07:00 / 08.04.2023
152

Жаҳон банки Ўзбекистон учун иқтисодий прогнозини эълон қилди

Фото: AP

Жаҳон банки мутахассислари “Европа ва Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий шарҳи” ҳисоботини эълон қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2023 йилда иқтисодий ўсиш 5,1 фоизни ташкил этиши (Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ҳозирда прогноз қилинаётган энг юқори ўсиш) ва ўрта муддатли истиқболда босқичма-босқич тезлашиши кутилмоқда.

Россиянинг Украинадаги уруши ва Россияга қарши жорий этилган санкциялар билан боғлиқ транспорт логистикасидаги қийинчиликлар озиқ-овқат ва энергия нархларининг юқори бўлишига ва шахсий истеъмолни камайтиришга туртки бўлиб қолиши мумкин.

Хусусий сармоя ва савдонинг кўтарилиши ҳамда Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг 2022 йилдаги энг юқори чўққисига чиққанига нисбатан барқарорлашиши кутилмоқда. Хитой иқтисодиётининг кутилаётган тикланиши Ўзбекистондан тўқимачилик ва озиқ-овқат экспортига бўлган талабни ошириши мумкин.

Олтин ва мис экспортидан бўлган тушумнинг ошиши, шунингдек, давлат инвестицияларининг секинлашиши бюджет тақчиллигининг 2023 йилда ЯИМнинг 3,3 фоизигача қисқартиради.

Ҳукумат ташқи қарзлар бўйича чекловларга амал қилиши кутилмоқда, бу эса 2025 йилга бориб давлат қарзи ва умумий ташқи қарзнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 32 фоиз ва 55 фоизгача босқичма-босқич қисқаришига олиб келади.

Ижтимоий ҳимоя дастурларини янада ошириш ва кенгайтириш мамлакатда камбағаллик даражасини пасайтиришга хизмат қилади. 2023 йилда камбағаллик даражаси 12 фоизга тушиши кутилмоқда.

Россия иқтисодиётининг янада қисқариши, шунингдек, жаҳон молия бозорларидаги кескин шароит – Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш прогнозига салбий таъсир кўрсатадиган мумкин бўлган хавфлар сифатида келтириб ўтилган.

Миллий иқтисодиётнинг ижобий тенденциялари қаторига эса олтин, табиий газ ва мисга жаҳон нархларининг эҳтимолий кўтарилиши, шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан қўллаб-қувватланиши мумкин бўлган унумдорликнинг юқори ўсиши киради.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Жаҳон банки Ўзбекистон учун иқтисодий прогнозини эълон қилди