Пул оқимини тўсадиган одатлар сизда ҳам борми?

Кўпчилик инсонлар нега молиявий аҳволи ўзгармаётгани ёки нега пул “ушланиб” қолаётгани ҳақида ўйлаб кўради. Айримлар буни омадсизлик, бошқалар эса ташқи шароит билан боғлайди. Бироқ психологлар ва молиявий мутахассислар фикрича, баъзан инсоннинг ўзидаги айрим фикрлаш тарзи ва кундалик одатлар ҳам молиявий ўсишга жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.
Мутахассислар пул оқимини секинлаштирувчи энг кенг тарқалган учта одат ҳақида гапирмоқда.
Биринчиси — ҳаддан ташқари тежамкорлик. Албатта, тежаш ва ортиқча харажатдан қочиш муҳим. Аммо доимо энг арзон нарсани қидириш, ўзини ҳар қандай қулайликдан маҳрум қилиш ва ўзига сармоя киритмаслик инсон онгига “мен яхшироқ ҳаётга лойиқ эмасман” деган сигнални юбориши мумкин.
Психологлар таъкидлашича, инсон ўзини қадрлаши ва ўзи учун минимал бўлса-да қулай муҳит яратиши ички ишончни кучайтиради. Акс ҳолда, киши доимий танқислик ҳисси билан яшай бошлайди.
Иккинчи тўсиқ — доимий нолиш одати. Нарх-наво, иқтисодий вазият, раҳбар ёки иш берувчидан тинимсиз шикоят қилиш инсонни аста-секин “қурбон” позициясига олиб кириши мумкин.
Бу ҳолатда инсон имконият излаш ўрнига, айбдор қидиришга ўтиб кетади. Натижада эса ҳаракат камаяди, ташаббус сусаяди ва янги даромад эшиклари ёпилиб боради.
Учинчи муҳим омил — бой инсонларга нисбатан салбий муносабат. Агар киши бойларни фақат “ўғри”, “инсофсиз” ёки “ёмон одам” сифатида қабул қилса, унинг онг ости бойликни хавфли нарса сифатида қабул қила бошлайди.
Шу сабаб инсон ички равишда молиявий ўсишдан ўзини тийиши мумкин. Чунки онг ости “бой бўлсам, мен ҳам ёмон одамга айланаман” деган ҳимоя механизмини ишга туширади.
Мутахассислар фикрича, бу муаммоларнинг ечими фикрлаш тарзини ўзгартиришдан бошланади. Диққатни фақат “қандай қилиб тежаш”га эмас, балки “қандай қилиб қиймат яратиш”, “қандай қилиб кўпроқ фойда келтириш” ва “қандай қилиб даромадни ошириш”га қаратиш муҳим.
Чунки катта молиявий ўсиш аксарият ҳолларда фақат иқтисод қилиш орқали эмас, балки янги имкониятлар, билим ва ҳаракат орқали келади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!