date

Нега барака йўқ: ризқни йўқотувчи одатлар ҳақида

Нега барака йўқ: ризқни йўқотувчи одатлар ҳақида

Баъзан инсон ўзини жуда банд, тинимсиз меҳнат қилаётгандек ҳис қилади. Кун давомида ишдан бош кўтармайди, ҳаракатда бўлади. Маоши ҳам ёмон эмас, ҳатто айримларга қараганда яхшироқ. Аммо шунга қарамай, ҳаётида барака йўқдек туюлади. Пул бор, лекин ундан қониқиш йўқ. Иш бор, лекин хотиржамлик сезилмайди.

Кўпчилик бу ҳолатни ташқи омиллар билан боғлайди: иқтисод, иш жойи, раҳбар ёки атроф-муҳит. Лекин аслида масаланинг илдизи кўп ҳолларда инсоннинг ўзида — унинг кундалик одатлари ва муносабатида ётади.

Хўш, нима учун маош бору, барака йўқ? Жавоб оддий, аммо қаттиқ ўйлантиради. Чунки кўп ҳолларда инсон:
— ўз вазифасига етарлича масъулият билан ёндашмайди;
— раҳбар ёки ҳамкасблар ҳақида ортидан гапиради;
— ўзидан паст лавозимдагиларга юқоридан қараш одатини шакллантиради;
— ишга кеч келиб, эртароқ кетишни одат қилади;
— иш вақтида шахсий ишлар билан овора бўлади;
— доим нолиш ва шикоят қилишга мойил бўлади;
— масъулиятдан қочиб, баҳона қидиради;
— жамоа ютуғидан кўра бошқаларнинг камчилигини кўпроқ муҳокама қилади;
— баъзан ҳалол меҳнат ўрнига осон ва яширин манфаат излашга мойил бўлади.

Мана шу одатлар секин-аста инсон ҳаётидан баракани олиб чиқади. Буни кўпчилик сезмайди, аммо натижаси аста-секин намоён бўлади.

Энг муҳим ҳақиқатни унутмаслик керак: ҳаром аралашган жойда барака бўлмайди. Пул кўпайиши мумкин, даромад ошиши мумкин, лекин ички хотиржамлик ва қониқиш йўқолади. Ҳаётдаги асосий қадрият — айнан шу тинчликдир.

Барака қаерда? У фақат ҳалолликда.
Барака — виждон билан ишлашда.
Барака — бошқаларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликда.

Шунинг учун ҳар бир инсон ўзидан бир саволни тез-тез сўраб туриши керак:
“Мен иш жойимга барака олиб келяпманми ёки уни ўзим йўқотяпманми?”

Жавоб оддий эмас. Лекин рост жавоб берсанг — ҳаётинг ўзгаради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Фойдали » Нега барака йўқ: ризқни йўқотувчи одатлар ҳақида