
Қаршидаги “Марказий” стадионда бўлиб ўтган Элит Осиё Чемпионлар Лигаси 4-тур учрашувида “Насаф” жамоаси БААнинг “Ал Ваҳда” клубига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Беллашувда Сардор Баҳромовнинг соғлом иродаси билан киритган голи ҳам жамоани мағлубиятдан қутқара олмади. Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев жамоанинг ҳолати, мағлубият сабаблари ва келгуси режалар ҳақида фикр билдирди, деб ёзди championat.asia.
Тажрибали мураббий сўзининг аввалида ўйиннинг оғир кечиши ҳақида тўхталди:
“Бу баҳснинг оғир бўлиши аввалдан маълум эди. Биз жисмоний жиҳатдан ҳам синовли босқичдамиз. Йигитлар бор кучини майдонда қолдирди, аммо баъзи вазиятларда чарчоқ ўз таъсирини кўрсатди. Ҳимоядаги икки стандарт ҳолатда рақибга имкониятни бериб қўйдик ва бундай ўйинларда бу дарҳол жазоланади. Бу — диққатсизлик натижаси. Албатта, таҳлил қилиб чиқамиз, хатоларни бартараф этиш зарур.”
Бердиев шунингдек, дарвозабон Абдувоҳид Неъматов ҳақида ҳам фикр билдирди:
“Абдувоҳид яхши дарвозабон, лекин унга нимадир таъсир қиляпти. Бу босимми ёки рақобатнинг йўқлигими — аниқ айта олмайман. Бироқ фақат уни айблаш тўғри эмас. Мағлубиятда ҳамма бирдек жавобгар. Чунки футбол — жамоавий ўйин. Бир кишининг хатоси бутун жамоа натижасига таъсир қилади. Биз бу ҳақда ўйлаб кўрамиз.”
Мураббий жамоанинг халқаро майдондаги имкониятлари ҳақида ҳам фикр билдирди:
“Элит ОЧЛдаги ҳар бир баҳс биз учун катта тажриба. Ачинарлиси, тўртта тур ўтди, аммо очко йўқ. Бу бизга хулоса чиқариш учун сигнал. Осиёда ўз сўзини айтиш учун икки баробар кучли легионерлар керак. Бу ерда рақобат даражаси жуда юқори, кучли таркибсиз натижага эришиб бўлмайди. Лекин яхши легионер топиш осон эмаслигини ҳам тан олиш керак.”
Журналистлар орасида миллий чемпионат ҳақида савол берганлар ҳам бўлди. Бердиев эса бу саволга жавоб беришдан олдин ўзига хос тарзда изоҳ берди:
“Ҳозир биз халқаро мусобақадан кейинги матбуот анжуманидамиз. Шунинг учун миллий чемпионат ҳақида гапиришни тўғри деб ҳисобламайман. Аммо шунга қарамасдан, айтаман — “Насаф” ҳали ҳам энг яхши имкониятга эга. Чемпионлик учун курашдан чекинмаганмиз ва ҳеч қачон ҳам бундай ниятдан воз кечмаймиз. Ҳозир қийин босқичдамиз, лекин айнан шундай пайтларда жамоанинг характери намоён бўлади.”
“Насаф” жамоаси ҳозирги ҳолатда тўртта учрашувда мағлубиятга учраган бўлса-да, Бердиев сўзларидан жамоа руҳи синмаганини кўриш мумкин. Унинг фикрича, ҳар бир мағлубият таҳлил ва ривож учун сабоқ бўлиши керак.
Мухлислар эса жамоадан кейинги турларда тикланиш ва кучли қайтишни кутмоқда. Қарши шаҳридаги “Марказий” стадион яна “аждарлар”нинг ғалабали онларига гувоҳ бўлади, деган умид катта.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!