Покистондаги терактда 15 полициячи ҳалок бўлди

Фото: Yandex
Покистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Хайбер Пахтунхва вилоятида содир этилган қонли ҳужум мамлакатдаги хавфсизлик вазиятини янада кескинлаштирди. Қурбонлар сонига кўра, ҳодиса сўнгги вақтлардаги энг оғир терактлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Dawn нашри маҳаллий расмийларга таяниб хабар беришича, ҳужум Банну туманидаги полиция постига қарши амалга оширилган. Террористлар портловчи моддалар билан тўлдирилган автомобилни постга йўналтириб, кучли портлашни юзага келтирган. Портлашдан сўнг ҳужумчилар бир неча томондан ўқ узиб, вазиятни янада оғирлаштирган.
Ҳудудий полиция вакили Сажжад Хоннинг маълум қилишича, ҳужум пайтида постда жами 18 нафар полиция ходими навбатчилик қилаётган бўлган. Оқибатда камида 15 нафари ҳалок бўлган, қолганлари турли даражада жароҳат олгани айтилмоқда.
Кучли портлаш туфайли полиция пости деярли бутунлай вайрон бўлган. Шунингдек, пост ҳудудида жойлашган зирҳли техника ҳам йўқ қилинган, атрофдаги биноларга эса жиддий шикаст етган.
Расмийлар қутқарув ишлари якунланганини маълум қилиб, ҳозирда ҳудудда хавфсизлик чоралари кучайтирилганини билдиришди. Қўшимча назорат пунктлари ўрнатилиб, вазият тўлиқ назоратга олинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!