19:33 / 15.02.2020
7 095

“Сен хотинингга хиёнат қилсанг, у сенга хиёнат қилмайдими?”

“Сен хотинингга хиёнат қилсанг, у сенга хиёнат қилмайдими?”
Бу олтмишлар атрофидаги одамни анчадан бери танийман. Кўрса ўзини кўрмаганга солиб олади. Мен билан саломлашмайдиям, гаплашмайдиям, аниқроғи гаплашолмайди.
Чунки...
У одам билан биринчи марта танишганимизга йигирма беш йиллардан ўтди-ёв. У вақтда талаба эдим. Соддагина. Шаҳарлараро автобусга чиқдим, ўқишга кетяпман, ёнимга қирқ ёшлар чамасидаги битта “ака” жойлашди. Автобус йўлга тушганда салом-аликни йиғиштириб бирданига “томдан тараша туширди” у “ака”:

- Намоз ўқийсанми?, - деди бошимдаги дўппим, жиддийроқ кийинган кийимларимга қараб, энсаси қотиб.
- Ҳа, - дедим қисқа қилиб. Шу муомаласининг ўзидаёқ “ҳа, сеними!?” деб қўйгандим. Қилиқлари ғашимга тега бошлади. Чунки у одам ўз фаҳмида “замондан орқада қолган” билан кетарди…
- Сенларда аёллар етти қават пахсани ичида ўлтирадида-а?, - деди кулиб. Жавобга ҳожат йўқ эди. Масҳарабозликни давом эттирди:
- Етти қават паранжи ҳам дегин?, - деди яна ишшайиб. Индамадим. Кейин ўзича куюнганнамо бўлиб:
- Менга қарагин, нега шунақасанлар-а? Юрмайсанми мазза қилиб, ҳаётдан баҳра олмайсанми!? Ич, кайф қил, мазза қил, ўйна, кул, қизлар билан юр, - деб алланималарни роса гапирди. Мени биринчи “тугилган муштим” сиқилганча турганди.
- Ака, қаерда ишлайсиз?, - дедим бир оз сайрагандан кейин, мавзуни қаёққа олиб кетаётганлигимни сезиб қолмаслиги учун.
- Фабрикада.
- Аёлингиз-чи?
- У ҳам, ахир бизда аёллар сизлардаги ҳалигидай, пахса ичида ўлтиришмайди-ку!, - деди яна илжайиб, қўлларини гирра қилиб айлантириб.
- Ўзингиз айтганингиздай, қизлар билан юрарсиз?, - дедим.
- Албатта-да! Нега юрмай!?, - деди кўзлари чарақлаб.
- Аёлингиз билиб қолмайдими? Ахир битта фабрикада ишларкансиз, - дедим.
- Нималар деяпсан? Мен ақлли одамман, ҳаммасининг режасини тузиб қўйганман. Ошқовоқмидим!? Атайи сменамизни бошқа-бошқа олиб юраман, - деди мамнун бўлиб, оғзининг таноби қочиб.
- Мен унга айтармидим, ё билдирармидим? Ўзим билиб ишимни қилиб юравераманда! Билиб ўлтирибдими!?, - деди давомида кулиб.
- У-чи, у?, - дедим.
- Нима “У”?, - деди тушунмай.
- У ҳам айтармиди, ё билдирармиди? Билиб ишини қилиб юраверади-да! Билиб ўлтирибсизми? Ахир сменасини бошқа қилган ўзингизку?!, - дедим кулиб…

Гап узилиб, ҳангома бузилди. Суҳбатимизга нуқта қўйдик. То манзилимизга етгунга қадар у одам юзини мен томонга буролмади. Шу-шу, ҳали гаплашолмаймиз…
Мени кўрса, кўрмагандай ўтиб кетади...

Салим АЙЮБИЙ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » “Сен хотинингга хиёнат қилсанг, у сенга хиёнат қилмайдими?”