
Бухоро вилояти ҳокимияти маълумотига кўра, Бухоро тумани раҳбарияти хитойлик ҳамкорлар билан стратегик келишувларга эришди. Ушбу битимлар доирасида ҳудуд иқтисодиётига 200 миллион доллар инвестиция йўналтирилиши, маблағ асосан аграр йўналиш ва саноат ишлаб чиқаришини кучайтиришга хизмат қилиши айтилди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.
Катта пакетдаги келишувлар туман ҳокими Анвар Очилов бошчилигидаги делегациянинг Хитойга қилган ишчи сафари якунида шаклланди. Делегация ва маҳаллий тадбиркорлар Пекин, Шанхай, шунингдек Шаван шаҳри ҳамда Шинжон-Уйғур автоном ҳудудида учрашувлар ўтказиб, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва тўғридан тўғри сармоя жалб этишни асосий мавзу қилди.
Ҳамкорлардан бири — Shavan Country Daquan Township Changfeng Plastic Factory Co компанияси. Хитой томони Бухорода қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга зарур маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ниятида: полиэтилен, пластик қувурлар, томчилатиб суғориш тизимлари учун махсус техника линияларини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, инвесторлар агротехникага сервис хизматини ҳам ташкил этишни зиммасига олади.
Томонлар фақат ускуналар билан чекланиб қолмай, замонавий агротехнологияларни бевосита далаларда жорий этиш бўйича ҳам келишди. Инвестор 6 минг гектар ер майдонида юқори ҳосилдор пахта навларини етиштиришни, бунда ўз техникаси ва сувни тежовчи ечимлардан фойдаланишни режалаштирмоқда. Лойиҳа қиймати 85 миллион долларга баҳоланиб, шундан 50 миллион доллари пахтачиликни ривожлантиришга йўналтирилиши қайд этилди.
Яна бир йирик ташаббус Changzhou Huayi Suspended Floor Co таъсисчилари — Sun Yunxya, Chjan Myao ва Xu Ye Fan томонидан билдирилган. Улар Бухоро туманида 10 минг гектар экин майдонини олишга қизиқиш билдириб, лойиҳа учун 100 миллион долларлик инвестиция портфелини таклиф қилди. Ҳар икки компания делегациялари келаси йил январда Ўзбекистонга келиб, режаларни батафсил муҳокама қилиши кутилмоқда.
Сафар давомида бухороликлар Шинжон-Уйғур савдо-саноат палатаси вакиллари билан ҳам учрашиб, технологик алмашинув истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, Industry Going Global Working Committee форумида делегация 30 дан ортиқ хитой корпорациялари вакиллари билан тўғридан тўғри мулоқот олиб борди.
Натижада яна бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, “Политеҳ Progress” корхонаси раҳбари Пекиндаги SCO Commodity Trade Group гуруҳи билан икки саноат лойиҳаси бўйича келишувга эришди: 10 миллион долларлик шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариши ва 6 миллион долларлик капрон қопламалар заводи ишга туширилиши белгиланди.
Инфратузилма масалалари ҳам кун тартибида бўлди. Шанхайда саноат зоналари қурилишига ихтисослашган Shanghai Pinqi Construction Engineering раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди. Компания раҳбари Sun Linfey яқин орада Бухоро туманига келиб, ҳудуддаги саноат майдонларини ривожлантириш бўйича таклифларини шахсан тақдим этишини билдирди.
2025 йилда Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда. Мутасаддилар қайд этишича, инвестициялар таркиби хомашё йўналишидан кўра технологик лойиҳаларга, жумладан, Бухоро каби қурғоқчил ҳудудлар учун муҳим бўлган сувни тежовчи технологияларни жорий этишга тобора кўпроқ бурилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.