
Тошкент дербисида “Пахтакор” яна ўз сўзини айтди. Суперлиганинг 27-туридан ўрин олган учрашувда “шерлар” “Бунёдкор”ни 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионлик пойгасидаги имкониятларини сақлаб қолди. Беллашувдан кейин “Пахтакор” бош мураббийи Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди, деб ёзди championat.asia.
Мураббий сўзининг аввалида жамоа ўйинидан мамнун эканини билдирди:
“Учрашувни яхши бошладик, ҳатто дастлабки беш дақиқадаёқ ҳисобни очишга эришдик. Биринчи бўлимни деярли тўлиқ устунлик билан ўтказдик. Ҳақиқатни айтай, ҳисоб 5:0 ҳам бўлиши мумкин эди. Иккинчи бўлим бошида эса сал пасайиш бўлди — эҳтимол йигитлар жисмонан бироз чарчагандир ёки ғалаба ҳиссига эрта берилгандир. Аммо кейин яна ўз ўйинимизни топдик ва тўртинчи гол билан барчасини аниқладик.”
“Жамоа ухлаб қолмадими?” — деган саволга Тожиев очиқ жавоб берди:
“Тўғри, иккинчи бўлимнинг бошида озгина хотиржамлик бор эди. Ваҳоланки, танаффусда шогирдларимга ҳали ўйин тугамаганини, бўшашмасликни айтиб ўтгандим. Аммо футбол шундайки, бир сониялик диққат етишмаслиги вазиятни ўзгартиради. Шунга қарамасдан, йигитлар кейинги дақиқаларда ўзини қўлга олди ва ўйинни назоратга олди.”
Журналистлар жисмоний ҳолат ҳақида ҳам савол беришди. “Пахтакор” яқинда Кубок финалида ўйнаган ва кўп куч йўқотган эди. Шу боис баъзилар жамоадан чарчоқ кутганди, аммо бу кузатилмади.
“Биз ҳар бир ўйинга жиддий тайёрланамиз. Кубок финалида ҳам катта куч сарфладик, лекин бу йигитларнинг руҳиятини бузмади. Улар ҳар бир учрашувни ғалаба учун ўйнашни яхши билишади. Алмаштиришларга келсак, мен кечиктирдик деб ўйламайман. Ҳозирги жадвал ва зич тақвим сабаб айрим ўйинчиларга дам беришимиз керак бўлади. Шу сабабли баъзи позицияларда ротация қилдик,” — деди Тожиев.
Мураббий чемпионлик пойгаси ҳақида ҳам фикр билдирди:
“Ҳар турдан кейин шу гапни айтаман — “Пахтакор” охиригача курашади. Бизда ишонч бор, жамоа кайфияти яхши. Ҳозирги ўйинлардан кўринадики, йигитлар ҳар бир очко учун жон куйдираяпти. Охиригача ҳаракат қиламиз, қолганини вақт кўрсатади.”
Тожиев айрим футболчилар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Ҳусусан, Ҳожиакбар Алижонов ва Игорь Сергеевнинг ўйини ҳақида гапирди:
“Ҳожиакбар бугун ҳам ажойиб ўйнади. У охирги учрашувларда ўзини юқори даражада кўрсата оляпти. Бу футболчи нафақат клубда, балки терма жамоада ҳам етакчи сифатида ўсиб бораяпти. Сергеев ҳақида гапирадиган бўлсак, у битта имконият бўлса ҳам ундан фойдалана оладиган ҳужумчи. Бугун гол урмади, аммо унинг майдондаги фаоллиги ва жамоавий ишдаги ҳиссаси катта бўлди.”
Анжуманда мураббийдан “Насаф”нинг икки етакчиси “Пахтакор”га ўтиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар ҳақида ҳам сўрашди. Бу саволга у кулимсираб жавоб берди:
“Қишда нима бўлишини кўрасизлар. Ҳозир бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. Йил якунлансин, кейин ҳаммаси аниқ бўлади.”
Шу тариқа, Камолиддин Тожиев “Бунёдкор” устидан муҳим ғалабадан сўнг жамоага ва мухлисларга ишонч бағишлади. “Пахтакор” 55 очко билан учинчи ўринни мустаҳкамлаб, чемпионлик учун курашда ўз имкониятларини сақлаб қолди. Мухлислар эса “шерлар”дан кейинги турларда ҳам шундай руҳдаги ўйинларни кутишмоқда.