
Ўзбекистон Монополияга қарши кураш қўмитаси RG Brands South масъулияти чекланган жамиятига Southhub компаниясини сотиб олишга рухсат берди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
Таҳлиллар натижасида ушбу битим бозорнинг рақобат муҳитига таъсир кўрсатмаслиги аниқланган. Southhub компанияси 2023 йил сентябр ойида Янгийўл шаҳрида ташкил этилган.
Корхона алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг асосчиси 100 миллиард сўм устав фондига эга бўлган Master Global Плюс компаниясидир.
Southhub лимонад ишлаб чиқарувчи Cool Line ва антисептик маҳсулотлар бренди Carelux'га эгалик қилади. Компания ҳаммуассислари орасида Мақсуд Файзуллаев, Нилуфар Ходжаева, Ҳабибулло Хасанов ва Бобир Каримов бор.
RG Brands South компанияси эса 2021 йилда ташкил этилган бўлиб, у тўлиқ RG Brands холдингига тегишлидир. Компания озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланади ва унинг устав фонди 23,12 миллиард сўмни ташкил этади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.