Буюк Британиядаги Уорик университети олимлари тibbiyot соҳасида инқилобий янгилик яратди. Улар олмос асосидаги портатив ва ихчам сенсор ёрдамида саратон метастазларини аниқлашнинг янги усулини ишлаб чиқди. Бу ҳақдаги тадқиқот “Physical Review Applied” журналида эълон қилинди.
Саратон ҳужайралари фақат асосий ўсмани зарарлаши билан чекланмайди. Улар лимфа тизими орқали бошқа аъзоларга ҳам тарқалиши мумкин. Шу сабабли лимфа тугунларининг ҳолатини аниқлаш муҳим ҳисобланади: бу шифокорларга даволаш стратегиясини тўғри белгилашда катта ёрдам беради. Ҳозирги кунда радиоактив маркерлар ёки махсус кўк бўёқлардан фойдаланилади. Аммо радиофармацевтик моддалар ҳар бир клиникада мавжуд эмас, бўёқ эса баъзи беморларда аллергик реакцияни келтириб чиқариши мумкин.
Уорик университети физикларининг янги қурилмаси эса бутунлай бошқача йўлни таклиф қилади. Сенсор NV-марказлар асосида ишлайди – бу азот атомлари ва кристалл панжарадаги бўшлиқлардан ҳосил бўлган нуқсонлар бўлиб, энг кичик магнит майдон ўзгаришини ҳам сезиши мумкин. Сенсор темир оксиди нанопартикуллари бўлган махсус магнит суюқликка реакция кўрсатади. Ушбу технология орқали ўсма лимфа тугунларига тарқалганини аниқлаш ва жарроҳлик пайтида шу тугунларни маҳкам ва аниқ олиб ташлаш мумкин.
“Биз сенсорга уланган бош қисмини фақат 10 мм гача ихчамлаштирдик – бу эндоскопия ва лапароскопияда қўллаш учун жуда қулай. Бу олмосли қурилманинг биринчи намунаси ҳисобланади,” – дейди тадқиқот муаллифи Алекс Ньюман.
Қурилмада 0,5 мм куб ҳажмдаги микро-олмос ва кичик доимий магнитдан фойдаланилади, шу боис қўшимча катта электроника талаб қилинмайди. Шу сабабли шифокорлар бу янгиликни юқори баҳолашмоқда.
Ковентри ва Уорик шифохонаси жарроҳи Стюарт Робертсон таъкидлаганидек: “Мен кўкрак бези саратон давосида мунтазам равишда магнитли навигациядан фойдаланаман. Бу анъанавий усулларга нисбатан устунлик беради. Шу боис Уорик университети билан ҳамкорлик ва технологияни янада такомиллаштириш жуда муҳим.”
Мутахассислар фикрича, келажакда ушбу сенсор ўпка, жигар, ичак ва қизилўнгачдаги турли ўсмаларни аниқлашда ҳам қўлланилиши мумкин. Бу эса саратон диагностикаси ва даволашда янги даврни бошлашга имкон беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!