12:35 / 08.10.2020
3 142

Миллий иқтисодиётимизнинг оғриқли жойи

Миллий иқтисодиётимизнинг оғриқли жойи
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 27 июль куни яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Йиғилишда мамлакатимизда яширин иқтисодиёт даражаси юқори эканлиги айтилиб, кейинги йилларда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт улушини камайтириш чоралари кўрилаётгани такидланди. Бироқ, бу борада амалга оширилаётган ишлар етарли эмаслиги қайд этилиб, галдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Яширин иқтисодиётнинг ўзи нима?
Яширин иқтисодиёт бу жамият томонидан назорат қилиб бўлмайдиган, мамлакат аҳолисининг бир қисмини ташкил қилувчи шахсларнинг катта миқдорда қўшимча даромад олишни кўзлаб, давлат органлари бошқаруви ва назоратидан яширинган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан қонунга зид равишда шуғулланишдир.

Яширин иқтисодиёт соҳасидаги фаолият миқиёси жуда кенгдир. Шу сабабли яширин иқтисодиёт, асосан, икки турга ажратилади: қонун томонидан тақиқланмаган (рўйхатга олинмайдиган товар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва реализацияси билан шуғулланувчи яширин иқтисодий фаолият) ҳамда қонун билан тақиқланган (гиёхванд моддалар, қурол савдоси каби қонун билан тақиқланган фаолият) яширин иқтисодий фаолият.

Яширин иқтисодиётнинг биринчи кўринишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар лицензия, солиқ ва бошқаларга кетадиган ҳаражатлардан қочиш мақсадида атайлаб расмий рўйхатдан ўтишмайди ва бу фаолият тўғрисидаги ҳисобот умуман кўриб чиқилмайди. Иккинчи кўринишида эса, қонун томонидан таъқиқлаб қўйилган товар ва хизматларни ишлаб чиқиш ва сотиш билан боғлиқ ноқонуний иқтисодий фаолиятдир. Бу иқтисодий фаолиятга нормал иқтисодий ҳаётга тўғри келмайдиган, уни бузадиган барча фаолият турлари киради.

Яширин иқтисодиёт нима учун ривожланади?
Яширин иқтисодиётнинг ривожланишига асосий сабаблардан бири давлат томонидан иқтисодиётни тартибга солишда йўл қўйиладиган хатоликлардир. Буларга эркин бозор иқтисодиётига зид равишда қабул қилинган қарорлар, пухта ўйланмай жорий этилган чекловлар ва уларга барча томонидан риоя қилинмаслик, инсофли тадбиркор сифатида фаолият юритиб рақобат майдонида яшаб қолишнинг мушкуллиги ёки имконсизлиги, бошқарувнинг бюрократлаштирилганлиги ҳамда коррупциялашганлиги, солиқ ставкаларининг юқорилиги ва бошқалар сабаб бўлади.

Яширин иқтисодиятнинг ривожланиши оқибатлари қандай бўлади?
Авваламбор шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, яширин иқтисодиётни бутунлай йўқ қилиб ташлашнинг имкони йўқ. Энг яхши иқтисодий бошқарувга эга бўлган давлатларда ҳам яширин иқтисодий фаолият ҳажми камайтирилган, бутунлай йўқ қилишга эришилмаган. Умуман олганда, яширин иқтисодиётнинг умумэътироф қилинган маъёрларига кўра, унинг даражаси 18-22 фоиздан ошмагани маъқул.

Ундан юқори бўлса мамлакат иқтисодиётига зарар кўради, кам бўлса иқтисодиёт тўғри ишлаётган бўлади. Шу билан бирга, айрим ҳолатларда яширин иқтисодиётнинг ижобий томонлари ҳам кузатилган, чунончи, иқтисодий кризислар даврида ишсизлар кўпайган шароитда одамлар норасмий секторларда ишлаб турганлар. Бу эса одамларни ночор аҳволга тушиб қолишларидан сақлаб қолган ягона йўл бўлган.

Аммо, яширин иқтисодиётнинг жамиятга таъсири ижобийдан кўра кўпроқ салбийдир. Бир томондан, жамият даромадларини нисбатан кам сонли имтиёзли гуруҳлар фойдасига ижтимоий адолатга зид равишда қайта тақсимланиши амалга оширилади. Иккинчи томондан, иқтисодиётнинг нормал бошқарув тизими бузилади, одамларда давлат(бошқарув) га нисбатан ишончи йўқолади ва “ҳамма нарса мумкин” шиори остида яшай бошлайдилар. Буларнинг оқибатида жамият тартибсизлик ва беқарорликка юз тутади.

Яширин иқтисодиёт қандай бартараф этилади?
Авваламбор, бу масала мухтарам Президентимиз такидлаганларидек, ривожланган давлатларнинг босиб ўтган йўллари чуқур таҳлил қилиб, халқаро ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, эҳтиёт бўлиб, иқтисодий фаолликка зарар етказиб қўймасдан, давлат органлари, бизнес ва жамоатчилик ҳамжиҳатлигида, босқичма-босқич амалга ошириш лозим.

Яширин иқтисодиётни бартараф этиш ва бизнесни “соя” дан чиқариш учун маъмурий усуллар(тақиқлаш ва жазолаш) дан воз кечиш лозим. Қонуний бизнес юритиш учун барча тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчиларга тенг бўлган шарт-шароитларни ўрнатиш (ресурслар ва хизматлар бозоридаги манополияни йўқ қилиш, ҳеч бир иштирокчига имтиёзлар бермаслик), бизнес ҳаражатларни адолатли миқдорда белгилаш (солиқлар, мажбурий тўловлар, божларни камайтириш), бюрократияни қисқартириш (рўйхатга олиш, рухсат бериш тартиб-қоидаларини соддалаштириш, текширишларни ихчамлаштириш ва такомиллаштириш).

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва иқтисодиётимизга жорий этиш. Ҳаммамизга маълумки, иқтисодиётни рақамлаштирилиши яширин иқтисодиётни сезиларли равишда камайтиради. Чунки рақамлар ҳамма нарсани муҳрлайди, хотирада сақлайди, керак пайтда маълумотларни тез тақдим этади. Бундай шароитда бирон маълумотни яшириш, яширин битимлар тузиш, у ёки бу фаолият ҳақида тўлиқ ахборот бермасликнинг иложи йўқ. Ушбу тизим иқтисодиётга легал маблағлар оқимини оширади. Солиқлар ўз вақтида ва тўғри тўланади, бюрократиянинг олдини олади, инсон аралашуви камайади.

Қонуний бизнес юритиш жозибадорлигини ошириш. Бир ҳақиқатга очиқ кўз билан қарашимиз лозим, қонунга зид равишда “соя” да фаолият юритаётган бизнес вакиллари доимо таҳлика ва хавотир ичида фаолият юритадилар. Улар назорат қилувчи органлар билан турли ноқонуний йўллар билан келишишга мажбур бўладилар, мол-мулкларини қонуний химоя қила олмайдилар, давлатнинг қўллаб-қувватловидан бебаҳра қоладилар(пандемия каби ҳолатларда), шунингдек, уларга бир зумда мол-мулкларидан айрилиш, маъмурий, ҳаттоки, жиноий жавобгарликка тортилиш каби нохуш ҳолатлар хавф солиб туради. Уларнинг бу каби беҳаловатликларга рози бўлишнинг сабаби нотенг шарт-шароитлар, бизнес ҳаражатларининг адолатсизлиги ва бюрократия каби шароитларда рақобат майдонида яшаб қолишдир. Қонуний бизнес юритиш жозибадорлигига юқоридаги иллатларни бартараф этмай эришиб бўлмайди.

Юқоридагилар билан бир қаторда, тадбиркорлик фаолияти билан ноқонуний шуғулланган ва ўз даромадларини яширган барча тадбиркорлик субъектларига амнистия қўллаш, яъни белгиланган амнистия муддати ичида тадбиркорлар ўз даромадларини ҳеч қандай тўсиқларсиз ва ортиқча текширувларсиз қайд этиб, легаллаштиришлари ҳамда фаолиятларини давом эттиришлари учун қонуний имкониятлар яратиш.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 27 июль куни яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилиш ва унда белгилаб олинган устивор вазифалар иқтисодиётимизнинг бугуни ва келажаги учун мухим аҳамиятга эга.

Кўплаб яхши иқтисодий бошқарувга эга бўлган давлатларда яширин иқтисодиётнинг улуши ва таъсирини минимал даражада камайтиришга эришилган. Бу эса оддий аҳоли турмуш даражаси юқори даражада бўлишига замин яратган.

ТДЮУ Ихтисослаштирилган филиали
Давлат-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири
М.С.Болтаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Миллий иқтисодиётимизнинг оғриқли жойи