20:00 / 18.06.2019
3 320

Нега баъзи касалликларда муолажалар наф бермайди?

Нега баъзи касалликларда муолажалар наф бермайди?
Баъзан хасталикларни даволаш учун турли анъанавий ва ноанъанавий усулларни қўллаш, энг қиммат ва ноёб дори-дармонларни синаб кўриш ҳам наф бермайди. Мисол учун, оддийгина семиришдан азият чекиб, озиш учун ўзини ўтга-чўғга урадиганлар, турли хилдаги парҳез-у спорт машқларини қўллаб кўрадиган, аммо ҳеч қандай ижобий натижага эришолмаётганидан нолийдиганлар кўп учрайди. Шунга қарамай, тиббиётда гоҳида даволанмас дея эътироф этилган саратонни ҳам енгиб ўтганлар ҳақидаги гаплар қулоққа чалинади.

Тиббиётнинг энг қадимий йўналишларидан бири бўлган психосоматика буни инсоннинг руҳий ҳолати билан боғлайди. Психосоматика (юнонча «психо» ─ руҳ, «сома» ─ тана сўзларидан таркиб топган) касалликларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишида руҳий омилларнинг таъсирини ўрганувчи фан ҳисобланади.

Мазкур назарияга кўра, организмда хасталик вужудга келишига жисмоний ўзгаришлар билан бир қаторда руҳий бузилишлар ҳам сабаб бўлади. Агар хасталик дори ва бошқа муолажалар натижасида ҳам барҳам топмаса, демак, муаммонинг ечимини руҳиятдан қидириш лозим.

Дилрабо Муҳаммаджонова, олий тоифали шифокор, тиббий психолог:

─ Муайян хасталикни дорилар орқали муолажа қилиш уни вақтинчалик тўхтатиши, симптомларни йўқотиши мумкин, аммо касаллик негизига таъсир кўрсатмайди. Натижада сал вақт ўтгач, хасталик яна такрорланиши, сурункали кўринишга ўтиб кетиши, ачинарлиси, бошқа жиддий касалликларни ҳам эргаштириб келиши мумкин.

Мисол учун, ҳолсизликка ҳеч ким жиддий эътибор қаратмайди. Бир ухлаб турсам, ўзимга келаман, деб ўйлайди. Ваҳоланки, ҳолсизлик тўйиб ухлаш, витаминлар қабул қилиш билан ҳам барҳам топмаслиги мумкин. Агар у даволанмай қолаверса, иммунитетнинг тушишига сабаб бўлади, бу эса инфекцион хасталикларни юқтириб олиш хавфини пайдо қилади. Шу боис хасталик тиббий муолажалар орқали шифо топмаяптими, демак, руҳиятни даволашга киришиш лозим.

Лекин, албатта, биринчи навбатда организмдаги ўзгаришлар (шамоллаш), овқатланиш ва дам олиш тартиби кабиларга ҳам эътибор қаратиш керак. Иситма қирққа чиқиб турганда руҳиятнинг соғайишини кутиб туриш ярамайди, тиббий муолажага мурожаат қилинади. Руҳий давони биринчи ва асосий планга олиб чиқиш эмас, ундан қўшимча самара воситаси сифатида фойдаланиш лозим.

Бироқ психолог ҳузурига бориш, руҳиятни соғломлаштириш каби масалаларга ҳали жамиятда жиддий ёндашув шаклланмаган. Одамлар ўз дардига шифокордан даво топмаса, мулла-ю, азайимхонлардан нажот истайди...

Психологларнинг таъкидлашича, қўрқув, аламзадалик, нафрат, ғазаб, хафалик каби руҳий кечинмалардан ўз вақтида халос бўлинмаса, бу салбий ҳиссиётлар йиғилиб бориб, касаллик учун қулай шароит ҳозирлайди. Қуйида энг кўп учрайдиган сурункали хасталикларнинг қандай руҳий-ҳиссий бузилишлар негизида шаклланиши ҳақида маълумот берамиз:

саратон ─ унутилмаган гиналар, ўтмишдаги хафагарчиликларни унута олмаслик;

аллергия ─ ҳаётидаги қайсидир инсонни (ёки ўзини) қабул қила олмаслик, уларнинг борлигидан ғижиниш;

қалқонсимон без хасталиклари ─ ўз турмушидан, ҳаёт тарзидан қониқмаслик;

алкоголга ружу қўйиш ─ кимнингдир ёки ўзининг олдида айбдорлик ҳиссини туйиш, ўз шахсиятидан тониш, ўзини фойдасиз деб ҳисоблаш;

аёлларда ой кўриш билан боғлиқ муаммолар ─ ўзини аёл сифатида қабул қила олмаслик, аёллик ролини яхши ижро этолмаяпман деган фикрдан қутула олмаслик;

хотиранинг пасайиши ─ ўз ҳаёти учун жавобгарлик масъулиятидан қочиш, доимий қўрқув таъқибида яшаш;

томоқ соҳасидаги муаммолар (тонзиллит, ангина, ларингит) ─ ўйлаётган гапларини тил учига чиқара олмай, юрагида сақлаб юриш натижаси;

камқонлик (анемия) ─ ҳаётда қувончли лаҳзаларнинг етишмаслиги, ўзини доимий тушкунликда ҳис қилиш;

бавосил (геморрой) ─ эски хафагарчиликлар ва гиналардан қутула олмаслик;

кўричак (аппендицит) ─ янгиликларни қабул қилишдан қўрқув ҳисси;

иштаҳанинг йўқолиши ─ атрофдагиларга нисбатан муттасил ишончсизлик ҳисси;

иштаҳанинг меъёридан ортиқ фаоллиги (кўп ейиш) ─ ўзини ҳимоясиз сезиш, яқинларининг қўллаб-қувватлашига шубҳа билан қараш;

қон томирлари касалликлари ─ ҳаётидаги мавжуд нарсалардан завқлана олмаслик, қувонч ҳиссининг етарли эмаслиги;

диққинафас (астма) ─ ўзини ҳимоясиз сезиш, негатив ҳиссиётлардан қутула олмаслик;

атеросклероз (қон томирларининг мўртлашуви) ─ оқимга қарши сузиш ҳиссининг кучлилиги, ҳаётдаги табиий жараёнларни қабул қила олмаслик;

бепуштлик ─ ички «мен» нинг меъёридан ортиқ кучлилиги, масъулиятдан қочиш;

уйқусизлик ─ кимнингдир олдида айбдорлик ҳиссини туйиш, қўрқув;

Паркинсон (мушакларнинг қалтираши) ─ ҳамма нарсани доимий назоратда ушлаб туришга интилиш ва бунинг уддасидан чиқа олмаётганидан аччиқланиш;

метеоризм (ичакларда газ тўпланиши) ─ ўзини тўлалигича намойиш этишдан қўрқиш, амалга ошмаган орзулар;

нафас йўли касалликлари (гайморит, бронхит) ─ оиладаги муҳитнинг номақбуллиги, доимий жанжаллар;

варикоз (оёқ қон томирларининг кенгайиши) ─ ўзига маъқул бўлмаган муҳитда яшаш, ишга ҳаддан ташқари кўмилиб олиш;

инфекцион хасталиклар ─ ҳаётдан завқлана олмаслик, доимий тушкунлик кайфияти;

витилиго (пес) ─ ўзи учун бегона муҳитда яшаш, дунё мени боримча қабул қилмаяпти, деган қўрқув ҳиссининг таъқиб этиши;

сурункали шамоллаш касалликлари ─ атрофингиздаги муҳит сизнинг жаҳлингизни чиқаради, кўп нарсани ўзгартиришни истайсиз, лекин уддасидан чиқа олмаяпсиз;

ҳомила тушиши ─ келажак олдидаги қўрқув;

ошқозон касалликлари ─ ўз ҳаёти билан боғлиқ муҳим масалаларда бир қарорга кела олмаслик, қатъиятсизлик, янгиликни қабул қила олмаслик;

жигар касалликлари (хусусан, гепатит) ─ ҳаётдаги ўзгаришларга қаршилик ҳисси, қўрқув, жаҳл, нафрат ҳиссининг тўпланиб қолиши;

герпес (учуқ) ─ қолипларни, қоидаларни бузиш истаги, бир хилликдан зерикиш;

кўз касалликлари ─ ўзини қуршаб турган муҳитдан норозилик ҳисси, ўзини ва яқинларини борича қабул қила олмаслик;

кўриш қобилиятининг пасайиб кетиши ─ келажакдан қўрқув ҳисси;

эшитиш қобилиятининг пасайиши ─ меъёридан ортиқ қайсарлик, танқидни қабул қила олмаслик, атрофдан ўзини изоляция қилиб олиш;

бош айланиши─ кераксиз фикрларга ортиқча аҳамият қаратиш, майда-чуйдаларни ҳам кўнгилга яқин олиш;

бош оғриғи ─ ўзидан қониқмаслик ҳисси, доимий равишда ўзини тафтиш қилиш, камчиликларидан уялиш;

замбуруғли касалликлар ─ ўтмишдаги нохуш хотиралардан қутула олмаслик;

грипп ─ ташқи оламга қарши исён ҳиссининг пайдо бўлиши, норозилик кайфияти;

аёллардаги кўкрак хасталиклари ─ ўзига етарли даражада эътибор қаратмаслик, ўз истакларини охирги ўринга қўйиш;

чурра (грижа) ─ ўз қобилиятларини етарлича намоён қила олмаслик кайфияти;

милк касалликлари ─ ҳаётга нисбатан қатъий муносабатнинг йўқлиги, қатъиятсизлик;

депрессия (сурункали стресс) ─ ҳимоясизлик, ўз туйғуларини чеклаш;

қандли диабет ─ завқланиш учун сабаб топа олмаслик, чуқур тушкунлик кайфияти;

ўт қопидаги муаммолар ─ кек сақлаш, кибрлилик;

дудуқлик ─ туйғуларини тўлалигича намойиш эта олмаслик;

шишлар ─ ўзи учун қадрли бўлган нарсаларни йўқотишдан қаттиқ қўрқиш;

оғиздан ёқимсиз ҳид келиши ─ кимдандир қасос олиш истаги, ҳасадгўйлик;

танадан ёқимсиз ҳид келиши ─ бошқалар билан мулоқотга кришишдан қўрқув ҳисси;

қабзият (ич қотиши) ─ эски ўй-хаёллар, армонлардан воз кеча олмаслик, ўтмишга боғланиб қолиш, бугунги кун билан яшай олмаслик;

жиғилдон қайнаши (изжога) ─ қўрқув;

семизлик ─ ҳиссиётларни тан олишни истамаслик, ўз шахсиятини инкор этиш;

суяк касалликлари ─ исёнкорлик ҳисси, бошқаларга бўйсунишни истамаслик;

гипертония (қон босимининг юқорилиги) ─ ҳал қилинмаган ҳиссий муаммолар;

гипотония (қон босимининг пастлиги) ─ меҳр ва муҳаббатга муҳтожлик ҳисси;

энурез (пешоб тутолмаслик) ─ катталардан, асосан, отадан кучли қўрқув ҳисси;

тутқаноқ ─ доимий таъқиб ҳиссининг бўлиши, ўзини ҳеч бир нарсага муносиб кўрмаслик;

хуррак отиш ─ стереотиплардан воз кеча олмаслик, янгиликларни қабул қилишни истамаслик;

доимий чарчоқ ─ ўзи ёқтирмаган иш билан шуғулланиш натижасидаги тушкунлик оқибати;

кўнгил айниши ─ қўрқув, ўз қобилиятини намойиш қила олмаслик;

юрак касалликлари ─ сурункали стресслар, эски гиналарни унута олмаслик, қувончли онларнинг камлиги;

сочларнинг эрта оқариши ─ стресс, ҳаётини назорат қила олмасликдан қўрқув ҳисси.

Руҳий бузилишларнинг конкрет хасталикларни келтириб чиқариши, уларнинг юқоридаги каби боғлиқлигини чуқур тадқиқ қилган америкалик психолог Луиза Хейнинг таъкидлашича, инсон доимо ҳиссиётлар қуршовида яшайди ва ҳар бир ҳис жисмда ҳам, руҳда ҳам ўз изини қолдиради. «Қувонч ёшартиради, қўрқув қаритади» , ─ дейди у.

Психолог вазиятни ўзгартириш инсоннинг ўзига ва иродасига боғлиқлигини таъкидлайди:

«Хасталиклар кўпинча ўзидан қониқмаслик, ҳаётдан ва одамлардан норозилик, эски гиналарни унута олмаслик, нафрат, ўзига мос касб билан шуғулланмаслик, қўрқув кабилар негизида пайдо бўлади. Уларни бартараф этиш эса ўз қўлингизда, озгина ирода бўлса бас: ҳаётни ҳам, инсонларни ҳам, энг муҳими, ўзингизни ҳам борингизча севинг ва қабул қилинг. Илло, ҳар бир шахсда Парвардигорнинг тажаллиси мужассам. Нафратланманг, севинг, кечиримли бўлинг. Ўтмишдаги нохушликларни унутинг, уларни кўнгилда сақлаб юрган билан ҳеч нарса ўзгармайди ахир. Қўрқувлар қаршисида чекинманг, ҳаёт қўрқиб яшаш учун жуда қисқалик қилади...»

Саодат Абдураҳмонова

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Нега баъзи касалликларда муолажалар наф бермайди?