date

Доллар пасайди, аммо бозор нархлари нега ўзгармади?

Доллар пасайди, аммо бозор нархлари нега ўзгармади?

Сўнгги ойларда Ўзбекистон бозорида доллар қиймати пасайишда давом этмоқда. Валюта курсининг бу ҳаракати кўпчиликни бир савол устида ўйга солди: агар доллар арзонлаяпти, нега нархлар ҳамон тушмаяпти?

Бугунги кунда халқаро бозорларда доллар қиймати пасайиб, олтин нархи эса аксинча ўсмоқда. Бу эса табиий иқтисодий ҳолат ҳисобланади.

“АҚШда Трамп сиёсати сабабли олтин нархи ўсишда давом этяпти. Доллар арзонлашганда одамлар хавфсизлик учун ўз маблағларини олтинга ўтказишади. Бу ҳолат Ўзбекистон учун фойдалидир — мамлакатимиз бу шароитдан унумли фойдаланиб, йил бошидан бери олтин экспорт ҳажмини 30 фоизгача оширди”, — дейди иқтисодчи Тўрақулов.

Иқтисодчи изоҳича, бу жараёнда бозордаги доллар миқдори кўпайгани сабаб унинг нархи пасаймоқда. Бироқ бу ҳолат нархларнинг тушишига эмас, аксинча маълум даражада инфляция кучайишига олиб келади.

“Олтин сотилганидан кейин мамлакатга кўп миқдорда валюта кириб келяпти. Бу пул айланмаси ортиши аҳолининг харид қобилиятини оширади, талаб кўпайса, нархлар ҳам ўсади”, — дейди мутахассис.

Нега нархлар тушмаяпти?

Тўрақуловнинг сўзларига кўра, бунинг бир нечта сабаби бор:

-Импорт маҳсулотлар ҳамон долларда сотиб олинади, шунинг учун ички бозорда дарҳол таъсир сезилмайди.

-Мамлакатда инфляция даражаси ошган, бу нархларни юқори ҳолатда ушлаб турибди.

-Иқтисодиётда “sticky price” деган қонуният бор — нархлар кўтарилганда уларни қайта тушириш осон эмас.

“Агар доллар тушса ҳам, бозордаги нархлар автоматик равишда пасаймайди. Бу жараён вақт талаб қилади, баъзан йиллаб давом этади”, — дея таъкидлайди иқтисодчи.

Сўм мустаҳкамланяптими?

Валижон Тўрақулов фикрича, кучли иқтисодиётнинг валютаси ҳам барқарор бўлади. Ўзбекистонда сўнгги йилларда сўмнинг қиймати маълум даражада ошган — 2018–2019 йиллар билан солиштирганда тахминан 10–15 фоизга.

Бу ҳолатга, унингча, икки омил таъсир қилган:

— мамлакатга доллар оқимининг кўпайиши;

— жаҳондаги геосиёсий ўзгаришлар, жумладан Трамп сиёсати орқали долларнинг умумий қадрининг пасайиши.

Ўсишнинг ички омиллари

Иқтисодчи маълум қилишича, Ўзбекистон иқтисодиёти кейинги ойларда сезиларли ўсишни намоён этмоқда. Халқаро Валюта Жамғармаси прогнозларига кўра, Марказий Осиё давлатлари ичида Ўзбекистон 7 фоиздан ортиқ ўсиш кўрсаткичи билан етакчи ўринда.

“Бу ўсиш нафақат олтин экспорти ҳисобига, балки мигрантлар йўллаётган маблағлар сабаб ҳам бўлмоқда. Одамлар кўпроқ пул ишламоқда, кўпроқ сарфлаяпти — бу иқтисодий фаолликни оширади. Аммо талаб шиддат билан ўсса, инфляция ҳам тезлашади”, — дея хулоса қилди Тўрақулов.

Шундай қилиб, доллар арзонласа ҳам, нархларнинг тушмаслиги иқтисодий мантиққа тўла мос ҳолат экани айтилади. Иқтисодчилар фикрича, бозор мувозанати тикланиши учун вақт, барқарор сиёсат ва эҳтиёткор пул оқими назорати талаб этилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Доллар пасайди, аммо бозор нархлари нега ўзгармади?