date

Молия бошқаруви: тўғри ёндашувлар

Молия бошқаруви: тўғри ёндашувлар
Инвеститсион компания Advisorywise бошқарувчи ҳамкори Нодира Содиқова Ucast подкастида молиявий барқарорликка эришиш учун қандай қилиб фақат иш ҳақи билан чекланмасдан, маблағларни тўғри бошқариш орқали даромад олиш мумкинлиги ҳақида фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, молиявий барқарорлик учун инвестициялар зарур, бироқ бунга эришиш учун фонд биржаси, облигациялар ва брокерлик хизматлари каби инфратузилма ривожланган бўлиши керак.

Содиқованинг фикрича, пул тикишдан олдин танланган молиявий воситани яхши ўрганиш муҳим. "Мен консерватив инвестор сифатида ҳеч қачон токенларга шунчаки сармоя киритмайман. Аввало, лойиҳа муваффақият қозониши мумкинлигига далилларни излаб, "white paper" ва таҳлилий маълумотларни ўрганаман. Шундан сўнггина қарор қабул қиламан.

Аммо асосий захираларимни мен биткоин ва эфирда сақлайман, чунки технологияга ишонаман. Уларни совуқ ҳамёнларда сақлайман ва умуман олганда ҳар доим фойда кўраман", – дейди эксперт.

Унинг сўзларига кўра, инвестиция стратегияси ҳар доим таваккалчиликка бўлган муносабатга боғлиқ. Пул маблағларини тўғри тақсимлаш ва ҳаммасини битта активга тикмаслик керак.

Масалан, 50 минг доллар маблағни ҳар хил таваккалчилик даражасига эга бўлган бир нечта қисмга бўлиш мумкин. "Ва албатта, 10 фоизни олтин учун ажратиш керак – унинг сўнгги ўн йилликдаги динамикасига қаралса, у вақти-вақти билан пасайишларга қарамасдан, ўсишни давом эттирмоқда", – деб қўшимча қилади Содиқова.

Олтиндан фарқли ўлароқ, крипто бозори жуда ўзгарувчан ва кўплаб лойиҳалар ваъдаларини бажармасдан йўқолиб кетади. Аммо етакчи криптовалюталар технология ва талабларга асосланган ҳолда ўсишда давом этмоқда, дейди подкаст меҳмони.

Яна бир муҳим восита – бу кўчмас мулк, аммо унга ҳам стратегик ёндашиш зарур. "Мен кўчмас мулкка айнан Ўзбекистонда сармоя киритган бўлардим, аммо икки ёки уч хонали квартирага эмас, балки студияга.

Унда апарт-бутик ташкил этиб, ижарага бериш мумкин. Мен буни ўзим синаб кўрдим – майдони қанчалик кичик бўлса, объектнинг ликвидлиги шунчалик юқори бўлади", – дейди Нодира Содиқова.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Молия бошқаруви: тўғри ёндашувлар