
2025 йил 1 ноябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган корхоналар ва ташкилотлар сони 465,9 мингни ташкил этди, деб хабар берди Давлат статистика қўмитаси. Бу ўтган йилга нисбатан 0,7 фоизга камайганини кўрсатади.
Мамлакатдаги фаолият кўрсатаётган компанияларнинг асосий қисмини кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил этади — уларнинг улуши 84,9 фоизни ташкил қилади. Энг кенг тарқалган ташкилий-ҳуқуқий шакл эса масъулияти чекланган жамият бўлиб, улар барча тижорат корхоналарининг 78,3 фоизига тўғри келади.
Фаолият турлари бўйича савдо етакчилик қилмоқда — бу соҳанинг улуши 32,5 фоизни ташкил этади. Савдодан кейинги ўринларни саноат (12,6 фоиз) ва қишлоқ хўжалиги (7,3 фоиз) эгаллаган.
Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар сони барқарор ўсиб, йиллик 15 фоиз ўсиш билан 17,6 мингтага етди. Инвестиция киритаётган давлатлар орасида Хитой етакчилик қилмоқда — бу давлат иштирокидаги 4,7 минг корхона (26,9 фоиз) қайд этилган.
Шунингдек, Россия (18,1 фоиз) ва Туркия (11,9 фоиз) ҳам етакчи ўринларда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.