"Манчестер Юнайтед" Мейну билан 5 йиллик шартнома имзолайди

"Манчестер Юнайтед"нинг собиқ ярим ҳимоячиси Пол Погба клуб тарбияланувчиси Кобби Мейнунинг келажаги борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 21 ёшли футболчи Майкл Каррик қўл остида асосий таркибга қайтганидан сўнг, клуб у билан ҳафтасига 120-150 минг фунт стерлинг маош кўзда тутилган беш йиллик янги шартнома имзолашга яқин турибди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Мейнунинг жамоадаги ҳолати 2026 йилда кескин ўзгарди. Собиқ мураббий Рубен Аморим даврида у захирада қолиб кетган ва ҳатто ижара асосида кетишни режалаштирган эди. Бироқ Каррикнинг тайинланиши вазиятни ўзгартирди. Ёш ярим ҳимоячи "Челси"га қарши ғалабали ўйинда (1:0) ўзини кўрсатиб, мураббийнинг юқори баҳосига сазовор бўлди.

Погба Рио Фердинанднинг подкастида Мейнунинг иқтидори ҳақида гапириб, унга клубда қолишни маслаҳат берди. Унинг сўзларига кўра, агар мураббий футболчига ишонса ва у ўзини бахтли ҳис қилса, бошқа клублар қизиқишига қарамай, "Олд Траффорд"да қолгани маъқул. Погба Мейну "Манчестер Юнайтед" мухлислари томонидан жуда севилишини ва у ерда афсонавий фаолият қуриш имконияти борлигини таъкидлади.
Клуб раҳбарияти Мейну билан келишувни жорий мавсум якунига қадар расмийлаштиришни мақсад қилган. Бу қадам жамоани ўз тарбияланувчилари атрофида қайта қуриш стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади. Погба ёш юлдузнинг ўйинидан завқланишини ва у қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, унга энг яхши тилакларни тилашини қўшимча қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!