
2025 йил АҚШ валютаси учун осон кечмади ва бозор иштирокчиларининг аксарияти 2026 йилда ҳам доллар босим остида қолишини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда Reuters ўз таҳлилий мақоласида маълум қилди. Инвесторлар фикрича, келгуси йилда долларнинг қадри яна пасайиши эҳтимоли юқори.
Мутахассислар бу жараённи бир қатор омиллар билан изоҳламоқда. Жумладан, глобал иқтисодий ўсиш суръатларининг тезлашиши ва АҚШ Федерал захира тизими томонидан фоиз ставкаларининг пасайтирилиши долларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, турли марказий банклар пул-кредит сиёсатидаги фарқлар ҳам АҚШ валютасига қўшимча босим яратаётгани таъкидланмоқда. Масалан, Европа Марказий банки ставкаларни ҳозирги даражада ушлаб туриши мумкин.
Айни пайтда, қисқа муддатли истиқболда сунъий интеллект соҳасига бўлган қизиқиш ва АҚШ иқтисодиётидаги муайян ўсиш долларнинг вақтинча мустаҳкамланишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ йил якунида АҚШ валютаси нисбатан барқарор белгилар билан якунланаётган бўлса-да, инвесторлар 2026 йилда ҳам у заифлашишда давом этишини кутмоқда.
Жорий йил давомида доллар асосий валюталар саватига нисбатан тахминан 9 фоизга қадрсизланди. Бу сўнгги саккиз йил ичидаги энг салбий кўрсаткич сифатида қайд этилмоқда. Бундай пасайишга Федерал захира тизими ставкаларни тушириши ҳақидаги кутилмалар, йирик валюталар ўртасидаги фоиз фарқининг қисқариши, шунингдек, АҚШ бюджети танқислиги ва сиёсий барқарорликка оид хавотирлар таъсир қилган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, доллар бошқа марказий банклар қатъий сиёсатни сақлаб қолаётгани ёки уни кучайтираётгани, шунингдек, Федерал захира тизими раҳбариятидаги эҳтимолий ўзгаришлар сабаб ҳам босим остида қолиши мумкин.
Маълумки, фоиз ставкаларининг пасайтирилиши одатда доллар қадрининг тушишига олиб келади. Чунки бу АҚШ валютасидаги активларни хорижий инвесторлар учун камроқ жозибадор қилади ва унга бўлган талабни пасайтиради.
Сўнгги ойларда долларда маълум даражада тикланиш кузатилган бўлса-да, доллар индекси сентябрдаги энг паст нуқтадан қарийб 2 фоизга ошди, холос. Халқаро ҳисоб-китоблар банки маълумотларига кўра, инфляция ҳисобга олинган доллар реал самарали алмашув курси октябрь ойида 108,7 ни ташкил этган, бу эса январда қайд этилган 115,1лик рекорд кўрсаткичдан анча паст.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.