
Ўшанда 8 март эди. Совға танлашим керак. Қиз нафақат университетнинг, балки шаҳарнинг энг гўзали. Унга анча аввалдан фикран кўплаб совғалар тақдим этаман. Бироқ кўнглим тўлмайди. Ниҳоят, тушликсиз ўтган ва ўтадиган бир неча куним, ошқозоннинг захми бадалига гул дўконидаги энг чиройли, катта бир гулдастани сотиб олдим. Кунда кўз олдимда гавдаланадиган унинг табассумли ва сирли сумбати, туғма инстинкт — очликдан анча устун эди.
Танланган гул кўрки таровати билан теваракдаги барчани мафтун этаётгандек эди. Ҳамманинг эътибори шу гулдастада эди.
Қош қорайганда уйга келдим, кўздан холи жой деб, гулдастани гаражга беркитиб қўйдим. Уйда онам тез орада меҳмонлар келишини билдириб, қолишимга шунча ундашига қарамай, кетишимни қатъий айтдим. Учрашув вақти яқинлашар, мен жудаям бетоқат эдим. Ўша пайтлар онам чўнтакларимга седана ва қалампирмунчоқдан солиб қўярди. Улар ўзгача ифор таратиб турса-да, шу куни чўнтагимни улардан бўшатдим, ўрнига энг сўнгги урфдаги атирдан сепдим.
Сўнг дунёдаги энг гўзал қизга аталган гулни олиш учун гаражга кирдим. Секин гараж орқали уйдан чиқиб кетаётганимда ортимдан онам чақириб қолди. Қайрилиб қарасам, қўлларида курткамни ушлаб олган. Орзуманд бўлиб, бир нигоҳ ташлаб, «Курткангни кийиб ол, ёмғир ёғяпти», деди. Мени хижолатда қолдирмаслик учунми, атайми ўзини гулдастани кўрмасликка солди. Мен эса курткани киймаслигимни айтиб, шошиб йўлда давом этдим. Онам ортимдан қараб қолаверди. Бу илҳақ нигоҳларни қайрилмасдан ҳам аниқ илғар эдим.
Энтикиб шошардим, гўё борлиқнинг инояти, неча ойлару, бедор кечалар хатлар ёзиб, қалбига зўрға йўл топганим — соҳибжамол мени кутар эди. У шаҳардаги энг бадавлат оила фарзанди, мен эса оддий ўртаҳол оиладан эдим. Бу тафовут ҳозирча «кўзи кўр севги»нинг соясида сезилмас, аммо тез орада унга эришиш учун тўқилган ёлғонлар қалқиб чиқиши тайин эди. Буни ҳозирча билдирмаслик учун ўзимни серҳашам кўрсатар, унга энг муҳташам онларимни ҳадя этардим.
Ниҳоят, учрашув жойидаман. Белгиланган вақт ўтиб боряпти, аммо соҳибжамолдан дарак йўқ. Аксига олиб, телефони ҳам ўчиқ. Ёмғир эса шовуллаб қуярди. Бир соат ўтди, кутяпман. Икки соат. Ярим тунга қадар кутдим. Ниҳоят, умидимни узиб, алам билан гулдастани улоқтирдиму, уйга қайтдим. Уйда онам бедор кутиб ўтирган экан. Ўша кеча ёмғирда ивиб кетиб, шамоллаб, иситмалаб чиқдим. Онам бечора тонгга қадар ухламай қараб чиқди.
Ҳолим жуда хароб эди. Ўша кеча аламзадалик ва нотавонлик, чексиз айбдорлик ҳисси билан ўзимни койиб чиқдим. Ўйлаб кўрсам, бирор марта 8 март байрамида онамга гул бермаган эканман. Онамни меҳрли кўзларига зимдан қараб, келгуси йил байрамда ва ундан кейин ҳам энди, албатта, онажонимга энг чиройли гулдастани ҳадя этаман деб аҳд қилдим.
Вақт ўтмай қолмас экан. Бир зумда яна 8 март ҳам келди. Гул дўкондан энг серҳашам, энг катта ва чиройли гулдастани олдим. Яна ёмғир ёғарди. Ўша онам кийишимни истаган чиройли курткамни кийиб олганман, аммо чўнтаклари бўш, энди қанча истасам ҳам улардан седанаю, қалампирмунчоқнинг ёқимли ифори келмасди.
Йўл-йўлакай кўпчилик ҳавас билан қараган «Онажоним»га ёзуви билан безалган бу гулларни, афсус, онамга тақдим эта олмадим... Уларни минг бир изтироб билан қабри пойига қўйдим...
Қиссадан ҳисса-ки: Ўйламанг, оналар боқий, она абадий. Англамоқ экан лозим ва душвор. Эҳтимол охиргиси, бугунги дийдор.
Шуҳрат Нормуродов
Манба: Xabar.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар