Шакар стратегик озиқ-овқат ҳисобланиб, унинг хавфсизлигини таъминлашга барча давр ва давлатларда сиёсат даражасида қаралган. Шакар бўйича ўзга бир давлатга тобе бўлмаслик учун имконияти бор ҳар бир давлат ўз заводларига эга бўлишга интилади.
Қудратли давлатлар ушбу стратегик озиқ-овқат бўйича кучсиз давлатларни синдириш устида йиллаб иш олиб бориб, узоқ режалар тузишган. Бизнинг тилда айтганда, «йўл харитаси» тузилиб, босқичма-босқич амалга оширилади. Чунки бошқа ҳеч бир нарса ўрнини боса олмайдиган шакар ортидан кимлардир астрономик даражадаги рақамларда даромад олиши мумкин. Уларни эса бутун бошли бир давлат аҳолисининг тақдири қизиқтирмайди.
Давлатлар ўртасида ушбу озиқ-овқат ҳукмронлиги бўйича кураш азалдан бўлган. Ҳозир ҳам давом этмоқда. Ваҳоланки, тўхтамайди ҳам.
Бу курашда кимлар ғолиб, кимлар мағлуб бўлганини ўша давлатлардаги шакар ишлаб чиқарувчиларнинг аҳволидан билиб олиш мумкин.
Узоққа бормайлик, атрофимиздаги қўшнилардаги аҳволга бир назар солайлик.
Шакар бўйича қайси давлат гегемонлигини юқоридаги жадвалдан билиш қийин эмас.
Ён қўшнимиз Қозоғистондаги мавжуд учта шакар заводи айни вақтда банкротликка учраб, фаолиятини тўхтатган. Тожикистонда шакар қўшниларга нисбатан энг қиммат ҳисобланса, Туркманистонда эса жуда тақчиллиги боис талон билан чекланган миқдорда берилади.
Қирғизистондаги иккита шакар заводи ҳам касодга учраб бўлди. Ҳаттоки, ушбу шакар заводларининг раҳбарлари Ўзбекистондаги ҳамкасбларига иккита заводни 15 миллион АҚШ долларига сотиш таклифи билан чиқишган. Аммо сотиб олишнинг умуман имкони йўқ. Чунки ўзимиздаги мавжуд иккита шакар заводи ҳам банкротлик остонасида турибди.
Санкция туфайли Россиянинг шакар омборлари тўлиб бўлган. Энди эса улар қўшни давлатларнинг шакар бозорларини эгалламоқда. Аниқроғи, Россия Марказий Осиё давлатларидаги шакар ишлаб чиқарувчиларини банкрот қилиш эвазига ўзининг касодга учраган шакар заводларини оёққа турғизиш илинжида ҳаракатни бошлаб юборган. Россиянинг стратегик озиқ-овқатлардан бири бўлган шакар борасидаги асл мақсадини биргина рақам очиқлаб беради.
Яъни, Россиядан тайёр шакар олинса, ҳар бир тоннасига 80 АҚШ доллари миқдорида бож жорий этган. Россия ҳудудидан олиб ўтиладиган шакар хомашёсидан эса бир тонна учун 180 доллар бож ундирилади. Тайёр шакар билан хомашё ўртасидаги 100 долларлик тафовутнинг ўзи Россиянинг шакар бўйича монополистликка уринишини яққол кўрсатиб турибди.
Эътибор қилган бўлсангиз, нархлар жадвалида арзонлиги бўйича Қозоғистон Ўзбекистондан кейинги ўринни эгаллаган. Айни дамда Қозоғистондаги шакар заводлари батамом касодга учраб бўлганлигини англаган Россия Қозоғистон учун шакар экспорти нархини 25 фоизга кўтариб юборди.
Яъни Қозоғистонда шакар бундан буён 275 тенге (6875 сўм) этиб белгиланди. Қозоғистон эътиборсизлик оқибатида шакар заводларини бой берганини англаб етгач, ЕОИИга аъзо бўлишига қарамай Россия шакарларига божларни кўтариш орқали ўзининг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини ҳимоялашга ўтган.
Шакар бўйича озиқ-овқат хавфсизилиги курашида Ўзбекистон қўшнилардан фарқли ўлароқ, анча вақт чидаб келди. Энди эса чидашнинг имкони қолмаяпти. Чунки маҳаллий бозорларимизни Россия шакарлари эгаллаб бўлди.
Жорий йилнинг 3 апрель куни Президентимиз «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларига 2020 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистонга олиб киришда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланган.
Йил охирига қадар Ўзбекистонга ҳеч қандай божхона божисиз ва акциз солиғисиз олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатида тайёр шакар ҳам киритилган.
Энди юртимиздаги мавжуд «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» МЧЖлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар омборларда қолиб кетмоқда. Бу эса корхоналар фаолиятини тўхтатишидан далолат. Ушбу икки корхонада фаолият юритиб келаётган 2000 нафар ходим ишидан айрилиш баробарида бир йилда давлат ғазнасига тушаётган турли кўринишдаги 198 миллиард сўмлик солиқлар ҳам йўқ бўлади.
Хавфли томони, стратегик озиқ-овқат ҳисобланадиган шакар маҳсулоти бўйича озиқ-овқат хавфсизлиги издан чиқиб, ўзга давлатга тобелик юзага келади.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан импорт ўртасидаги катта тафовут ўз вақтида бартараф этилмаса, шакар маҳсулоти бўйича соғлом рақобат бузилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Рақобатдаги мувозанат бузиладиган бўлса, мустақиллик бошларидаги шакар бўйича муаммолар яна қайта бошланмайдими?
Бир замонлар «шакар васвасаси», «шакарга навбатга туриш» деган гаплар халқ орасида бежизга оммалашмаган.
Бугун ташқаридан келадиган тайёр шакарга қарши маҳаллий рақобатчиларимизни сақлаб қола олмасак, ички монополист ўрнини ташқи монополист шафқатсизларча эгалламайдими?
Қиммат машина сотиб олмаслигимиз мумкин, қиммат авиакомпанияда эмас, оддий поездга кўникармиз балки. Аммо ташқи шакар монополиясига чидаш анча қийин бўлади. Яқин ўтмишдаги талонга шакар олишлар яна такрорланишини ҳеч ким хоҳламайди.
Эътибор қилинг, ҳаттоки неча йиллардан буён тинчлик нималигини билмайдиган қўшни Афғонистон ҳам ўзининг шакар заводига эга. Бу эса маҳаллий аҳолини шакар билан беминнат таъминлаш қанчалик муҳимлигига ишора.
Яна қайтариб айтаман, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни назорат қилишимиз ва ундан талаб ҳам қилишимиз мумкиндир, аммо ўзга давлат монополистларидан ҳеч нарсани талаб қилиб бўлмайди.
Эслатма: Муаллиф ўртага ташлаётган айни масала таҳририят нуқтаи назарини англатмайди.
Шерали Отабоев
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди