
Наманган вилояти ва Хитойнинг China Everbright Environment компанияси қиймати 150 миллион доллар бўлган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашга қаратилган инвестицион лойиҳани амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олди. Бу ҳақда "Наманган ҳақиқати" нашри хабар берди.
Ушбу келишув Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг Хитойга ишчи ташрифи доирасида Шэньчжэнь шаҳрида China Everbright Environment президенти Луан Зушенг билан учрашуви чоғида эришилди. Томонлар Чуст туманида қурилиш ишларини 14-16 ой ичида якунлаб, объектни 2027 йилнинг биринчи чорагида ишга туширишни режалаштирган.
Лойиҳа замонавий "яшил" технологияларни жорий этиш, экологик вазиятни яхшилаш ҳамда янги иш ўринларини яратишни назарда тутади. Ташриф доирасида Наманган вилояти делегацияси Хитойнинг қатор етакчи компаниялари билан инвестициялар, саноат ва экология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича учрашувлар ўтказишни режалаштирган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.