Тинтувда олиб кетилган гумондорнинг буюми судда баҳсларга сабаб бўлди

Санжар Каримовга оид суд жараёнида янги ва диққатга сазовор ҳолатлар очиқланди. Унинг уйида ўтказилган тинтув жараёнида қонунбузилиш аломатлари кузатилгани ҳақида судда кўрсатмалар берилди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар қилди.
Ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари иштирок этган мазкур тинтув давомида, улардан бири гумондорга тегишли, терговга дахлдор бўлмаган шахсий буюмни яширинча олиб чиқиб кетгани маълум бўлди. Бу ҳолат суд мажлисида расман тан олинди.
Маълумотларга кўра, ходим ушбу буюмни ҳеч кимга билдирмасдан ўзи билан олиб кетган. Кейинчалик, Санжар Каримовни наркология бўлимига олиб бориш жараёнида у ўз шахсий буюмини таниб қолган.
Суд жараёнида жиноят қидирув бўлими ходими бу ҳолатни изоҳлаб, буюмни “қўлида ўйнаб турган ҳолда, беихтиёр олиб чиқиб кетгани”ни таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, кейинчалик ушбу буюмни ўзида қолдириш масаласини ҳам Каримов билан келишган ҳолда ҳал қилганини айтди.
“Наркологияга бораётганимизда машинангизда ўзимнинг фирмамга тегишли бўлган брендли нарсани кўриб қолганимга қандай изоҳ берасиз?” – деб сўради Санжар Каримов судда сўроқ қилинган жиноят қидирув бўлими ходимидан.
“Ҳа, эсимдан чиқибди, тўғри. Брелоксимон нарса бор экан. Ҳақиқатан, қўлим билан ўйнаб, олиб чиқиб кетибман. Наркология бўлимига бирга бордим. Агар рози бўлсангиз, менда қолади, десам “мен розиман”, деб айтдилар”, – дея изоҳ берди тезкор ходим.
Бироқ Санжар Каримов бу ҳолатга шубҳа билан қараб, тинтув вақтида уйида қимматбаҳо буюмлар, жумладан соатлар бўлганини ва уларнинг тўлиқ сақланганига ишончи комил эмаслигини билдирди. У судда ходимдан бу борада кафолат сўради.
“Сиз кафолат бера оласизми ҳамма қимматбаҳо нарсалар ўша ерда борлигига, ҳеч ким тегмаганига?” деб сўради у тезкор ходимдан.
ИИБ ходими эса фақат ўзига тегишли ҳолат бўйича жавоб бера олишини, бошқа буюмлар тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига ололмаслигини билдирди.
Қисқача айтганда, мазкур суд жараёни нафақат асосий ишни, балки тинтув жараёнидаги қонунбузилиш эҳтимолларини ҳам очиқ муҳокамага олиб чиқди. Бу эса тергов жараёнларида шаффофлик ва жавобгарлик масалаларини янада долзарб қилиб қўймоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!