date

Аёллар бизнес фаоллиги оилавий мажбуриятлар сабаб 30% камаймоқда

Аёллар бизнес фаоллиги оилавий мажбуриятлар сабаб 30% камаймоқда
Оиладаги тенг тақсимланмаган мажбуриятлар ва ҳаётий воқеалар тадбиркор аёлларнинг бизнес фаоллигини деярли 30 фоизга камайтириши мумкин. Бу ҳақда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкининг (EBRD) кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш ва ривожлантириш бўйича бошқарувчи директори Жужанна Ҳаргитай Unlocking Women’s Potential (Аёллар салоҳиятини очиш) мавзусидаги ялпи сессияда маълум қилди.

Ҳаргитай ҳаётий воқеаларнинг бизнесдаги эркаклар ва аёлларга таъсиридаги жиддий фарқларни таъкидлади. "Гўё ҳаётда фақат аёллар билан 'нимадир' содир бўлаётгандек туюлади", - деди у.

Унинг сўзларига кўра, турмуш қуриш, оналик ва бошқа парвариш билан боғлиқ мажбуриятлар аёллар бошқарувидаги корхоналарга салбий таъсир кўрсатади. Ҳаргитай Марокашда ўтказилган тадқиқотга ишора қилиб, йирик ҳаётий воқеалар аёллар бизнес фаоллигини 27-30 фоизга камайтиришини айтди.

Молиявий воситалар тизимли муаммолар, хусусан, парвариш билан боғлиқ юк асосан аёлларга тушаётгани ҳал этилмагунча етарли бўлмаслигини ҳам қайд этди. Unlocking Women’s Potential: The Strategic Value of Non-Financial Services (Аёллар салоҳиятини очиш: Молиявий бўлмаган хизматларнинг стратегик қиймати) мавзусидаги ялпи сессия бизнесни барқарор ривожлантириш учун зарур бўлган кенг кўламли қўллаб-қувватловга бағишланди.

Сессияда Қозоғистон ва Ўзбекистон вакиллари сифатида KMF Bank, Ҳамкорбанк ва тадбиркор Мария Портнова нутқ сўзлаб, молиявий бўлмаган хизматлар кредитлаш каби муҳимлигини тасдиқлашди. Улар ўқув дастурлари, устозлик, маслаҳат бериш ва янги бозорларни очишга ёрдам каби воситалар аёлларга тартибга солувчи тўсиқларни енгишда ва ўз лойиҳаларини узоқ муддат давомида ривожлантиришда ёрдам беришини таъкидлашди.

Тузилмавий қийинчиликлар сақланиб қолаётганига қарамай, молиявий ташкилотлар айтмоқдалар: аёллар бошқарувидаги кичик ва ўрта корхоналар истиқболли ва тез ривожланаётган соҳа бўлиб қолмоқда. Қирғизистон Инвестициялар ва Кредит Банки (KICB) бош директори Ариф Али EBRD кўмагида банк 2021 йилда аёллар учун мўлжалланган биринчи кредитлаш дастурини ишга туширганини маълум қилди.

Шу вақтдан бери KICB аёлларга 200 миллион доллардан ортиқ миқдорда кредит ажратган бўлиб, бу орқали 600 миллион долларлик кредит ресурслари жалб этилган. Али сўзларига кўра, ҳозирги кунда KICB мижозлари орасида аёлларнинг улуши 44 фоизни ташкил этади ва улар банк даромадларининг 33 фоизини таъминлайди.

"Аёлларга эътибор – бу бизнинг стратегиямизнинг муҳим қисмидир. Бу иккинчи даражали йўналиш эмас", - деди у ва бундай дастурлар маҳаллий иқтисодиёт ва оилавий даромадларнинг барқарорлигини оширишга бевосита таъсир кўрсатишини қўшимча қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Аёллар бизнес фаоллиги оилавий мажбуриятлар сабаб 30% камаймоқда