Фото: Bloomberg
Ўзбекистонда сўнгги йилларда хусусийлаштириш жараёнига эътибор кучаймоқда. Хусусан, 2022—2023 йилларда йигирмадан ортиқ давлат иштрокидаги йирик корхоналарни хусусийлаштириш режалаштирилган.
Жорий йилнинг 17 август куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан давлат иштирокидаги йирик корхоналар акцияларини фонд биржасида бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
20 декабрь куни эса Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида 2023 йилда «катта хусусийлаштириш» бошланиши, мингга яқин корхона савдога чиқарилишини таъкидлади.
«Менинг катта ниятим – юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлсин. Одамларимиз ўз омонатларини инвестиция қилиб, юқори даромадларга эга бўлсин. Шунинг учун, топшириқ бердим.
Кейинги йилда энг йирик 10 та компания ва тижорат банкларимизнинг акциялари ўз аҳолимиз учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилади. Бу чинакам халқ IPO‘си бўлишига ишонаман», — деган президент.
Нима сабабдан IPO бундай муҳим воқеа ҳисобланади ва бу аҳолига қандай наф келтиради? Дарё шарҳида шу масала кўриб чиқилади.
IPO нима ва у нимага ўтказилади?
IPO (Initial Public Offering) — бу компания акцияларининг фонд биржасида биринчи жойлаштирилиши.
Акция — бу корхона ишлаб чиқарадиган қимматбаҳо қоғоз. Акцияларни сотиб олган аҳоли вакиллари ёки компаниялар бизнесга шерик бўлиб қолади.
Компания учун IPO — бу манфаатли шартларда йирик инвестицияларни жалб қилиш усули.
Масалан, 2011 йилда NASDAQ Америка фонд биржасида акцияларни биринчи марта оммавий жойлаштириш натижасида «Яндекс» компанияси 1,3 млрд доллар миқдордаги маблағни жалб қилишга муваффақ бўлди.
Молиявий манфаатлардан ташқари, корхона ўз обрўсини мустаҳкамлайди ва кенг тан олинади.
Йирик компанияларнинг IPO’га чиқиши муҳим воқеа бўлиб, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотади.
Шунингдек, IPO ўтказиш — хусусийлаштириш усулларидан бири. Сўнгги йилларда ҳукумат компанияларни кимошди савдоси ва аризалар қабул қилиш йўли билан сотиш орқали иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Халқ IPO’си аслида нима?
Халқ IPO’си — бу компания акцияларини брокерларсиз тўғридан-тўғри жисмоний шахсларга сотиш.
Бу оддий одамларга йирик миллий компанияларнинг акцияларини сотиб олиш ва шу орқали нафақат компания фойдасининг бир қисмини олиш, балки уни ривожлантиришда иштирок этиш имконини ҳам беради.
Халқ IPO’сида акциялар биринчи навбатда жисмоний шахсларга — мамлакат фуқароларига сотилади.
Халқ IPO’си компания учун қанчалик фойдали?
Компания ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун пулга муҳтож. Банкдан кредит олинганида эса фоиз тўлаш ва мулкни гаровга қўйиш керак бўлади. Бундан ташқари, банк ўрнатадиган қаттиқ тўлов тақвими бизнесни хотиржам олиб боришни қийинлаштиради.
Жаҳон молиявий амалиётида банк кредитининг муқобил варианти бор — инвесторни жалб қилиш. Шу орқали тадбиркорлар ўз бизнесини янада ривожлантира олади.
Халқа IPO’си ёрдамида компаниялар қўшимча сармояларни мамлакатнинг оддий фуқароларидан олади.
Кўпинча давлатнинг ўзи иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солишни камайтириш учун компанияларнинг улушини сотади.
Халқ IPO’си аҳоли учун қанчалик фойдали?
Акцияларга эгалик қилиш аҳолига компаниянинг ривожланиши ва ўсишидан фойда олиш имкониятини беради. Бу йиллик тўловлар — дивидендлар ва акциялар нархининг ошиши орқали содир бўлади.
Халқ IPO’си учун энг барқарор компаниялар танлаб олинади. Уларнинг аксарияти ўз даромадларини мамлакат ичидаги фаолияти орқали амалга оширади яъни бу жаҳон бозорларидаги вазиятга боғлиқ бўлмайди.
Мазкур барқарорлик инвесторларни жалб қилади, бу эса уларга бўлган талабни ва нархларни қўллаб-қувватлайди.
Нега давлатга Халқ IPO’си керак?
Биринчидан, давлат учун Халқ IPO’си — бу халқ пулларини мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга жалб қилиш усулидир.
Давлат компаниялари IPO давомида тўпланган маблағларни уларни янада ривожлантириш, активларни ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва кенгайтиришга йўналтириши мумкин.
Иккинчидан, Халқ IPO’си муҳим вазифага — фонд бозорини ривожлантиришга ёрдам беради.
Етакчи корхоналар акцияларини сотиб олиш имконияти билан сармоядорлар доираси кенгаяди. Акцияларга талабнинг ортиши уларнинг ликвидлигининг ошишига олиб келади ва бу ўз навбатида, фонд бозорининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Аҳолининг қимматли қоғозларни сотиб олишдаги фаоллиги бозорга катта маблағ олиб келадиган йирик инвесторларни жалб қилади.
Учинчидан, унинг ёрдамида давлат миллий бойликни мамлакат фуқаролари ўртасида тақсимлайди.
Муваффақиятли корхоналарнинг акцияларига эгалик қилиш фуқароларга уларнинг ривожланиши ва ўсишидан фойда олиш имкониятини беради.
Дунё тажрибаси: Буюк Британияда IPO
Буюк Британияда кенг миқёсда хусусийлаштириш ва IPO жараёни ўша вақтлардаги мамлакат Бош вазири Маргарет Тэтчер бошчилигида кузатилган (1979—1990).
Маргарет Тэтчер даврида Буюк Британия ҳукумати томонидан тузилган энг муҳим хусусийлаштириш битимлари:
- 1982 йилда Амершам International ядровий тиббиёт компанияси 63 млн фунт стерлингга (ҳозирги кунда 97 млн доллар) сотилган;
- 1984 йилда British Telecom компанияси 3,9 млрд фунт стерлинг (6 млрд доллар) эвазига сотилган;
- 1986 йилда British Gas 5,6 млрд фунт стерлингга (8,6 млрд доллар) сотилган;
- 1987 йилда British Airways 900 млн фунт стерлингга (1,4 млрд доллар) сотилган;
- 1987 йил Rolls-Royce 1,4 млрд фунт стерлингга (2 млрд доллар) сотилган.
1990 йилга келиб мамлакатда 600 минг ишчи ишлайдиган 40 дан ортиқ Буюк Британия давлат корхоналари хусусийлаштирилган.
1979—1990 йилларда Буюк Британияда 60 миллиард фунт стерлингдан ортиқ давлат активлари сотилган ва миллийлаштирилган саноатнинг бандлик улуши 9 фоиздан 2 фоизгача камайган.
Тэтчер вазир сифатида фаолиятини бошлаган вақтда мамлакатдаги аксионер аҳолининг сони уч миллиондан 12—15 миллионтагача ошган.
Хорижий тажриба: дунё тарихидаги энг йирик IPO
2014 йил сентябрда Нью-Йорк фонд биржасида Alibaba Груп Holding Ltd Хитой холдингининг (эгаси «Taobao.com», Tmall, «Alibaba.com», AliExpress ва бошқалар) акциялари жойлаштирилган эди. Акцияларга бўлган юқори талаб ташкилотчиларга ушбу қимматбаҳо қоғозларнинг дастлабки нархлар диапазонини оширишга, ва натижада кўпроқ пул жалб қилишга имкон яратди.
Кўпинча акциялар жойлаштирилган биринчи кунида «IPO сакраши» рўй бериб, шунда нархлар кескин кўтарилади. Биринчи сессия натижалари бўйича Alibaba акциялари 38 фоиз ўсди ва ҳар бирининг нархи 93,89 доллар га етди.
IPO натижасида Хитой холдинг компанияси бозор қиймати бўйича Facebook, Amazon ва JPMorgan Chase банкни ортда қолдирди. Alibaba капитализацияси 231,4 миллиард долларни ташкил қилди.
Ўзбекистон тажрибаси: тарихимиздаги илк IPO
2018 йилда «Тошкент» фонд биржасида «Кварц» акцияларининг сотуви старт олди. 3,3 мингдан ортиқ киши шиша заводининг янги акциядорларига айланди.
Аҳоли кўпроқ қимматбаҳо қоғозларни кичик миқдорда олди - 2 дан 100 дона акциягача, максимал пакет сони эса 2287 дона акциядан иборат бўлди.
Брокерлар буни Ўзбекистонда фонд бозори эндигина ривожлана бошлагани ва инвесторлар дастлабки тахминий қадамларни қўяётгани билан изоҳлашди. Қиммат қоғозларни сотишдан тушган маблағ ишлаб чиқаришни модернизация қилишга йўналтирилди.
«Кварц» акцияларини иккиламчи жойлаштириш (SPO) 2019 йилнинг охирида амалга оширилди. Ташкилотчи сифатида Freedom Broker халқаро инвестицион компанияси бўлди. Завод аввалига 4,82 млн акцияларни сотишни режалаштирган эди, аммо обуна жараёни давомида брокерлар 4,89 млн акциялар учун талабномалар олишга эришдилар. Талаб 101,4 фоизни ташкил қилди.
Оддий одамга акцияларни сотиб олиш нима учун керак?
Қимматбаҳо қоғозлар — дунёнинг кўпгина мамлакатларида фойда кўришнинг кенг тарқалган анъанавий воситаси. Масалан, Gallup Америка жамоатчилик фикри институтининг маълумотларига кўра, 2022 йилнинг апрель—май ҳолатига кўра, 58 фоиз америкаликлар акцияларга эгалик қилади.
Акциялар харидорлари нимага эга бўлади:
- Акцияларнинг катта пакетини сотиб олган инвестор акциядорлар мажлисида овоз бериш йўли билан бизнесни бошқаришга таъсир қила бошлайди.
- Маълум вақт ўтганидан кейин сотиб олинган акцияларни қимматроқ сотиш имконияти бўлади.
- Компанияда янгитдан фойда олиш имконияти пайдо бўлади.
Манба: Daryo.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Чехия юзлаб мактаблардаги портлаш таҳдидларида россиялик жосусларни айблади