Нега тухум қайнатилган сувни тўкиб бўлмайди?

Агар сиз ҳам тухум қайнатилган сувни раковинага қуйиб юборадиганлардан бўлсангиз, кейинги сафар бу ишни қилишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўришингизга тўғри келади.
Мутахассисларга кўра, тухум пишгандан кейин қолган сувни раковинага тўкиш тавсия этилмайди. Бунга асосий сабаб — қайноқ сувнинг сантехника тизимига салбий таъсир кўрсатишидир. Жумладан, сифон, унинг гофрали шланглари ва канализациядаги ПВХ қувурлар зичлигини йўқотиши мумкин. Чунки ушбу қисмлардаги резина қистирмалар юқори ҳароратга мўлжалланмаган бўлиб, қайноқ сув таъсирида тезда ишдан чиқади.
Бундан ташқари, раковина сунъий материаллардан, айниқса акрилдан ясалган бўлса, қайноқ сув таъсирида ва совуқ-иссиқ сувнинг тез-тез алмашиши натижасида унинг юзасида майда ёриқлар пайдо бўлади. Вақт ўтиши билан бу ёриқлар чуқурлашиб, раковинада дарзлар юзага келиши мумкин.
Қайноқ сувни фақат сантехника қисмлари металлдан тайёрланган ҳолатдагина қуйиш мумкин. Шунингдек, керамогранит ва агломератдан ишланган раковиналар ҳам бундан мустасно бўлиб, бундай материаллар 180°C гача бўлган ҳароратга бардош бера олади.
Мутахассислар эса тухум қайнатилган сувни бекорга тўкиш ўрнига, уни совитиб, маиший эҳтиёжларда, айниқса хона гулларини суғоришда қўллашни тавсия этади. Чунки тухум пўчоғи ўсимликлар учун муҳим ҳисобланган кальций карбонат ва кальций фосфат каби моддаларга бой бўлиб, уларнинг қарийб 90 фоизини ташкил этади. Қайнатиш жараёнида эса кальцийнинг бир қисми пўчоқдан ажралиб, сув таркибига ўтади.
Кальций ўсимликларда кечадиган кўплаб метаболик жараёнларда иштирок этади, углевод ва оқсиллар алмашинувига таъсир кўрсатади, шунингдек, тупроқнинг кислоталилик даражасини меъёрда ушлаб туришга ёрдам беради.
Бироқ бу ерда ҳам меъёр муҳим. Ортиқча кальций ўсимликлар томонидан бошқа микроэлементларни ўзлаштиришга тўсқинлик қилиши мумкин. Масалан, бор ва азотнинг ўзлашишига салбий таъсир кўрсатиб, темир бирикмаларини боғлаб қўяди. Бу эса баргларда оқиш доғлар пайдо бўлишига ва ўсимлик ўсишининг секинлашишига олиб келади. Шу сабабли бундай сувдан 3–4 ҳафтада бир марта фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!