13:58 / 15.04.2018
7 846

Қуён қўйдан тўрт баробар кўп даромад келтиради

Қуён қўйдан тўрт баробар кўп даромад келтиради
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор соҳада кенг имкониятларни очмоқда.
Бу, ўз навбатида, янги лойиҳалар ва ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, халқимизнинг турмуш даражаси юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ана шундай эътибордан унумли фойдаланаётган Марҳамат туманилик тадбиркорлардан бири Ойбек Ашуровдир.
У ташкил этган “Водий ҳамкор агрофирма” масъулияти чекланган жамиятида айни пайтда 450 бош қўй, 500 бош эчки парваришланмоқда. Яқин орада паррандачилик, асаларичилик, балиқчиликни ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган.

Фото: "Халқ сўзи online"

— 2016 йилда қуёнчиликка асос солган эдик, — дейди МЧЖ технологи Дилмуроджон Ашуров. — Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, битта қўйга сарфланган ҳаражатни қуёнга сарфласангиз олти ой муддат ичида тўрт баробар кўп даромад келтирар экан. Буни амалда синаб кўриш учун Италия ҳамда Франциядан 115 бош “Калифорния”, “Янги зеланд”, “Фландер” ҳамда “Рекс” зотли қуёнларни олиб келдик. Натижада 2017 йилнинг ўзида 3,5 минг бош қуён тарқатишга эришдик.

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, аграр тармоқда қуёнчилик ҳам сердаромад йўналиш ҳисобланади. Нега деганда, аввало, унинг гўшти парҳезбоп.

Мутахассисларнинг фикрича, қуён гўшти таркибида ёғ ва холестерин моддаси камлиги боис аллергия, гипертония, ошқозон-ичак, меъда, ўт пуфаги, жигар хасталикларида даво бўлади.
Инсон организмида тез ҳазм бўлади ва тўлақонли оқсил моддасига эҳтиёжи юқори бўлган мактабгача ёшдаги болалар, ўсмирлар, эмизикли аёллар ва кекса ёшдагилар учун жуда фойдалидир. Истеъмол қилинган 100 грамм қорамол гўштининг 62 фоизи организмда ҳазм бўлса, бу кўрсаткич қуёнда 90 фоизни ташкил этади. 100 грамм мол ёғида холестерин миқдори 1,25, қўй ёғида 1,40, бузоқ гўштида 0,11 граммни ташкил этса, қуён гўштида бу кўрсаткич атига 0,4 граммдан иборат, холос.


Фото: "Халқ сўзи online"

Юнги эса сифатли ва иссиқликни сақлайди. Қолаверса, яхши парвариш қилинса, кўп ва тез кўпаяди. Энг муҳими, боқишда оз ҳаражат талаб қилинади. Масалан, битта қуён йил давомида 5-6 марта болалашини инобатга олсак, демак, ундан бир йилда 50-60 та бола олиш мумкин. Бу эса 70-80 кг. гўшт ва камида 50 дона тери демакдир.

Ушбу мисолларнинг ўзиёқ, республикамизда қуёнчиликни яна ривожлантириш қанчалик истиқболли эканлигини кўрсатмоқда.

“Водий ҳамкор агрофирма” МЧЖ ана шундан келиб қуёнчиликни вилоятда яна тараққий эттириш пайида бўлишмоқда. Жамият томонидан шу йил бошидан бўён 150 та фермер хўжалиги ва 200 дан ортиқ оилаларга қуён етказиб берилди.
Бундан ташқари, қуён гўштини қадоқлаш, терисини қайта ишлаш лойиҳалари ҳам ишлаб чиқилиб, Россиядан 50 минг АҚШ доллари қийматидаги технологик линия олиб келинди. Бу яқин орада терини қайта ишлаш корхонаси иш бошлайди, деганидир. Натижада йилига 150 минг АҚШ долларилик тери хом ашёси Корея Республикасига экспорт қилинади.

Эътиборлиси, вилоят ҳокимлиги яқинда “Водий ҳамкор агрофирма” учун қўшимча 35 гектар ер майдони ажратди. Демак, омухта ем ҳам МЧЖнинг ўзида тайёрланади ва маҳсулот таннархи янада арзон бўлади.
Саминжон ҲУСАНОВ

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Қуён қўйдан тўрт баробар кўп даромад келтиради