Бугун, 21 август куни, бутун дунё диққатини тортадиган воқеа юз берди: дунёдаги энг кекса инсон ўзининг 116 ёшини нишонламоқда. Бу ҳақда Гиннеснинг рекордлар китоби ва LongevityQuest ташкилоти расмий равишда тасдиқлади.
Англиянинг Суррай графлигида яшовчи Этель Катерхэм 30 апрелдан буён дунёдаги энг кекса аёл ҳисобланади. Унинг узоқ умри ва фаол ҳаёти кўплаб одамларга илҳом бермоқда.
Катерхэм 1909 йилнинг 21 августида Хэмпшир графлигида туғилган. Саккиз фарзандли оиланинг аъзоси бўлган бу аёл ҳаёти давомида кўп қийинчиликларни кўрган. Унинг опаси Глэдис Бабилас ҳам узоқ умр кўрган ва 2002 йилда 104 ёшида вафот этган.
Этель 1976 йилда турмуш ўртоғидан айрилган, шунингдек, икки фарзанди ҳам узоқ яшамаган. Шу билан бирга, Катерхэм 2020 йилда – 110 ёшида COVID-19 билан касалланган ва пандемиянинг оғир даврларидан соғ-саломат ўтган энг кекса инсонлардан бири ҳисобланади. Бу унинг соғлом ҳаёт тарзи ва руҳий барқарорлигидан далолат беради.
Этель Катерхэм узоқ умр сирини сўралганда шундай жавоб берган:
“Ҳар бир имкониятга “ҳа” девасиз, чунки унинг қаерга олиб боришини ҳеч қачон билмайсиз. Ижобий кайфиятни сақланг ва ҳаётда ҳамма нарсадан меъёрни билинг”.
Мутахассислар фикрича, Катерхэм каби инсонлар соғлом ҳаёт тарзи, муътадил овқатланиш ва руҳий барқарорликнинг ҳақиқий намунасидир. Унинг ҳаёти нафақат узоқлик, балки ижобий кайфият ва ҳар бир кунига шукр қилиш қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!