08:43 / 19.10.2018
5 259

Олтин-валюта заҳиралари нима дегани ва унинг давлатга қандай фойдаси бор?

Олтин-валюта заҳиралари нима дегани ва унинг давлатга қандай фойдаси бор?
Марказий банкнинг республика олтин-валюта заҳиралари тўғрисида берган охирги маълумотига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта заҳиралари камайди.

Ялпи олтин-валюта заҳиралари 26,4 млрд долларни ташкил этди (сентябрда 26,8 млрд доллар эди). Улардан хорижий валютадаги активлар - 12,4 млрд доллар (бир ой аввал 12,9 млрд доллар бўлган), монетар олтин - 13,9 млрд доллар (сентябрда 13,9 млрд доллар бўлган).

Соф олтин-валюта заҳиралари 25,4 млрд долларга тенг бўлиб турибди (бир ой аввал 25,9 млрд доллар бўлган).

Марказий банк изоҳига кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида олтин-валюта зағираларининг пасайиши олтин нархининг 1296,50дан 1183,50 долл/тр. унцияга пасайиши ҳисобига юзага келди.

Хўш, олтин-валюта заҳиралари ўзи нима ва унинг мамлакат иқтисодиётида тутган ўрни қандай?

Давлатнинг расмий заҳираси

Олтин-валюта заҳиралари давлатнинг юқори ликвидлиги билан ажралиб турувчи активларидир. Улар махсус давлат структуралари (давлат ғазнаси ва марказий банклари, АҚШда Федерал захира тизими) томонидан назорат қилинади.

Оддий сўз билан айтганда, олтин-валюта заҳиралари давлатнинг олтин ва бошқа мамлакатлар валюталаридаги расмий заҳирасидир.

Олтин-валюта заҳиралари нималардан ташкил топади?

- Олтин-валюта заҳиралари қимматбаҳо металлар (қуйма олтин, танга, платина, палладий, кумуш) ва қимматбаҳо тошлардан;

- давлатларо миқёсда заҳира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки япон иенаси, фунт-стерлинг);

- ХВЖ (Халқаро валюта жамғармаси) чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.

Бу пул бирликлари моддий жиҳатдан мавжуд бўлмайди. Бу воситалар ҳукуматнинг махсус ҳисобларида ёзилган бўлади. Улардан халқаро қарзларни узишда, миллий валюта курсини тўғрилашда, ХВЖ билан ҳисоб-китобларда фойдаланилади.

Шунингдек, ХВЖдаги заҳира позицияси ҳам мавжуд бўлиб, бу захира миқдори мамлакатнинг ХВЖга кираётганида тўлаган бадал пули миқдорига тенг бўлади. Агарда ХВЖнинг бирор аъзоси пулга муҳтож бўлиб қолса, ХВЖ унга молиявий ёрдам сифатида ўша бадал пулини қайтариб беради.

Олтин-валюта заҳираларини нималарга сарфлаш мумкин?

Мамлакатларнинг олтин-валюта заҳираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

- мамлакатнинг тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;

- инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлаш учун валюта сотиб олишга;

- давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;

- давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва бошқалар учун.

Олтин-валюта захиралари қандай шакллантирилади?

Ҳар бир мамлакатнинг олтин-валюта заҳиралари ўзига хос суғуртадир. У давлатнинг миллий иқтисодиётини эҳтимолий макроиқтисодий хатарлардан ҳимоя қилади. Шу боис, олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, ундан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ва осон олиниши даркор.

Мамлакат олтин-валюта заҳиралари муомаладаги пул миқдоридан сезиларли даражада кўпроқ бўлиши керак. Бу захиралар ташқи қарзларни қайтаришга ва уч ой давомида импорт маҳсулотларни олиб киришга етиши лозим.

Катта миқдордаги олтин-валюта заҳираларига эга бўлган йирик давлатлар деярли ҳеч нарсани хорижий банклар ҳисоб рақамларида сақламайди. Улар пул воситалари мамлакат ичида бўлишини ва ишлашини маъқул кўришади.

Олтин-валюта заҳираларидан фойдаланиш ва бошқариш уч хил тарзда амалга оширилиши мумкин.

Захираларнинг эгаси Ғазна ёки Молия вазирлиги ҳисобланади. Олтин-валюта заҳираларидан қандай фойдаланишни улар ҳал қилади. Марказий банк уларнинг топшириғини бажаради холос. Бундай механизм Буюк Британияда йўлга қўйилган.

Марказий банк олтин-валюта заҳираларининг ягона эгаси бўлади. Заҳираларни шакллантириш ва ундан қандай фойдаланишни Марказий банк белгилайди. Германия ва Францияда мана шу модел амал қилади.

Олтин-валюта заҳираларига эгалик қилиш ва бошқариш ваколатлари Марказий банк ва Ғазна/Молия вазирлиги ўртасида тақсимланади. Бундай тизим Россия, Япония, АҚШда жорий этилган.

Қайси давлатлар энг кўп олтин-валюта захираларига эга?

Дунёда олтин-валюта заҳиралари миқдори бўйича Хитой биринчи ўринда туради. 2018 йил сентябрь ойи ҳолатига кўра, бу давлатнинг олтин-валюта заҳиралари миқдори 3087 млрд долларни ташкил этади. Иккинчи ўринда Япония (1259,6 млрд доллар), учинчи ўринда Швейцария (800,4 млрд доллар) туради. Кейинги ўринларда Европа иттифоқи (786,3 млрд доллар), Саудия Арабистони (504,5 млрд доллар), Тайвань (460,4 млрд доллар), Россия (459,2) млрд доллар, Ҳонгконг (426,4 млрд доллар), Жанубий Корея (403 млрд доллар), Ҳиндистон (399,6 млрд доллар), Бразилия (380,6 млрд доллар) ва Сингапур (291,3 млрд доллар) жойлашган.

Бу давлатлар бутун дунёдаги олтин-валюта заҳираларининг қарийб 75 фоизини сақлайди.

Олтин-валюта заҳиралари давлатга нима беради?

Давлатнинг олтин-валюта заҳиралари миқдори унинг иқтисодиёти ва молиявий тизими ҳолатидан дарак беради, давлатлараро мажбуриятлар бўйича тўловларни ўз вақтида амалга оширишини кафолатлайди.

Давлат заҳиралари билан таъминлаш қатор вазифаларни амалга ошириш имконини беради. Улар жумласига мамлакат валютасини қўллаб-қувватлаш, давлат сиёсатига ишончни сақлаб туриш, пул-кредит воситаларини бошқариш, инқирозли вазиятларда карахтликка тушиб қолмаслик, мамлакатнинг ишончлилик рейтингини ушлаб туриш кабилар киради.

Миллий валютаси девальвацияга учраши хавфи юқори бўлган мамлакатлар олтин-валюта заҳираларини барқарор даражада ушлаб туриши лозим. Давлатнинг олтин ва валюта заҳиралари кескин камайиши иқтисодий пасайишни келтириб чиқариши мумкин.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Олтин-валюта заҳиралари нима дегани ва унинг давлатга қандай фойдаси бор?