Президент Афғонистон орқали ўтадиган темирйўл ҳақида: «Жанубий Осиёга чиқиш учун энг яхши йўл»
Президент Шавкат Мирзиёев 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давомида «Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешавор» Трансафғон темирйўли аҳамиятига тўхталиб ўтди ва уни «Ўзбекистон учун энг маъқул йўл» деб атади.
У ҳозирда тадбиркорларни энг кўп қийнайдиган муаммо йўл харажатлари эканини айтиб ўтди.
«Авваламбор, [ҳозирда мавжуд йўллар] қиммат, узоқ ва хавфсиз эмас, десак, тўғри бўлади… Агар 30 йил олдин, 30 йил орасида Қирғизистон–Ўзбекистон–Хитой темирйўли қурилганида эди, ҳозир сизларнинг шароитингиз, таннархлар мутлақо бошқача бўларди», – деди у.
Давлат раҳбари Афғонистон орқали ўтувчи темирйўл «Жанубий Осиёга чиқадиган энг маъқул, энг арзон, энг хавфсиз йўл» эканини қайд этди.
«Тасаввур қилинг, Худо хоҳласа шу кунлар барибир келади, иккита темирйўл қурилса, иқтисодиётимиз қандай барқарор бўлади. Биз бировга қарам бўлмаймиз. Агар мана шу иккита катта темирйўл бўлса, биз ҳам тариф орқали манфаат кўрадиган давлатга айланамиз», – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ҳозирги вазият енгил эмаслигини қўшимча қилган.
«Агар ростини айтсам, оғир шароитда яшаяпмиз. Ой ойга эмас, кун кунга тўғри келмаяпти. Кечаги валютага бўлган босим бугун оғирроқ бўляпти. Шунинг учун биз, албатта, тадбиркорлар синфи, ишбилармонларга экспорт қилиш, логистика бўйича шароитлар яратишимиз керак», – деди давлат раҳбари.
2021 йил феврал ойида Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида «Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар» темирйўли қурилиши бўйича йўл харитаси имзоланганди. Лойиҳани май ойида тайёрлаш, йўл қурилиши эса 2021 йил сентябрида бошланиши режалаштирилганди. Аммо Афғонистонда ҳокимият алмашиши лойиҳани секинлаштирганди.
Шунга қарамай, декабр ойида Афғонистон муваққат ҳукумати лойиҳага қўшилди. 2022 йил 18 июлда ушбу мамлакат ҳудудида Трансафғон темирйўлининг йўналишини ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишлари бошланди.
Ўзбекистон «Боштранслойиҳа» институти йўл қурилиши қийматини 4,6 миллиард долларга, Покистон 8,2 млрд долларга баҳолаган. ОАВга кўра, лойиҳа 4,8 млрд доллардан 6 млрд долларгача баҳоланган. У 573 км узунликдаги ва йилига 20 млн тоннагача юк ташиш имкониятига эга бўлган автомобил йўлини қуришни назарда тутади. Янги транспорт йўлаги Европа Иттифоқи, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва ундан кейинги Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғлаши керак.
2023 йил июл ойида лойиҳа бўйича музокараларнинг якуний босқичи бошланди. Лойиҳа 2027 йилгача якунланиши режалаштирилган.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг