18:00 / 31.01.2023
421

Давлат идорасига ҳам «пиар» керак...

Давлат идорасига ҳам «пиар» керак...
AzonTV да эфирга берилган «Фикрат» таҳлилий кўрсатувининг навбатдаги сони “Давлатга “пиар” керакми?” деган мавзуга бағишланди.

Маълумки, давлат ҳам тирик организмга ўхшайди. Ўзига ўхшаган бошқа тузилмалар билан муносабатга киришади, улар олдида обрў қозонишга ҳаракат қилади. Худди шунга ўхшаб, йирик тадбиркорлик субъектлари ва давлат идоралари ҳам мижозлар ёки фойдаланувчиларнинг обрўсини қозониш, ўзининг ижобий имижини сақлаб қолиш мақсадида “пиар”дан фойдаланишга интилади.

Бизнес тизимларнику, тушуниш мумкин. Улар даромадлар оқимини кўпайтириш, мижозлар ҳурматини қозониш, жозибадорлик ҳамда рақобатбардошликни кучайтиришни мақсад қилади. Лекин давлат ташкилотларига “пиар” қанчалик зарур?

Бу саволга кўрсатувга таклиф этилган эксперт, Иқтисодиёт ассамблеяси раиси ўринбосари Бобур Расулев жавоб берди:

- Аввало “пиар” (PR) сўзига тўхталсак, у инглизча Public Relations, яъни халқ билан мулоқот, деган маънони англатади. Яъни, шахс, компания ва давлат идораларининг халқ билан ўзаро мулоқотини англатувчи тушунча. Афсус аксарият аҳоли, айниқса давлат ташкилотларининг қуйи табақасида ишлайдиган ходимлар “пиар”ни яхши англамайди, ҳатто салбий тушунади. Улар “пиар” деганда “қора пиар”ни, ёки ўзини мақташини тушунишади. Бу мутлақо нотўғри.

Чунки тадбиркорлик субъектлари, масалан SAMSUNG каби йирик компаниялар ўз маҳсулот ва хизматларини реклама қилишдан ташқари, ўз фаолияти, ижобий ишлари ҳақида аҳоли орасида ижобий тушунча яратиш мақсадида маълумот бериб боради. Айтайлик, ўз ҳисобидан боғча қуриб беради ёки ногиронлиги бўлган шахслар учун ёрдам дастурларини йўлга қўйишади. Бу албатта ижобий ҳолат.

Бу мисол хусусий секторга тегишли эди. Давлат ташкилотларига келсак, бу борада ҳар хил ташкилотларда ҳар хил ёндошув кузатилади. Масалан, туризм ташкилотларини олсак, бу соҳада “пиар” жудаям муҳим менинг назаримда. Чунки Ўзбекистонга қанча кўп сайёҳ келса, шунча кўп валюта оқими киради. Бундан ташқари, сайёҳларга хизмат кўрсатиш инфраструктураси ривожланиб, қўшимча иш ўринлари яратилади.

Бу Ўзбекистон иқтисодиётига катта фойда келтиради. Фақат бу “пиар” қанчалик тўғри ташкил этилмоқда, қанчалик малакали амалга ошириляпти, деган саволга жавоблар тайёр эмас, деб ўйлайман. “Таргет” деган тушунча бор, биласизлар. Бу - тарғибот йўналтирилса самарали натижа берадиган аҳоли қатламини тушунтирувчи атама.

Масалан, Ўзбекистон аҳолиси учун туристик салоҳиятимизни “пиар” қилиш шарт эмас. Лекин, масалан, Германиядаги кексалар орасида Ўзбекистон туристик салоҳияти “пиар” қилинса, мамлакатимизга сайёҳлар оқими кўпаяди деб ўйлайман. Чунки ёшлар иш билан банд, вақти бўлмайди. Асосан катта ёшли одамлар учун тарғиб этиш фойдали бўлади.

Қолаверса, бу қатлам асосан қайси манбалардан маълумот олишини ҳам билиш керак. Ижтимоий тармоқми, телеканалларми, буни аниқлаб шулар орқали “пиар” қилиш керак, деди Иқтисодиёт ассамблеяси раис ўринбосари Бобур Расулев.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият