23:40 / 25.10.2018
3 177

Уч кун ишламаган UzCard давлатга ва жамиятга қанча зарар етказди?

Уч кун ишламаган UzCard давлатга ва жамиятга қанча зарар етказди?
Молия вазирининг биринчи ўринбосари Мўбин Мирзаев илк бор Ягона умумреспублика процессинг маркази(UzCard) ишида уч кун давомида рўй берган носозликлар оқибатида давлат ва фуқароларга етказилган зарар ҳақида гапириб ўтди.

Унинг айтишича, терминаллар орқали амалга ошириладиган тўловларнинг бир кунлик айланмаси қарийб 180 млрд. сўмни ташкил этади.

“Агар улардан 5 фоизи бюджетга келиб тушса, демак бир кунда бюджетга 9 млрд. сўм, уч кунда 27 млрд. сўм келиб тушмаган. Бу оддий математика. Бу фақат тўғридан-тўғри зарар. Шу билан бирга бошқа позициялар ҳам бор. Аҳолига етказилган моддий ва маънавий зарар бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Уни ҳисоблаб чиқиш қийин”, - деган у Молия вазирлигида журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда.

Масалан, 12 соатлик узилиш туфайли Ўзбекистон электрон тижорат тизимида 384 мингта онлайн транзакция(мобиль иловалар, Telegram-ботлар ва ҳоказо) амалга ошмай қолган.

Вазирнинг биринчи ўринбосари яна шуни қайд этдики, бу кўнгилсиз воқеага нисбатан акс-садо кучли бўлган. Жумладан, давлат раҳбари 19 сентябрь куни “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Унда чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлиги даражасини камайтираётгани, тўлов инфратузилмасининг ягона интеграллашувига эришиш имконини бермаётгани ҳамда бир монопол тизимнинг мутлақ устун бўлишига олиб келаётгани қайд этиб ўтилди. Бундан ташқари, тўлов тизимлари операторларининг фаолияти қонунчилик даражасида тартибга солинмаганлиги уларнинг ривожланишини чеклаётгани ва мазкур тизимларнинг ишончли ишлашига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Бинобарин, ҳужжатда тўловларни амалга ошириш узлуксизлигини таъминлаш, инновацион маҳсулотларни жорий қилиш, банк хизматларининг оммабоплигини таъминлаш ҳамда тўлов хизматлари бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ахборотлаштириш бош маркази” давлат унитар корхонаси Миллий банклараро процессинг марказини (кейинги ўринларда Миллий банклараро процессинг маркази деб юритилади) ташкил қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Хусусан, Марказий банк 2020 йил 1 июлга қадар мамлакатдаги барча процессинг марказларининг, шу жумладан, халқаро тўлов тизимларининг бевосита Миллий банклараро процессинг марказининг ягона шлюзи орқали ишлашини; банк тўлов инфратузилмаси доимий равишда яхшиланишини, банкоматлар ва ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи кўп функцияли терминаллар тармоғининг, шу жумладан, ўз тасарруфидаги корхона ва ташкилотларни жалб қилган ҳолда кенгайтирилишини таъминлаши кўрсатиб ўтилди.

“Янги тизимнинг асосий фарқли жиҳати — унда тўловларни ҳам хориж валютасида, ҳам сўмда амалга ошириш мумкин. Чет элликларда долларни сўмга айлантиришларига ҳожат қолмайди. Улар валюта карталарида маҳсулот сотиб олишлари мумкин, конвертация эса автоматик равишда амалга оширилади”, - деди М.Мирзаев.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк томонидан янги чакана тўлов тизимларига ном танлаш бўйича танлов эълон қилинганди. Ҳозиргача 2,5 мингга яқин таклиф келиб тушди. Улардан энг машҳурлари HUMO, ADRAS ва ANORдир.

Мазкур танловнинг иккинчи босқичи яқинда якунига етди. Унинг натижалари ҳали эълон қилинмади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Уч кун ишламаган UzCard давлатга ва жамиятга қанча зарар етказди?