Бухорода криптоактивлар муомаласини ноқонуний ташкил этган шахс ушланди

Бухорода криптоактивлар муомаласини ноқонуний ташкил этган шахс ушланди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Бухоро вилоятида Андижонда туғилган фуқаро криптоактивлар билан боғлиқ ноқонуний операцияларни жуда катта миқдорда амалга оширгани гумони билан ушланди.
  • У 2025 йил 20 апрелидан 30 сентябригача Binance ва Bitget платформаларида тегишли лицензиясиз 2,4 мингта битим тузиб, 1 373 824 USDT, яни 18 миллиард сўмдан ортиқ маблағни қамраб олган операцияларни амалга оширган.

Бухоро вилоятида ҳуқуқ-тартибот идоралари Андижонда туғилган фуқарони криптоактивлар билан боғлиқ ноқонуний операцияларни жуда катта миқдорда амалга оширганлик гумони билан қўлга олди. У аввал ҳам шунга ўхшаш фаолияти учун жавобгарликка тортилгани айтилмоқда. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, гумонланувчи 2025 йил 20 апрелидан 30 сентябригача Binance ва Bitget криптоплатформаларида тегишли лицензиясиз 2,4 мингта битим тузган. Активларни қабул қилиш, ўтказиш ва айирбошлаш бўйича операциялар ҳажми 1 373 824 USDTни ташкил этиб, бу 18 миллиард сўмдан ошади.

Тергов жараёнида маблағлар ҳаракатининг икки асосий йўналиши аниқланган: транзакцияларни яшириш мақсадида 1 миллиард сўм воситачиларнинг банк карталари орқали ўтказилган, яна 757 миллион сўм эса гумонланувчи назоратидаги ҳисоб-рақамларга келиб тушган. Маблағларнинг якуний манзили хориждаги криптобиржа ҳамёнлари бўлиб, пуллар у ерга рақамли актив кўринишида чиқариб юборилгани қайд этилган.

Тинтув вақтида гумонланувчидан мобил телефон олиб қўйилган, унда қарийб 15 та электрон почта манзили аниқланган. Binance иловасини текшириш натижасида савдо амалиётлари айнан гумонланувчи номига расмийлаштирилган аккаунт орқали амалга оширилгани тасдиқланган.

Қайд этилишича, мазкур фуқаро 2025 йил август ойида криптовалюта бўйича 26 миллиард сўмлик ноқонуний операциялар учун судланган. Ўшанда суд айбига иқрор бўлганини инобатга олиб, унга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган. Тергов версиясига кўра, эркак аввалги суд жараёни давом этаётган пайтда ҳам криптоактивлар билан боғлиқ фаолиятини тўхтатмаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-8-моддаси 3-қисми “а” банди (криптоактивлар муомаласи соҳасидаги қонунчиликни жуда катта миқдорда бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар