
Ўзбекистон сут маҳсулотлари бозорида рақобат тобора кескинлашиб бормоқда. Айни пайтда Россия компаниялари украиналик ишлаб чиқарувчиларни маҳаллий бозордан сиқиб чиқараётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу ҳақда “Ҳорол болалар озиқ-овқат маҳсулотлари заводи” компанияси бош директори Александр Сучко очиқ маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Сурия бозори деярли йўқолганидан кейин Россия ва Беларусь ишлаб чиқарувчилари экспорт йўналишларини тезкор равишда қайта кўриб чиқиб, Ўзбекистонга жиддий эътибор қарата бошлаган. Улар бозорда ўрин эгаллаш учун анча агрессив нарх сиёсати олиб бормоқда. Айнан шу омил Украина компаниялари учун рақобатни жуда қийинлаштирган.
Натижада украиналик ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистонга сут ва сут маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини кескин камайтирган, айрим ҳолларда эса умуман тўхтатган. Мутахассислар фикрича, агар вазият ўзгармаса, яқин келажакда Украина экспорти янада қисқариши мумкин.
Бу қарашни “КОМО” компаниясининг экспорт бўйича директори Алексей Дихтеренко ҳам қўллаб-қувватлади. Унинг айтишича, Россия ва Беларусь компаниялари ҳозир янги бозорларни фаол қидирмоқда ва асосий эътиборни Марказий Осиё давлатларига, хусусан, Ўзбекистонга қаратмоқда.
Эслатиб ўтиш жоизки, аввалроқ айнан ушбу минтақада Украина ишлаб чиқарувчилари етакчи ўринларни эгаллаб келган эди. Аммо ҳозирги вазият бозор кучлари қайта тақсимланаётганини кўрсатмоқда.
Қисқаси, Ўзбекистон сут бозорида янги ўйин қоидалари шаклланяпти. Келгусида бу жараён нархлар, ассортимент ва истеъмолчи танловига қандай таъсир қилишини вақт кўрсатади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.