай жиноят қилиб қўйганига фаҳми етади, бироқ энди кеч эди.

Аёлни қотилликда айблаб, узоқ йилга озодликдан маҳрум этишди. Суйган аёлининг доғини кўтаролмаган эр эса тақдирнинг бу зарбасига бардош беролмади. Бола эса аммаларининг қўлида улғайди. Мана шунақа гаплар. Бу уйда неча марта турли маросимлар ўтказилганига қарамай, негадир ўша аёлнинг безовта руҳи ҳеч тинчимайди. Шу хонадан чиқиб кетаётган ижарачи қизларнинг еттинчиси бўласиз. Марҳуманинг руҳи тинчишини жуда истардим, бироқ бунинг учун нима қилиш кераклигини билмайман. Безовталик руҳ учун азоб.

Ўша уйдан чиқиб кетаётганимизда ўзимни анча енгил ҳис қилдим. Елкамдан худди тоғ ағдарилгандай эди. Кундошлар орасида юз берган аянчли фожиа ҳалигача мени ўйлантиради. Ҳаётдан эрта кетган аёлнинг кўзларидаги қайғу, юзларидаги изтироб изларини эсласам, руҳи ором топсин, деб ҳақига дуо қилиб қўяман.
ШАҲНОЗ

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Эрини уйлантирган аёл қисмати...