
Ўзбекистонда Фанлар академияси (ФА) фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги чора-тадбирлар тасдиқланди. Адлия вазирлиги маълумотига кўра, ислоҳотлар илмий тадқиқотлар самарадорлигини кучайтириш ва уларнинг иқтисодиёт учун амалий натижасини оширишга қаратилган. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Ислоҳотларнинг асосий йўналиши — фанни натижадорликка асосланган моделга ўтказиш. Режаларга кўра, янги илмий ишланмалар сони уч баробар кўпайтирилади, уларни тижоратлаштиришдан олинадиган даромадлар ҳажми ҳам сезиларли оширилади.
Кадрлар сиёсатида ҳам янгиланиш кўзда тутилган: ёш олимлар улушини 60% га етказиш, хорижда фаолият юритаётган мутахассисларни эса миллий илмий тизимга жалб этиш режалаштирилган.
Илм-фан ва иқтисодиёт ўртасидаги барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш учун Фан ва саноат интеграцияси кенгаши ташкил этилади. Кенгаш илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш механизмларини ривожлантириш билан шуғулланади.
2026 йилдан давлат дастурлари доирасидаги барча илмий лойиҳалар экспертизасига Фанлар академияси вакиллари илмий-техник кенгашларга ҳамраис сифатида жалб қилинади. Бу тадқиқотларни танлаш ва амалга ошириш сифатини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Келаси йилдан Фанлар академияси фонди ҳам иш бошлайди. Фонд маблағлари илмий изланишларни молиялаштириш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда фундаментал ва амалий фанларнинг устувор йўналишларини ривожлантиришга йўналтирилади.
2026 йил 1 апрелдан илмий муассасалар самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш тизими ва илмий ходимлар учун индивидуал натижадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилади. Баҳолаш жараёнига хорижий экспертлар ҳам жалб қилинади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.