Intel акциялари бир кунда 24 фоизга қимматлашди

АҚШ фонд бозорида Intel компанияси акциялари чораклик ҳисобот эълон қилинганидан сўнг 23,6 фоизга қимматлашди. Савдолар давомида ўсиш кўрсаткичи 25 фоизга етиб, компания қимматли қоғозлари нархи 2000 йиллардаги «доткомлар пуфаги» давридаги максимал даражадан ҳам юқорилади. Бир акция нархи 82,54 долларга етиб, 1987 йилдан буён қайд этилган энг юқори ўсиш суръатини кўрсатди. Бу ҳақда 3dnews.ru хабар беради.
Bloomberg агентлиги маълумотларига кўра, АҚШ ҳукумати ўтган йилнинг август ойидан буён эгалик қилаётган Intel акциялари пакети қиймати 36 млрд долларга етди. Агар ҳукумат ушбу активларни ҳозир сотса, номинал фойда 27 млрд долларни ташкил этади. Сунъий интеллект соҳасидаги жадал ривожланиш Intel протсессорларига бўлган талабни оширди ва компанияни инқирозли ҳолатдан олиб чиқишга ёрдам берди.
Ушбу ижобий тенденция соҳадаги бошқа компанияларга ҳам таъсир кўрсатди. AMD акциялари 14 фоизга, Арм қимматли қоғозлари эса 12 фоизга қимматлашди. Nvidia компанияси капиталлашуви 4,3 фоизга ўсиб, 5 трлн доллар чегарасидан ўтди. Дональд Трамп ушбу вазиятга муносабат билдириб, АҚШ яна чип ишлаб чиқариш марказига айланаётганини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!