Суперлига 20-туридан ўрин олган “Бухоро” – “Қўқон-1912” баҳси ортидан майдон ташқарисида ҳам қизғин фикрлар билдирилди. Меҳмонлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида ўйин ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, жамоаси бу мағлубиятга муносиб эмас эди, аммо омад ва вазиятлардан фойдаланишдаги самарасизлик натижага таъсир кўрсатди.
“Аввало, ‘Бухоро’ни ғалаба билан табриклайман. Лекин биз мағлубиятга ҳақли эмасдик. Режамиз бўйича иккинчи бўлимда рақибга босим ўтказиш лозим эди ва биз буни бажардик. Сафарда ўйнаётганда имкониятлардан унумли фойдаланиш жуда муҳим. Ўйин тенг кечди, кўплаб имкониятлар яратдик. Кам деганда дурангга ҳақли эдик, лекин аламли тарзда мағлубиятга учрадик. Нима дейишни ҳам билмайман,” – деди Ҳайдаров.
Мураббий гол эпизоди ҳақида ҳам тўхталди: “Ҳужумдан ҳимояга қайтишда бир оз сусткашликка йўл қўйдик. Рақиб тезкор ҳужумга ўтди ва биз зарбага йўл бериб қўйдик. Аслида, Шоҳруҳ Гадоев Азиз Амонов ёнида бўлиши, унга зарба бериш имконини бермаслиги керак эди. Рикошетдан кейин эса дарвозабонимиз ишончсиз ҳаракат қилди. Буни олиб чиқиш мумкин эди. Дарвозамиз олдида хавфли вазиятлар кўзга ташланмади, аммо омад рақиб томонида бўлди. Дарвозабонимиз тўп чизиқдан ўтмади деб айтди, лекин бу мутлақо бошқа ҳолат. Биринчи навбатда ҳимояга тезроқ қайтиш лозим эди.”
Ҳайдаров Шоҳруҳ Гадоевнинг алмаштирилиши ҳақида ҳам изоҳ берди. Унинг айтишича, футболчи тўлиқ ўйнашга ҳали тайёр эмас эди. “Гадоев биринчи даврада кам ўйнади, шунинг учун тўлиқ ҳолатга келмаган. Ушбу эпизод билан боғлиқ эмас, балки чарчоқни ҳис қилгани учун алмаштирилди. Футбол жамоавий ўйин, бир футболчи хатога йўл қўйса, бошқалар уни тўғрилаши керак. Биз эпизодларни таҳлил қиламиз ва йигитларга кўрсатамиз, шундай хатолар такрорланмаслиги учун ҳаракат қиламиз,” – деди у.
Журналистлар жамоанинг кам гол ургани ҳақида савол беришди. Ҳайдаров бу борада танқидий фикр билдирди: “Албатта, бу жуда кам. Иккинчи даврада янги ҳужумчиларни олиб, рақобатни кучайтирдик. Биринчи даврада 10та гол ургандик, бу ҳам кам. Бугун иккинчи бўлимнинг ўзида 4та тоза вазият бўлди – Аброр Каримов, Абдуғофур Ҳайдаров ва Жавоҳир Ҳусанов ҳам имкониятга эга бўлишди. Кам деганда ярмини голга айлантириш лозим эди. Гол ура олмасак, бу кейинчалик турнир жадвалида пастлаб қолишимизга олиб келиши мумкин. Бу нарса жамоа кайфиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади.”
У хулоса қилиб, жамоа ўйини кўрсаткичларига қараганда, улар пастки ўринда бўлишига муносиб эмаслигини ва юқорига кўтарилиш учун ҳаракат қилишини таъкидлади.
Манба: championat.asia
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!